×
New!

Bayan Al Islam Encyclopedia Mobile Application

Get it now!

Энг муҳим мавзулар ҳақида савол-жавоблар (Ўзбек)

Тайёргарлик: Абдураҳмон ибн Носир Ас-Саъдий

Description

Ушбу ихчамгина рисола дин ишлари ва иймон асосларидан билиш ва ўрганиш ғоят зарур бўлган энг муҳим масалаларни ўз ичига олган бўлиб, тушуниш ва англатиш, ўрганиш ва ўргатиш осон ва қулай бўлишини кўзлаб, уларни савол-жавоблар тарзида бердим, дейди муаллиф китоб муқаддимасида.

Download Book

Энг муҳим мавзулар

ҳақида савол-жавоблар

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Шайх Абдурраҳмон ибн Носир

ас-Саъдий

—™

Таржима: Исмоил Муҳаммад Ёқуб

Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший

исмиллаҳир роҳманир роҳийм

Гўзал исмлар ва комил сифатлар эгаси, мўл-кўл неъматлар инъом этувчи Зот бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Дин, дунё ва охират яхшиликларини олиб келган пайғамбаримиз Муҳаммадга саловоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд...

Ушбу ихчамгина рисола дин ишлари ва иймон асосларидан билиш ва ўрганиш ғоят зарур бўлган энг муҳим масалаларни ўз ичига олган бўлиб, тушуниш ва англатиш, ўрганиш ва ўргатиш осон ва қулай бўлишини кўзлаб, уларни савол-жавоблар тарзида бердим.

Биринчи боб:Иймон асосларидан энг муҳим масалалар

1-савол: Тавҳид нима ва у неча қисмдан иборат?

Жавоб: Тавҳид, умуман олганда, банда Аллоҳнинг барча комиллик сифатларига ёлғиз Ўзи эга эканини ва буларнинг барисида У шериксиз-ягона эканини билиши, эътироф этиши, бунга эътиқод қилиши ва иймон келтириши, камолда Унинг шериги ва мисли йўқлигига, Унинг барча халқлари устида улуҳият ва убудият эгаси эканига эътиқод қилиши, сўнг барча ибодатларни фақат Унга қилишидир.

Тавҳид уч қисмдан иборат бўлиб, унинг барча қисмлари мазкур таъриф остига дохилдир.

Биринчиси: Рубубият тавҳиди. У Роб таолонинг яратиш, ризқ бериш, бошқариш ва тарбият қилишда ягона Зот эканини тан олишдир.

Иккинчиси: Исм ва сифатлар тавҳиди. У Аллоҳ таоло Ўзи учун исбот қилган ёки Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У учун исбот қилган барча гўзал исмларни ва улар далолат қилган сифатларни ташбеҳ ва тамсилсиз, таҳриф ва таътилсиз исботлашдир.

Учинчиси: Ибодат тавҳиди. У ибодатнинг барча тур ва навлари билан Аллоҳни ёлғизлаш, барча турдаги ибодатларни фақат Унга холис қилиш ва ибодатнинг бирон турида бошқа бировни Унга шерик қилмасликдир.

Ушбулар тавҳиднинг қисмлари бўлиб, банда то уларнинг барчасини лозим тутмагунича ва уларга тўкис амал қилмагунича муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўла олмайди.

2-савол: Иймон, Ислом ва уларнинг умумий асл-асослари нима?

Жавоб: Иймон — Аллоҳ ва Расули тасдиқлашга буюрган барча нарсаларни қатъий тасдиқлаш (ишониш) бўлиб, амал ҳам унинг зимнидадир. Ва бу айни вақтда ягона Аллоҳнинг Ўзигагина таслим бўлиш ва Унинг тоатига бўйин эгиш маъносини англатувчи Исломдир.

Иймон ва Исломнинг асл-асослари эса қуйидаги ояти каримадан ўрин олган:

{قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنْزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ

وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ} [البقرة:136]

«Эй мўминлар, сизлар ўша яҳудий ва насронийларга айтинглар: «Биз ягона барҳақ маъбуд бўлган Аллоҳга иймон келтирдик, бизга туширилган (Аллоҳ ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилган) Қуръонга, Иброҳимга (туширилган саҳифаларга), Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботга (асбот — Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан бўлган пайғамбарлар) туширилган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган (Таврот ва Инжилга) ҳамда барча пайғамбарларга Роббиларидан ваҳий қилинган нарсаларга иймон келтирдик, биз иймон келтиришда улардан бирортасини ажратмаймиз ва биз Аллоҳга тоат ва ибодат билан бўйсунувчимиз» (Бақара: 136).

Шунингдек, «Жибрийл ҳадиси» деб аталган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шундай тушунтирганлар: «Иймон — Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғинг, Ислом эса «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир», деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва Байтуллоҳни ҳаж қилишингдир» (Бухорий: 1/27, Муслим: 1/36, 1/39).

Демак, иймонни қалбдаги ишонч-эътиқодларга, Исломни эса зоҳирдаги шаръий амалларни адо этишга тафсир қилдилар.

3-савол: Аллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтиришнинг нечта рукни бор?

Жавоб: Учта рукни бор:

1) Гўзал исмларнинг барчасига иймон келтириш;

2) Ўша исмлар далолат қиладиган сифатларга иймон келтириш;

3) Унинг сифатларига доир ҳукмларга ва шунга тааллуқли нарсаларга иймон келтириш.

Масалан, Аллоҳнинг барча нарсани қамраб олувчи комил илм соҳиби бўлган Алийм (Билгувчи зот) эканига, барча ишга қодир, буюк қудрат эгаси бўлган Қодийр (Ўта қудратли зот) эканига, истаган кишисини Ўз раҳматига оладиган бепоён раҳмат соҳиби бўлмиш Раҳийм ва Раҳмон зот эканига иймон келтирамиз. Бундан бошқа гўзал исм ва сифатларга ва уларга тааллуқли нарсаларга ҳам шундоқ иймон келтирамиз.

4-савол: Аллоҳнинг халқларидан олий-юқоридалиги ва Аршига ўрнашгани масаласида нима дейсиз?

Жавоб: Биз Роббимизни барча маъно ва эътибор билан энг олий Зот деб, Унинг зоти олий, қадри ва сифатлари олий, қаҳри олийдир, деб биламиз. У халқларидан ажралган ва Ўз аршига юксалгандир, У Ўзини бизга шундай таништирган.

Истиво (юксалиш, ўрнашиш) маълум, қандайлиги номаълумдир. У Ўзининг арш узра юксалган эканини хабар берган, қандайлиги ҳақида эса хабар бермаган.

Биз яратувчимиз субҳонаҳунинг барча сифатлари ҳақида ҳам шундай — Унинг ўзи бизга шундай хабар берган, қандайлиги ҳақида хабар бермаган, деб айтамиз. Биз У ўзининг китобида ва пайғамбарининг тили воситасида бизга қандай хабар берган бўлса, шундай иймон келтиришимиз ва ундан оширмаслигимиз ҳам, камайтирмаслигимиз ҳам лозим бўлади.

5-савол: Аллоҳнинг раҳмати, дунё осмонига тушиши ва шу каби масалаларга нима дейсиз?

Жавоб: Аллоҳ таоло Ўзини сифатлаган раҳмат, розилик, тушиш, келиш каби барча сифатларга, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уни сифатлаган сифатларга иймон келтирамиз ва иқрор бўламиз, бу сифатларда халқлардан бирор кимса Унга ўхшамайди, деб эътиқод қиламиз. Зеро, Унга ўхшаш бирон нарса йўқдир. Аллоҳ таолонинг зотига бошқа бирон зот ўхшамагани каби, Унинг сифатлари ҳам Унинг ўзига хос бўлиб, бошқаларнинг сифатлари уларга ўхшамайди.

Китоб ва Суннатда ушбу сифатларни исботлаш ва улар билан Аллоҳга ҳамду сано айтиш борасида собит бўлган улкан тафсилотлар ва Уни ўхшаш, тенг, баробар ва шерикдан пок санаш борасида умумий кўринишда келган сўзлар бунга ҳужжатдир.

6-савол: Аллоҳнинг каломи ва Қуръон ҳақида нима дейсиз?

Жавоб: Айтамизки, Қуръон Аллоҳнинг нозил қилинган каломи бўлиб, махлуқ эмас. Ундан бошланган ва Унинг ўзига қайтади. Аллоҳ у билан сўзлаган, унинг лафзи ҳам, маънолари ҳам ҳақ. Аллоҳ Ўзи истаган пайтда, истаган нарсасини сўзловчидир. Унинг каломи битмас ва туганмасдир.

7-савол: Мутлақ иймон нима, у зиёда бўладими ва камаядими?

Жавоб: Иймон — қалбга оид ақида ва амалларни, бадан аъзолари амалларини ва тилдаги сўзларни ўзида мужассам қилган (умумлаштирган) бир исмдир (сўздир). Диннинг барчаси — усуллари (асл-асослари) ҳам, фуруълари (тармоқ ва шохобчалари) ҳам иймон ичига дохилдир.

Бундан келиб чиқадики, у эътиқоднинг кучайиши ва кўпайиши билан, яхши сўз ва амалларнинг кўпайиши билан зиёда бўлади, буларнинг зидди билан камаяди.

8-савол: Миллий (Ислом миллатига мансуб) фосиқнинг ҳукми нима?

Жавоб: Ким мўмин муваҳҳид бўлса ва шу билан бирга маъсиятларга муккасидан кетган бўлса, у ўзида бўлган иймон билан мўмин, иймон вожиботларини тарк қилиши билан фосиқдир.

Иймони ноқис киши иймони туфайли ваъдага, маъсиятлари сабабли эса ваъийдга (таҳдидга) лойиқдир. Шу билан бирга у дўзахда абадий қолмайди.

Мутлақ том (комил) иймон дўзахга тушишдан тўсади. Ноқис иймон эса дўзахда абадий қолишдан тўсади.

9-савол: Мўминларнинг даражалари нечта ва қайсилар?

Жавоб: Мўминлар уч қисмдир:

1) Яхшиликларга ошиқувчилар. Улар фарзу вожибларни, суннату мустаҳабларни адо этувчи, ҳаром ва макруҳлардан тийилувчи кишилардир;

2) Муқтасидлар (ўрта миёналар). Улар фарзу вожибларни адо этиш ва ҳаромлардан сақланиш билан кифояланган кишилардир.

3) Ўзларига зулм қилувчилар. Улар яхши ва ёмон амалларни аралаш қилувчи кишилардир.

10-савол: Бандалар иш-ҳаракатларининг ҳукми нима?

Жавоб: Бандаларнинг тоату маъсиятлардан иборат барча иш-ҳаракатлари Аллоҳнинг яратиши, қазоси ва қадари ичига дохил, бироқ, уларнинг ўзлари бу ишларни амалга оширувчидирлар. Аллоҳ уларни бунга мажбур қилмаган, шу билан бирга бу ишлар уларнинг ўз истак-хоҳишлари ва куч-қудратлари билан содир бўлган, улар ҳақиқатан уларнинг иш-ҳаракатларидир ва улар ўша ишларнинг эгалари саналиб, шу билан савоб ва азобга лойиқ бўладилар.

У иш-феъллар, ҳақиқатан, Аллоҳнинг яратган борлиғидир. Чунки уларнинг (бандаларнинг) ўзларини ҳам, истак-хоҳишларини ҳам, куч-қудратларини ҳам, уларнинг истак-хоҳишлари ва куч-қудратлари билан содир бўладиган барча ишларни ҳам Аллоҳ яратгандир.

Биз Аллоҳнинг халқи (яратиши) ва қудрати барча нарсалар (предметлар), васфлар (белгилар) ва иш-ҳаракатларга шомил (умумий) эканига далил бўлувчи Китобу Суннатнинг барча нассларига (далилларига) иймон келтирамиз.

Шунингдек, биз яхшилик ва ёмонликларни бандалар ҳақиқатан ўзлари қилувчи эканига ва улар ўз иш-ҳаракатлари хусусида ихтиёрли эканига далил бўлувчи Китобу Суннат нассларига ҳам иймон келтирамиз. Зеро, Аллоҳ уларнинг куч-қудратлари ва истак-хоҳишларини яратган ва бу иккиси уларнинг иш-ҳаракатлари ва гап-сўзларининг вужудга келишига сабабдир. Том сабабнинг яратувчиси мусаббабнинг (яъни, сабаб воситасида юзага келган ишнинг) ҳам яратувчисидир. Аллоҳ уларни бу ишларга мажбур қилишдан буюкроқ ва одилроқдир.

11-савол: Ширк нима, у неча қисм?

Жавоб: Ширк икки хилдир.

Биринчиси рубубиятдаги ширк бўлиб, у — банда баъзи махлуқотларни яратишда ё уларни бошқаришда Аллоҳнинг шериги бор, деб эътиқод қилишидир.

Иккинчиси ибодатдаги ширк бўлиб, у икки қисмга — катта ва кичик ширкка бўлинади.

Катта ширк — банда ибодатлардан бирон турини Аллоҳдан бошқага қилишидир, Аллоҳдан бошқага дуо-илтижо қилиши, ундан умидвор бўлиши ё қўрқиши каби. Бундай ширк кишини диндан чиқаради ва уни қилувчиси дўзахда абадий қолади.

Кичик ширк эса, Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш, риё ва шу каби, ибодат даражасига етиб бормаган ва катта ширкка олиб борувчи восита ва йўллардир.

12-савол: Аллоҳга иймон келтиришнинг муфассал кўриниши қандай бўлади?

Жавоб: Биз дилимиз билан эътироф қиламиз ва тилимиз билан иқрор бўламизки:

Албатта, Аллоҳ вожибул вужуд (яъни, йўқдан бор бўлмаган ва ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган, азалий ва абадий мавжуд) Зотдир;

Яккадир, Ягонадир, Ёлғиздир, Беҳожатдир;

Комиллик, улуғлик, буюклик, катталик ва олийлик сифатларининг барчаси ила танҳодир;

Халойиқлар унинг сифатларидан биронтасини ҳам тўла қамраб олишга қодир бўлмайдиган комиллик чўққиси Унингдир;

У Ўзидан илгари ҳеч нарса бўлмаган Аввалдир;

У Ўзидан кейин ҳеч нарса бўлмаган Охирдир;

У Ўзидан юқорида ҳеч нарса бўлмаган Зоҳирдир;

У Ўзидан қуйида ҳеч нарса бўлмаган Ботиндир;

У энг Олий ва Аълодир, зоти олийдир, қадри олийдир, қаҳри олийдир;

У барча нарсани билувчидир;

У ҳамма нарсага қодирдир;

У турли-туман тиллардаги, ҳар хил ҳожат эгаларининг барча овозларини эшитувчидир;

У ҳамма нарсани кўриб турувчидир;

У Ўзининг яратишида ва қонун чиқаришида ҳикмат соҳибидир;

У барча васфлари ва феълларида мақтовлидир;

У улуғлиги ва буюклигида энг юксакдир;

У раҳмати ҳамма нарсани қамраб олган, саховати, яхшилиги ва инъом-эҳсони билан барча мавжудотни ўраб олган Раҳмон ва Раҳиймдир;

У барча мулкларнинг эгаси ва барча мамлакатларнинг ягона подшоҳидир. Унинг бир сифати Моликдир, юқори ва қуйи оламлар барчаси Аллоҳнинг мулклари ва қулларидир. У улар устида мутлақ тасарруф соҳибидир;

У барча зотий сифатларини ўз ичига олган комил ҳаёт эгаси бўлмиш Ҳай (тирик)дир;

У абадий барҳаёт ва ўзгаларга ҳаёт бахш этувчи Қайюмдир;

У иш-ҳаракат бажаришга оид барча сифатлар билан сифатлангандир. У истаган ишини қилувчи Зотдир. У нимани истаса бўлади, нимани истамаса бўлмайди;

Гувоҳлик берамизки, У яратувчи, бор қилгувчи, сурат ато этувчи, коинотларни пайдо қилган, уларни пишиқ-пухта яратган ва низомини гўзал қилган Роббимиздир;

У — Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. Ундан ўзга ҳеч ким ибодатга сазовор бўлмайдиган илоҳ ва маъбуддир;

Биз Қаҳҳор, Азиз ва Ғаффор бўлган ягона Аллоҳгагина бўйин эгамиз, хокисорлик кўрсатамиз ва ибодат билан юзланамиз, Унгагина ибодат қиламиз, Ундангина ёрдам сўраймиз, фақат Ундан умидвор бўламиз ва Ундангина қўрқамиз;

Унинг раҳматидан умидвор бўламиз, адолати ва азобидан қўрқамиз, бизнинг Ундан ўзга Роббимиз йўқ, фақат Унга дуо-илтижо қиламиз, Ундан сўраймиз, бизнинг Ундан ўзга орзу-умидларимизни боғлайдиган илоҳимиз йўқ, У динимиз ва дунёмизни ислоҳ қилишда ёлғиз хожамиздир, У биздан барча ёмонлик ва кўнгилсизликларни даф қилувчи нақадар яхши ёрдамчимиздир!

13-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг муфассал кўриниши қандай бўлади?

Жавоб: Нубувват ва рисолатлари (пайғамбарликлари) собит бўлган жамики пайғамбарларга мужмал ва муфассал суратда иймон келтиришимиз вожибдир. Биз улар ҳақида шундай эътиқод қиламиз:

Аллоҳ таоло уларни Ўз ваҳийси ва рисолатига хослаган;

Уларни Ўз дини ва шариатини етказишда Ўзи билан халқлари орасида воситачи қилган;

Уларни ҳақ-рост пайғамбарликларига ва олиб келган динларининг ҳақлигига далил бўлувчи далил ва ҳужжатлар билан қўллаб-қувватлаган;

Улар илму амал жиҳатидан халқларнинг энг комилидирлар, ахлоқ ва амалларда энг ростгўйи, энг яхшиси, энг комили ва энг тўғрисидирлар;

Аллоҳ таоло уларни ҳеч ким ета олмайдиган фазилатлар билан хослаган ва уларни барча турдаги разил хулқлардан саломат сақлаган;

Улар Аллоҳ томонидан ўзлари етказаётган ҳар бир нарсада маъсум (гуноҳдан пок)дирлар;

Уларнинг хабарларида ва етказишларида фақат ҳақ ва тўғри сўзларгина ўрин олган;

Уларнинг ҳаммаларига ва улар Аллоҳ тарафидан келтирган барча нарсаларга иймон келтириш, уларни севиш, улуғлаш ва эҳтиром қилиш вожибдир;

Эътиқод қиламизки, мазкур ишлар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан бизнинг зиммамизга яна ҳам комил ва яна ҳам юксак даражада вожиб бўлади;

У зотни таниш ва у зот келтирган шариатни имкон қадар умумий ва муфассал тарзда ўрганиш, унга (шариатга) иймон келтириш ва уни лозим тутиш, барча ишларда у зотнинг хабарларини тасдиқлаш, буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш билан итоатларини лозим тутиш вожиб бўлади;

У зот пайғамбарларнинг сўнггисидирлар, у зотдан сўнг бошқа пайғамбар келмайди, у зотнинг шариатлари илгариги барча шариатларни мансух (бекор) қилган ва у то қиёматгача боқийдир;

Банданинг у зотга бўлган иймони то у зот келтирган барча нарсани ҳақ деб билмагунича комил бўлмайди;

У зот келтирган нарсанинг зиддига бирон ақлий ва ҳиссий далил тура олиши амримаҳолдир. Аксинча, соғлом ақл ва юз бериб турган ҳиссий ишлар у зотнинг ҳақ-рост пайғамбар эканларига гувоҳлик беради.

14-савол: Қазо ва қадарга иймон келтиришнинг нечта даражаси бор ва улар қайсилар?

Жавоб: У тўрт даражадан иборат бўлиб, барчасига иймон келтирмагунча қадарга бўлган иймон мукаммал бўлмайди. Улар қуйидагилар:

1) Аллоҳ барча нарсани билувчи эканига, Унинг илми борлиқда юз берадиган катта-ю кичик ҳодисаларнинг ҳаммасини қамраб олган эканига иймон келтириш;

2) У буларнинг барчасини лавҳи маҳфузга битиб қўйган эканига иймон келтириш;

3) Буларнинг бари Унинг истак-хоҳиши ва қудрати билан содир бўлишига, У истаган нарса бўлиб, истамаган нарса бўлмаслигига иймон келтириш;

4) Шу билан бирга У бандаларга ўз ишларини қилишга имконият берган ва улар ишларни ихтиёрий равишда, ўз истаклари ва қудратлари билан қилишларига иймон келтириш.

Аллоҳ таоло айтганидек:

كما قال الله تعالى: {أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا فِي السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ إِنَّ ذَلِكَ فِي كِتَابٍ} [الحج:70]

«(Эй Пайғамбар), сиз Аллоҳ осмон ва Ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир)» (Ҳаж: 70).

وقال: {لِمَنْ شَاءَ مِنْكُمْ أَنْ يَسْتَقِيمَ * وَمَا تَشَاءُونَ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ} [التكوير: 28 - 29].

«(Қуръон) сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 28, 29).

15-савол: Охират кунига бўлган иймоннинг таърифи нима ва унинг ичига нималар дохил бўлади?

Жавоб: Ўлимдан кейин юз берадиган нарсалар хусусида Китоб ва Суннатда келган барча нарсалар охиратга бўлган иймон ичига дохилдир. Чунончи:

– Қабрдаги аҳвол, барзах, ундаги роҳат ва азоб;

– Қиёмат кунидаги ҳолатлар ва унда бўладиган ҳисоб, савоб, азоб, саҳифалар (номаи аъмол), тарози ва шафоат;

– Жаннат ва дўзахдаги ҳолатлар, уларнинг сифатлари, жаннат ва дўзах аҳлининг сифатлари, Аллоҳ таоло ҳар иккисининг аҳли учун ҳозирлаб қўйган нарсаларга ижмолий (умумий) ва тафсилий (муфассал тазда) иймон келтириш — мана шуларнинг ҳаммаси охират кунига бўлган иймон ичига дохилдир.

16-савол: Нифоқ нима, у неча қисм?

Жавоб: Нифоқ — ёмонликни ичга яшириш ва яхшиликни кўрсатиш бўлиб, у икки қисмдир:

1. Эътиқодга тааллуқли катта нифоқ, унинг эгаси дўзахда абадий қолади. Бу эса Аллоҳ таоло қуйидаги оятда мунофиқлар ҳақида хабар бериб айтгани кабидир:

{وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّهِ وَبِالْيَوْمِ الْآخِرِ وَمَا هُمْ بِمُؤْمِنِينَ} [البقرة: 8]

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, тилларида «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар, ваҳоланки улар иймон келтирувчи эмаслар» (Бақара: 8).

Улар дилларида куфрни яширган ва тилларида Исломни изҳор қилган кимсалардир.

2. Амалга тааллуқли кичик нифоқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлари каби: «Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда берса хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади» (Муттафақун алайҳ).

Демак, катта куфр ва нифоқ бўлган ҳолда иймон ҳам, амал ҳам фойда бермайди. Аммо, кичик куфр ва нифоқ иймон билан жамланиши мумкин, бу ҳолда бандада яхшилик билан ёмонлик, савоб сабаблари билан азоб сабаблари мавжуд бўлади.

17-савол: Бидъат нима ва у неча қисм?

Жавоб: Бидъат суннатнинг зиддидир. У икки турлидир:

1) Эътиқодга тааллуқли бидъат, у Аллоҳ ва Расули хабар берган нарсанинг зиддини эътиқод қилишдир. Ушбу бидъат қуйидаги ҳадиси шарифда мазкурдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, барчаси дўзахда, фақат биттаси (жаннатда бўлади)». «Улар ким, ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. «Мен ва асҳобларим бугун юрган йўлда юрган кишилар», деб жавоб бердилар. (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган, саҳиҳ).

Ким мана шу васф устида бўлса, у соф суннат соҳибидир. Ким бошқа фирқалар аҳлидан бўлса, у бидъатчидир ва ҳар бир бидъат залолатдир. Бидъатлар суннатдан узоқлашиш миқдорига қараб тафовутли бўлади.

2) Амалга тааллуқли бидъат, у Аллоҳ ва Расули машруъ (шаръий) қилган нарсадан бошқаси билан ибодат қилиш ёки Аллоҳ ва Расули ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишдир. Ким ношаръий (шаръий бўлмаган) нарса билан ибодат қилса ёки шариат соҳиби ҳаром қилмаган нарсани ҳаром санаса, у бидъатчидир.

18-савол: Зиммангизда мусулмонларнинг қандай ҳақлари бор?

Жавоб: Аллоҳ таоло: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир», дейди (Ҳужурот: 10).

Демак, зиммангиздаги вожиб шуки, уларни оға-ини деб кўриб, ўзингиз учун яхши кўрган нарсани улар учун ҳам яхши кўрасиз, ўзингиз учун ёмон кўрган нарсани улар учун ҳам ёмон кўрасиз, кучингиз етганича уларнинг манфаатини кўзлаб, ўрталарини ислоҳ қилиш, дилларини ошно қилиш ва ҳақ устида бирлашишлари йўлида саъй-ҳаракат қиласиз. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, унга ёлғон гапирмайди, уни таҳқирламайди. Ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, ёр-биродар, ишдаги шерик каби хос ҳаққи бўлган кишиларнинг ҳақларини адо этасиз.

19-савол: Пайғамбаримизнинг саҳобаларига нисбатан зиммамизга нималар вожиб бўлади?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймон ва у зотга бўлган муҳаббат қуйидагилар билан том ва комил бўлади:

– У зотнинг саҳобаларини фазилатлари, у зотга нисбатан тутган ўринлари ва мартабаларига кўра севиш;

– Бутун умматга у билан устун бўлган фазилатларини эътироф қилиш;

– Уларга муҳаббат қўйиш ва фазилатларини ёйишни ўз зиммамиздаги бурчимиз, деб билишимиз;

– Улар ўртасида содир бўлган ихтилофлардан тилни тийиш;

– Уларни умматнинг барча мақтовли хислатларга энг лойиқ кишилари, барча яхшиликларга энг ошиққан ва барча ёмонликлардан энг қаттиқ тийилган кишилари, деб эътиқод қилиш;

– Барчалари ғоят одил ва Аллоҳ розилигига етишган кишилар, деб эътиқод қилиш.

20-савол: Имомат (халифалик) ҳақида нима дейсиз?

Жавоб: Имом (халифа) тиклаш фарзи кифоя деб эътиқод қиламиз.

Зеро, уммат ўзи учун дини ва дунёсини тиклаб берадиган, ундан душманларнинг тажовузларини даф қиладиган ва жиноятчиларга шаръий жазоларни қоим қиладиган имомга доимий муҳтождир. Унинг имомлиги эса гуноҳ бўлмаган, маъруф-яхши ишларда унга итоат қилиш билан комил бўлади.

Жиҳод яхши-ю фожир (имом) билан жорийдир, имомларга яхшиликда ёрдам берилади, ёмонликдан (тийилишга) насиҳат қилинади.

21-савол: Тўғри Йўл (сирот мустақийм) нима ва унинг белгилари қандай?

Жавоб: Тўғри йўл — фойдали илм ва солиҳ амалдир.

Фойдали илм — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Китоб ва Суннатдир.

Солиҳ амал — соғлом эътиқод ҳамда фарзу нафлларни адо этиш ва қайтарилган ишлардан тийилиш билан Аллоҳга қурбат (яқинлик) ҳосил қилишдир.

Бу эса Аллоҳнинг ҳуқуқларини ва бандаларнинг ҳуқуқларини адо этишдир ва бу фақат Аллоҳга тўла ихлосли бўлиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла эргашиш билангина ҳосил бўлади.

Дин ушбу икки асл-асосга марказлашган:

– Кимда ихлос бўлмаса, у ширкка тушиб қолади;

– Кимда (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга) тўла эргашиш бўлмаса, у бидъатларга тушиб қолади.

22-савол: Мўмин кишининг кофир ва динни инкор қилувчи кимсадан ажралиб турадиган асосий белгилари нима?

Жавоб: Бу жуда улкан саволдир.

Мўмин билан бошқалар ўртасидаги фарқ билан ҳақ ботилдан, бахтли инсонлар бахтсиз кимсалардан ажралади.

Билингки, ҳақиқий мўмин Аллоҳга ва Унинг Китоб ва Суннатда келган исм ва сифатларига уларни тўла тушуниш ва эътироф этиш билан ҳамда Уни барча нолойиқ ва номуносиб сифатлардан пок санаш билан иймон келтирган, сўнг қалби иймон, ишонч, хотиржамлик ва Аллоҳга боғланиш билан лиммо-лим тўлган кишидир.

У ягона Аллоҳнинг Ўзига тавба ва инобат қилган, Аллоҳ таолога Унинг Ўзи пайғамбарининг тилида шаръий қилган ибодатлар билан ибодат қилган ва бу ибодатларини Аллоҳга ихлос билан, Унинг савобини умид қилган ва азобидан қўрққан ҳолда қилган кишидир.

У Аллоҳнинг давомли неъматларига ва улкан инъому эҳсонларига дили, тили ва барча аъзолари билан шукр бажо келтирувчи ва ҳамма вақт Унинг зикри билан банд кишидир.

У шу неъматдан улуғроқ неъмат ва бу кароматдан улуғроқ каромат бор деб билмайди.

У Аллоҳга тавба ва инобат қилиш ва ягона Аллоҳгагина иқбол қилиш лаззатига нисбатан бу дунёнинг моддий лаззатларини жуда ҳақир санайди.

Шу билан бирга, у ҳаёт лаззатларидан ҳам тўла-тўкис баҳраманд бўлади, улардан кофирлар ёки ғофиллар ҳузурланганидек эмас, балки Аллоҳнинг ҳақларини ва бандаларнинг ҳақларини адо этишда шу билан ёрдамланиш нуқтаи назаридан фойдаланади.

Бу иши билан савобдан умидвор бўлиши билан унинг лаззатлари комил бўлади, қалби роҳатланади, кўнгли хотиржам бўлади, ишлар агар у истамаган кўриниш олса ҳам хафа бўлмайди. У Аллоҳ таоло унга дунё ва охират саодатини жамлаб қўйган ҳақиқий мўминдир.

Энди, кофир ва ғофил кимса унинг тамомила аксидир.

У борлиги ва комил зот эканига ақлий ва нақлий далил-ҳужжатлар, зарурий ва ҳиссий илмлар далолат қилиб турган улуғ Роббини инкор қилди, буларнинг баридан кўз юмди.

Аллоҳни эътироф этиш ва Унга ибодат қилишдан узилгач, табиатни худо санаб, унга сиғинди, қалби ҳайвонларнинг қалби билан бир хил бўлди.

Унинг моддий ишлар билан ҳузурланишдан бошқа ғами йўқ.

Қалбида хотиржамлик йўқ, суйганларини йўқотишдан қўрқади, бошига кўнгилсизликлар етишидан хавфда юради.

Унинг қийинчиликларини енгиллатадиган, мусибатларига малҳам бўладиган иймони йўқ.

У иймон лаззатидан, Аллоҳ билан яқинлашиш ҳаловатидан, иймоннинг нақд (дунёвий) ва насия (ухровий) самараларидан маҳрум.

Савоб умид қилмайди, азобдан қўрқмайди, бор қўрқув ва умиди арзимас моддий, дунёвий нафс майл-истакларига боғланган.

Мўмин киши ҳаққа ва халққа тавозелидир. Аллоҳнинг турли тоифа ва даражадаги бандаларига тили билан ҳам, дили билан ҳам, амали билан ҳам холис насиҳат қилади.

Кофир эса ҳаққа ва халққа кибрли, ўзига бино қўйган, бировга холис насиҳат деган эътиқодга эга эмас.

Мўминнинг дили алдов, хиёнат, гина-ю кудуратдан саломат. У ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўради, ўзи учун ёмон кўрган нарсани улар учун ҳам ёмон кўради, кучи етганича уларнинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади, халқларнинг озорига сабр қилади, уларга ҳеч бир кўринишда зулм қилмайди.

Кофирнинг қалби ғиллу ғашлик ва ҳиқду адоват билан қайнайди. Модомики, ўзининг бирон дунёвий ғарази бўлмас экан, бировга яхшилик ва манфаат истамайди. Қодир бўлса, ўйлаб ҳам ўтирмасдан халқларга зулм ўтказади. Ўзи эса бировларнинг озорларига сабр қила олмайди.

Мўмин тўғрисўз, гўзал муомала соҳибидир. Ҳалимлик, оғир-босиқлик, сакинат, раҳмдиллик, сабру тоқат, вафо, бағрикенглик, олийжаноблик унинг сифатидир.

Кофирнинг сифати эса енгилтаклик, бераҳмлик, жазавакорлик, ваҳимачилик, ёлғончилик, бевафолик, ахлоқсизликдан иборат.

Мўмин фақат Аллоҳ учун ўзини хору зор тутади, Роббидан ўзгага хорланишдан ўзини ва обрўсини сақлайди.

Иффат, куч-қувват, шижоат, саховат, мурувват унинг сифатидир, у фақат ҳалол-пок нарсани ихтиёр қилади.

Кофир эса бунинг тамомила аксидир. Унинг қалби махлуқларга боғланган, уларнинг зарар етказишидан хавф қилади, улардан фойда умид қилади, керак бўлса уларга тиз чўкади, обрўсини тўкади. Унда на иффат, на қувват, на шижоат бор, бўлса ҳам ўзининг паст-тубан ғаразлари учун ишлатади. У мурувват ва одамгарчиликдан маҳрум, топганини қўйнига уради, покми, нопокми, фарқи йўқ.

Мўмин киши фойдали сабабларни қилишга уриниш билан Аллоҳга таваккул қилиш ва Унга ишониш ҳамда барча ишларида Ундан мадад сўраш ўртасини боғлаган, Аллоҳ унинг мададкоридир.

Кофир эса таваккул деган нарсани билмайди, унинг назари фақат ўз тубан ва заиф нафсигагина чекланган. Дарҳақиқат, Аллоҳ уни ўзи йўл олган томонга йўллаб қўйгандир ва талаб-истакларида Аллоҳ унинг мададкори эмасдир. Агар ўзи истаган ва яхши кўрган нарсалари унга берилган бўлса, бу у учун истидрождир (яъни азоб сари аста-секин етишига йўл қўйиб беришдир).

Мўминга агар неъмат келса, уни шукр билан қабул қилади, уни ўзи учун фойдали ва савобли ўринларга сарфлайди.

Иймонсиз кимса эса неъматни кибр ва туғён билан қабул қилади, неъмат билан машғул бўлиб, уни инъом этувчини танимайди, шукрини адо этмайди, уни тубан мақсад ва ғаразларига сарф қилади. Шундай бўлгани ҳолда, неъматнинг заволи тез, ундан айрилиш фурсати яқиндир.

Мўминга мусибатлар етса, уларни сабру матонат билан кутиб олади, улар ортидан ажру савоблар кутади, уларнинг тезроқ бошидан аришини умид қилади. Натижада, бунинг эвазига қўлга киритган хайру савоблари йўқотган маҳбубидан ё ўзига етган ёмонликдан кўра каттароқ ва яхшироқ бўлади.

Иймонсиз кимса эса мусибатни дод-фарёд ва жазава билан қарши олади, натижада унинг мусибати яна ҳам кучайиб, ташқи алам-аччиққа қалбидаги оғриқ ҳам қўшилади. У сабрдан маҳрумдир, ажру савобдан умидвор ҳам эмасдир. Ҳасрати нақадар чўнг, ғам-алами нақадар азобли унинг!!

Мўмин киши барча пайғамбарларга иймон келтириш, уларни улуғлаш, уларнинг севгисини бошқа жамики халқлар севгисидан устун қўйишни диндан деб билади. Халқларга то қиёматгача етадиган барча яхшилик ва хайротлар уларнинг қўллари билан ва ҳидоятлари сабабли эканини эътироф этади. Халқлар бошига келадиган барча ёмонлик ва зарарлар сабаби пайғамбарларга мухолиф бўлиш, деб ишонади. Улар халқларга яхшиликлари энг кўп сингган зотлардир, хусусан, уларнинг имомлари ва сўнгилари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло бутун оламга раҳмат қилди, бутун борлиқнинг салоҳияти, ислоҳи ва ҳидояти учун юборди, деб эътиқод қилади.

Иймонсиз кимсалар эса, бунинг акси ўлароқ, пайғамбарларнинг душманларини улуғлашади ва уларнинг сўзларини эҳтиром қилишади, ўз аждодларига ўхшаб, пайғамбарлар олиб келган динларни масхара қилишади. Бу эса уларнинг ақллари пастлиги ва ахлоқлари тубандан ҳам тубан эканига далолатдир.

Мўмин киши саҳобаларга, мусулмонларнинг йўлбошчилари ва ҳидоят имомларига муҳаббат қўйишни Аллоҳнинг динидан деб билади.

Динсиз кимса эса бунинг аксидир.

Мўмин киши Аллоҳга ихлоси кучли бўлганидан Аллоҳ учун амал қилади ва Аллоҳнинг бандаларига яхшиликлар қилади.

Иймонсиз кимса эса, бор иш-амалини фақат ўз тубан ғаразларига эришиш учунгина амалга оширади.

Мўмин қалби фойдали илм, саҳиҳ иймон, Аллоҳга иқбол қилиш, Уни зикр қилиш, халқларга яхшиликлар қилиш билан ёришган, юраги тубан ва жирканч сифатлардан саломат кишидир.

Кофир ва диндан ғофил кимса эса, кўнгил ёришиши сабабларидан маҳрум бўлгани боис, бунинг тамомила аксидир.

Иккинчи боб: Иймондан тўсувчи нарсалар

Савол: Агар саҳиҳ-соғлом иймон сиз мухтасар равишда баён қилганингиздек бўлса, нақд (дунёвий) ва насия (охиратдаги) саодат фақат у билан рўёбга чиқса, у зоҳиру ботинга, ақида, ахлоқ ва одоб учун яроқли бўлса, у сиз айтганингиздек, бутун башариятни яхшилик ва тузалиш сари чорласа ва энг тўғри йўлга йўлласа, агар иш шу сиз айтганларингиз каби бўлса, нега у ҳолда жуда кўпчилик инсонлар дин ва иймондан юз ўгиришган, унга душманлик йўлини тутишган ва уни масхара қилишади?! Аксинча бўлиши керак эмасмиди? Одамларнинг солиҳни фосиддан, яхшини ёмондан, фойдалини зарарлидан ажрата биладиган ақллари бор-ку ахир!

Жавоб: Ушбу эътирозни Аллоҳ таоло Ўз Китобида зикр қилган ва унга воқеликдаги иймондан тўсувчи сабаблар ва иймон йўлига ғов бўлувчи тўсиқлардан бир нечтасини келтириш билан жавоб берган. Мазкур эътирознинг жавобларини билгач, киши ўзи гувоҳ бўлаётган, кўпчилик инсонларнинг ундан юз ўгиришларидан ҳайрон бўлмай ва бу нарсани ғаройиб санамай қўяди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло кўпчилик инсонлардан содир бўлаётган Ислом динига иймон келтиришдан тўсадиган бир неча воқеий монеларни зикр қилган:

1) Исломни билмаслик, унинг моҳиятидан бехабарлик, унинг юксак таълимотларидан, олийжаноб мақсад ва кўрсатмаларидан воқиф бўлмаслик.

Фойдали илмларга эга бўлмаслик соғлом ҳақиқатлар ва гўзал ахлоқларга етишдан тўсувчи энг катта тўсиқ ва энг улкан монедир.

Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {بَلْ كَذَّبُوا بِمَا لَمْ يُحِيطُوا بِعِلْمِهِ وَلَمَّا يَأتِهِمْ تَاوِيلُهُ} [يونس:39]

«Йўқ! Улар Қуръон илмини эгалламасдан (яъни Қуръонда зикр қилинган қайта тирилиш, жазо ва мукофот, жаннат ва дўзах каби хабарларнинг ҳақиқатига етиб бормасдан) ва уларга унинг таъвили — моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон», дедилар» (Юнус: 39).

Аллоҳ таоло бизга уларнинг ёлғонга чиқаришлари илмсизликларидан ва Қуръондаги маълумотларни эгалламаганликларидан келиб чиққанини, унинг бандани ҳаққа қайтиш ва уни эътироф этишга ундайдиган таъвили-моҳияти, яъни оқибат азобга дучор бўлиш экани, уларга аён бўлмаганини хабар берди.

Аллоҳ таоло айтади:

ويقولُ تعالى: {وَلَكِنَّ أَكْثَرَهُمْ يَجْهَلُونَ} [الأنعام: 111].

«Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Анъом: 111).

{وَلَكِنَّ أَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ} [الأنعام: 37].

«Лекин уларнинг кўплари (мўъжиза тушганидан кейин ҳам инкор қилсалар, қандай бало келишини) билмайдилар» (Анъом: 37).

{صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لَا يَعْقِلُونَ} [البقرة: 171].

«Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар» (Бақара: 171).

{إِنَّ فِي ذَلِكَ لَأَيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ} [الروم: 24].

«Албатта бунда ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум: 24).

Қуръонда ушбу маънога далолат қилувчи бундан бошқа ҳам оятлар келган.

Жаҳолат — билимсизликнинг оддий ва мураккаб кўриниши мавжуд бўлиб, оддийсига мисол — ўз бошлиқ ва йўлбошчиларига эргашиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини рад қилган содда ва саводсиз кимсаларнинг жаҳолатидир. Улар бошларига азоб келган пайт:

{رَبَّنَآ إِنَّآ أَطَعْنَا سَادَتَنَا وَكُبَرَآءَنَا فَأَضَلُّونَا السَّبِيلَا} [الأحزاب: 67].

«Парвардигоро, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйсундик, бас улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар» (Аҳзоб: 67), деб айтадиган кишилардир.

Жаҳолатнинг мураккаб кўриниши эса икки хил бўлади.

Биринчиси, бир киши ўз қавмининг, ота-бобосининг ва ўзи улар ичида ўсиб-улғайган кишиларнинг динида бўлиб турган ҳолида унга ҳақ етади, бироқ, у ҳаққа боқмайди. Боқса ҳам, ўзи унда улғайган динини яхши кўрганидан ва қавмига таассуб қилганидан, жуда қисқа-қосир назар билан боқади. Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлар ва уларнинг даъватларини рад қилганлар асосан мана шундай кишилардир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:

{وَكَذَلِكَ مَآ أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ فِي قَرْيَةٍ مِّن نَّذِيرٍ إِلَّا قَالَ مُتْرَفُوهَآ إِنَّا وَجَدْنَآ ءَابَآءَنَا عَلَى أُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى ءَاثَارِهِم مُّقْتَدُونَ} [الزخرف: 23].

«(Эй Пайғамбар), шунингдек Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантирувчи — пайғамбар юборган бўлсак, у жойнинг боёнлари: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз», деганлар» (Зухруф: 23).

Бу айни кўр-кўрона тақлиддир. Бу тақлид эгаси ботилда бўла туриб, ўзини ҳақдаман, деб даъво қилади.

Моддиюнчи динсиз (атеист) кишиларнинг аксари шу турдаги жаҳолатга дохилдирлар. Чунки, уларнинг билимлари, текшириб кўрилса, ўз йўлбошчиларига тақлиддан иборат. Доҳийларининг ҳар бир сўзини худди илоҳий ваҳийдек қабул қилишади. Агар ўша етакчилари бир хато назарияни ишлаб чиқишган бўлса-да, улар ўшаларнинг тўғри-ю нотўғри гапларининг ҳаммасига бир хилда эргашишади. Улар ҳар бир онгсиз ва маҳлиё бўлувчи кимсалар учун фитнадир.

Мураккаб жаҳолатнинг иккинчи тури — айни куфр йўлбошчилари ва динсиз раҳбарлар ҳолати бўлиб, улар табиат ва коинот илмларида моҳир бўлдилар, бошқаларни билимсиз санадилар, маълумотларни ўзларининг тор доирага чегараланган заиф билимларига чекладилар, пайғамбарларга ва уларнинг издошларига паст назар билан қарадилар, илмларни инсоний ҳисларга (яъни, кўриш, эшитиш, ушлаб кўриш, тотиб кўриш ва ҳидлаш орқали маълум бўладиган ҳиссий билимларга) ва башарий тажрибалар етиб борган маълумотларга чекладилар ва бундан бошқа ҳар қандай илм ва маълумотни, ҳақ бўлса-да, инкор қилдилар ва ёлғонга чиқардилар. Натижада, Роббул оламийнни инкор қилдилар, Унинг пайғамбарларини ёлғончига чиқардилар, Аллоҳ ва Расули хабар берган барча ғайб ишларига доир маълумотларни ёлғон санадилар. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари остига дохил бўлишга энг ҳақли кимсалар ўшалардир:

{فَلَمَّا جَآءَتْهُمْ رُسُلُهُم بِالْبَيِنَاتِ فَرِحُوا بِمَا عِندَهُم مِّنَ الْعِلْمِ وَحَاقَ بِهِم مَّا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِءُونَ} [غافر: 83].

«Уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш ва У зотга бўйсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Ва уларни ўзлари масхара қилувчи бўлган (азоб) ўраб олди» (Ғофир: 83).

Бинобарин, уларнинг ўз илмлари, дунёвий фанлар бўйича илмлари билан ғурурланишлари ва шу соҳадаги маҳоратлари уларни ўз ботилларини маҳкам ушлаб олишга олиб келган энг катта сабабдир, шу ғурурлари уларни ўша илмларни афзал ва мақтовли санашни ҳамда пайғамбарлар келтирган ҳидоят ва илмдан муқаддам қўйишни тақозо этади. Шу ҳолат ҳам кифоя қилмасдан, балки пайғамбарларнинг илмларини масхара қилиш ва ғайриилмий деб санашга етиб бордилар. Уларни ўзлари масхара қилган азоб ўраб ўлгай, иншооллоҳ.

Соғлом динга боғланмаган ҳолда замонавий илм-фан билан шуғулланувчи жуда кўп кишилар ўша атеистларга алданиб қолдилар. Бундаги асосий жавобгарлик даҳрийликдан ҳимоя қилувчи диний таълимотларга аҳамият қаратмай қўйган мактаб-мадрасалар зиммасига тушади. Чунки, шу мактабларни битириб чиққан ўқувчи етарлича диний илм олмаган ва шаръий ахлоқлар билан хулқланмаган бўлади, ўзини бошқалар билмаган нарсаларни биладиган билағон санайди, шундан сўнг у дин ва диндорларга паст-ҳақир назар билан қарайди ва моддиюнчи даҳрий кимсалар измига тушиши жуда осон кечади. Бу эса Ислом дини танасига урилган энг катта зарбадир.

Шундай экан, мактаб-мадрасалар хусусида мусулмонлар зиммасидаги энг биринчи вазифа — ҳамма нарсадан олдин диний илмлар таълимига аҳамиятни кучайтириш ҳамда (дарсларни ўзлаштиришдаги) муваффақият ва муваффақиятсизликни асосан шу нуқтага боғлаш ва бошқа барча нарсани шунга эргаштириш бўлмоғи лозим. Бу эса мутахассислар, муаллимлар ва соҳа масъуллари зиммасидаги энг зарурий фарзлардан биридир. Чунки, ёш авлод келажаги шунга боғлиқдир. Масъул шахслар, шу соҳада гапи ўтадиган кишилар Аллоҳдан қўрқсинлар, динни мактаблардаги энг асосий илмлардан қилиш билан Аллоҳ ҳузурида улуғ ажру савоб умид қилсинлар! Зеро, бепарволик ёмон оқибатларга олиб келади, диний илмларга аҳамият қаратиш барча яхшилик ва тузалишнинг гаровидир.

2) Ҳасад ва ноинсофлик ҳам дин ва иймондан тўсувчи тўсиқлардандир. Мисол учун, яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларини ҳам, у зот келтирган нарсанинг ҳақлигини ва унинг моҳиятини худди ўз болаларини танигандек танишарди ва билишарди. Кейин улар дунёвий ғаразлари ва паст-тубан истак-хоҳишларини иймондан муқаддам қўйишганидан ўзлари яхши билган ҳақни яширишди. Тарих ва сийратдан маълум бўлганидек, Қурайш зодагонларидан кўпларини ҳам айни шу иллат иймондан тўсган эди.

3) Бу иллат эса кибрдан пайдо бўлади. Кибр ҳаққа эргашишдан тўсувчи энг катта тўсиқлардан биридир. Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {سَأَصْرِفُ عَنْ ءَايَاتِيَ الَّذِينَ يَتَكَبَّرُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ} [الأعراف: 146].

«Энди Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган... кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф: 146).

Ҳақни рад қилиш ва халқни ҳақир-паст санаш маъносидаги такаббурлик жуда кўп халқларни аниқ далил-ҳужжатларни кўргандан кейин ҳам ҳаққа эргашишдан ва унга бўйин эгишдан тўсди.

Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {وَجَحَدُوا بِهَا وَاسْتَيْقَنَتْهَآ أَنُفُسُهُمْ ظُلْمًا وَعُلُوَّا فَانظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُفْسِدِينَ} [النمل: 14].

«Ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (эй Муҳаммад), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг» (Намл: 14).

4) Саҳиҳ самъий (нақлий) ва ақлий далиллардан юз ўгириш ҳам иймондан тўсувчи тўсиқлардандир.

Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {وَمَنْ يَعْشُ عَنْ ذِكْرِ الرَّحْمَنِ نُقَيِّضْ لَهُ شَيْطَانًا فَهُوَ لَهُ قَرِينٌ * وَإِنَّهُمْ لَيَصُدُّونَهُمْ عَنِ السَّبِيلِ وَيَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ مُهْتَدُونَ} [الزخرف: 37-36].

«Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса — юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур. Шак-шубҳасиз (шайтонлар, кофирларни Тўғри) йўлдан тўсурлар, (аммо кофирлар) ўзларини ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар» (Зухруф: 36, 37).

قال تعالى: {وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ} [الملك: 10].

«Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантирувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар» (Мулк: 10).

Ўзларининг ақлсиз ва (ҳақни эшитмайдиган) қулоқсиз эканликларини тан олган бу каби кимсаларда пайғамбарларнинг илмларига ва Аллоҳ томонидан туширилган китобларга рағбат бўлмади, уларда тўғриликка йўлланадиган соғлом ақллар бўлмади. Уларда бор-йўғи ўзлари ақлий деб ўйлаб олган, аслида илмсизлик ва жаҳолат бўлган хато назариялар бўлди, холос. Уларда ўзларини ҳаққа эргашишдан тўсган ва охир-оқибат жаҳаннамга етказган залолат пешволарига эргашиш бўлди, холос. Мутакаббирларнинг борар жойи бўлмиш жаҳаннам нақадар ёмон жой!

5) Ҳақ аниқ-равшан бўлганидан кейин уни рад қилиш ҳам иймондан тўсувчи монелардан биридир. Банда қалбининг ўзгариб қолиши ва чиройлини хунук, хунукни эса чиройли деб кўриши билан ҳам азобга гирифтор бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {فَلَمَّا زَاغُوا أَزَاغَ اللهُ قُلُوبَهُمْ} [الصف: 5].

«Бас, қачонки улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди» (Саф: 5).

Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {وَنُقَلِّبُ أَفْئِدَتَهُمْ وَأَبْصَارَهُمْ كَمَا لَمْ يُؤْمِنُوا بِهِ أَوَّلَ مَرَّةٍ وَنَذَرُهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ} [الأنعام: 110].

«Ва худди аввал-бошда иймон келтирмаганлари каби дил ва кўзларини айлантириб қўюрмиз ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз» (Анъом: 110).

Боиси, жазо айни амалнинг жинсидан (туридан) бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни ўзлари айтган нарсага буриб қўйди.

Аллоҳ таоло айтади:

قال تعالى: {إِنَّهُمُ اتَّخَذُوا الشَّيَاطِينَ أَوْلِيآءَ مِن دُونِ اللِه} [الأعراف:30].

«Улар Аллоҳни қўйиб, шайтонга дўст тутиниб олганлар» (Аъроф: 30).

6) Дабдабали ҳаётга шўнғиш ва ҳузур-ҳаловатга ҳаддан ортиқ берилиш ҳам иймондан тўсувчи монелардан. Чунки, у бандани ўз нафси ҳавосига тобеъ ва зарарли истак-майлларига бўйин эгувчи қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ушбу монени бир неча оятларда зикр қилган.

Аллоҳ таоло айтади:

{بَلْ مَتًّعْنَا هَؤُلَآءِ وَءَابَآءَهُمْ حَتَّى طَالَ عَلَيْهِمُ الْعُمُرُ} [الأنبياء:44].

«Йўқ, Биз уларни (кофирларни) ва ота-боболарини (дунё матоларидан шундай) фойдалантирдикки, ҳатто уларга умр-ҳаёт узун-абадий (кўриниб, бир кун келиб бу ҳаёт тугашига ишонмай қўйдилар ва Аллоҳнинг азобини ҳам инкор қилдилар)» (Анбиё: 44).

Аллоҳ таоло айтади:

{إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُتَرفِينَ} [الواقعة:45].

«Дарвоқеъ улар бундан илгари (яъни ҳаёти дунёда хирсу ҳавасга муккадан кетган) боёнлар эдилар» (Воқеа: 45).

Қачонки, саҳиҳ-ҳақ динлар уларнинг дабдабали ҳаётларини изга солиб қўядиган ва уларни фойдали чегараларда тўхтатадиган ҳамда лаззатларга зарарли даражада шўнғиб кетишдан тўсиб қўядиган тартиб-қоидаларни олиб келгач, буни улар ўз мурод-мақсадларидан тўсадиган нарса деб кўрдилар. Ботил хоҳиш-истаклар соҳиби ўз майл-истакларини ҳар қандай йўл билан бўлса-да қўллаб-қувватлайди. Қачонки, дин Аллоҳга бўлган ибодатни ва неъмат ато этган зотга шукр бажо келтиришни ҳамда шаҳватларга муккасидан кетмасликни вожиб қилгач, улар ортларига ўгирилиб қочиб қолдилар.

7) Ёлғон сановчилар пайғамбарларни ва уларнинг издошларини ҳақир-паст санашлари, уларни ноқис деб билишлари ва масхара қилишлари ҳам иймондан тўсувчи монелардандир.

Аллоҳ таоло Нуҳ пайғамбарнинг қавми ҳақида айтади:

{أَنُؤْمِنُ لَكَ وَاتَّبَعَكَ الْأَرْذَلُونَ} [الشعراء: 111].

«Улар (Нуҳга) дедилар: «Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса, бизлар сенга қандай қилиб иймон келтирамиз?!» (Шуъаро: 111).

{وَمَا نَرَاكَ اتَّبَعَكَ إِلَّا الَّذِينَ هُمْ أَرَاذِلُنَا بَادِيَ الرَّايِ وَمَا نَرَى لَكُمْ عَلَيْنَا مِن فَضْلِ} [هود: 27].

«Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз», дедилар» (Ҳуд: 27).

Бу нарса кибрдан келиб чиқди. Чунки, бир киши кибр қилса, манмансираса ва ўзидан бошқани ҳақир-паст санаса, албатта, у келтирган ҳақни қабул қилишдан жирканади. Фаразан, агар шу ўзи рад қилаётган нарса ўзи улуғлайдиган ва эҳтиром қиладиган киши тарафидан келганда эди, уни ҳеч иккиланмасдан қабул қилган бўлар эди.

8) Аллоҳ таоло деди:

{كَذَلِكَ حَقَّتْ كَلِمَتُ رَبِّكَ عَلَى الَّذِينّ فَسَقُوا أَنَّهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ} [يونس: 33].

«Шундай қилиб, фосиқлик қилган кимсаларга Роббингизнинг сўзи ҳақ бўлди, улар иймон келтирмайдилар» (Юнус: 33).

Фосиқлик банданинг Аллоҳнинг тоатидан шайтоннинг итоатига чиқишидир. Қалбнинг мана шундай нопок ҳолатда бўлиши илм жиҳатидан ҳам, амал жиҳатидан ҳам ҳақни қабул қилишдан энг катта монедир. Аллоҳ таоло бундай аҳволдаги кимсани покламайди, балки уни ўз золим нафсига топшириб қўяди. Натижада, у қайсарлик ва гумроҳлик билан ботилда юраверади ва барча ҳаракатлари ёмонлик ва фасод бўлаверади. Ботил фосиқликнинг йўлдошидир, у доим ҳақдан тўсади. Зеро, қалб қачонки Аллоҳга бўйсуниш ва эгилишдан чиқар экан, албатта шайтоннинг йўлига эргашиб кетади:

{كُتِبَ عَلَيْهِ أَنَّهُ مَن تَوَلَّاهُ فَأَنَّهُ يُضِلُّهُ وَيَهْدِيهِ إِلَى عَذَابِ السَّعِيرِ} [الحج:4].

«У (шайтонга эса) ўзини дўст тутган кимсани албатта йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш ёзиб қўйилгандир — ҳукм қилингандир» (Ҳаж: 4).

9) Илмлар ва ҳақиқатларни тор доирага чеклаб қўйиш ҳам ҳаққа ва иймонга монелик қилувчи энг катта тўсиқлардандир. Мисол учун, моддиюнчи атеистлар илмларни ҳис билан идрок қилинган нарсаларгагина чеклаб қўйишган. Улар нима нарсани ҳислари билан идрок қилишса, уни бор деб билишади, нима нарсани идрок қилиша олмаса, гарчи у ҳислар билан идрок қилишдан кўра ҳам каттароқ, аниқроқ ва равшанроқ далил ва ҳужжатлар билан исбот қилинса ҳам, барибир унинг мавжудлигини рад қилишади. Айни шу фитна ва шубҳа ортидан жуда кўп халқлар адашиб кетди. Мана шундай разил йўл билан улар Аллоҳнинг мавжудлигини рад қилишди, пайғамбарларни ва улар хабар берган ғайбга тааллуқли ишларни, ҳаққу ростлигига кўплаб далилу ҳужжатлар бор эканига, ҳатто тўғрилигига шоҳид бўлинган далиллар бор эканига қарамай, барини инкор қилишди. Бирламчи ҳақиқат ва аниқ маълум бўлган ишки, яратувчининг борлиги ва бирлигига ҳамда яратиш ва бошқаришда ягоналигига бўлган далилу ҳужжатларга қайсидир ҳақиқатларни исбот қилувчи йўллардан бирортаси тенг келиши ёки яқинлашиши мумкин эмас. Бунга эса самъий (эшитилган), аёний (кўрилган), ақлий ва фитрий (инсон табиатига ўрнатилган) далиллар бордир. У Ўзининг чор атрофда ҳамда одамларнинг ўз вужудларида бор бўлган, шу билан ҳақ аниқ маълум бўлган оят-аломатларини кўрсатиб қўйди. У ҳақдир, Унинг пайғамбарлари ҳақдир, Унинг жазоси ҳақдир, Унинг барча хабарлари ҳақдир, Унинг дини ҳақдир. Ҳақ ортида эса, залолатдан бошқа ҳеч нарса йўқдир. Лекин, моддиюнчиларнинг ўринсиз қайсарликлари ва бемаъни кибрлари уларни ўзлари учун ғоят манфаатли бўлган ҳақдан тўсиб қўйди. Онгли мўмин инсон ўз ақл кўзи билан уларнинг очиқ гумроҳликда ва залолат уюмлари ичида ўралашиб юришганини идрок қила олади. Ҳидоят неъматини ато этиб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

10) Моддиюнчиларнинг ва уларга алданиб, ортларидан эргашиб юрган кишиларнинг сафсаталари ва уларнинг, башарият ўзининг рушди-тўғрилигига ва ақли тўлишишига мана энди, моддийлик ва табиат илмлари кучли ривожланган шу замонга келибгина эришди, бундан илгари ҳали йўлини топиб олмаган ғўрлик ҳолатида эди, деган даъволари ҳам иймондан тўсувчи монелардан биридир. Бу гапда эса ақлу онгини бундай исқирт фикрлар булғаб қўймаган озгина ақли бор ҳар қандай кишига маълум бўлганидек, сурбетлик, андишасизлик, сафсатабозлик ва ҳақиқатларни назар-писанд қилмаслик борлиги кўриниб турибди. Агар улар, моддий тараққиёт, саноат ривожи, замонавий ихтиролар, табиатга доир ишларнинг ривожланиши шу охирги даврларга келибгина тезлашиб кетди ва юқори чўққисига чиқди, деб айтишганда эди, бу гапни ҳамма тасдиқлаган бўлиши мумкин эди. Аммо, мана бундай нохолис таърифлари, ҳаққа қарши журъат қилишлари ва ҳақиқатнинг юзига оёқ қўйиб, саҳиҳ илмларга, собит ҳақиқатларга ва гўзал ахлоқларга бундай сурбетларча ёндошувлари энг катта ёлғонлардан биридир. Зотан, соғлом ақллар ва саҳиҳ илмларни уларнинг асарларидан, далилларидан ва ғояларидан танилади ва шу билан уларнинг комил ёки ноқис эканига далил олинади.

Мана, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ва мусулмонлар у зотдан қабул қилиб олишган ақида, ахлоқ, дин, дунё, раҳмат ва ҳикматдаги олийлик ва комилликни кўринг, ўшанга амал қилган даврларида уларни барча диний ва дунёвий яхшиликларга ва барча соҳаларда тузалишларга етказди ва уларга жамики халқларни бўйсундириб берди, ўша даврда мусулмонлар биров уларга етиб олиши умуман мумкин бўлмаган юксак камолот даражаларига эришдилар.

Энди ўз нафс шаҳватларининг жиловини бутунлай бўшатиб юборган ва бунда ҳеч қандай чек-чегара ўрнатмаган моддиюнчи атеистлар етиб келган аҳволни кўринг, ахлоқсизликнинг нақадар паст-тубан жарликларига қулаб кетишди. Агар уларни бу ҳаётда тутиб турган моддий куч-қудратлари бўлмаганда эди, ахлоқсизликлари уларни аллақачон ҳалок қилган бўлар эди. «(Эй Пайғамбар), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос» (Иброҳим: 42).

Қолаверса, ўша тараққий этган халқларда агар динларнинг қолдирган таъсири ва диний одоб-ахлоқларнинг қолдиқлари бирмунча сақланиб қолган бўлмаганда, уларнинг моддий тараққиётларининг ҳеч қандай қиймати бўлмас эди. Зеро, динни ўз ҳаётларидан бутунлай суриб чиқарган халқлар покиза ҳаётдан, ҳузурбахш роҳат ва нақд саодатдан бутунлай маҳрум бўлиб қолдилар. Ҳаётнинг ўзи бунга катта гувоҳдир.

Араб мушриклари, шунингдек, рубубият тавҳиди ва жазони эътироф қилиш каби иймоний асл-асосларга бир оз иймон ва бир қадар эътирофлари бўлган халқлар ҳеч шак-шубҳасиз, ўша моддиюнчи халқларга нисбатан тузукроқ ва яхшироқ аҳволдадирлар.

Кейин, аниқ маълум бўлган (исбот талаб қилмайдиган) ҳақиқатки, пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин) ваҳий ва ҳидоятни мужмалу муфассал ҳолда келтирганлар, ҳамма соҳада зиё, саҳиҳ илм ва мутлақ салоҳни олиб келганлар. Соғлом ақллар буни эътироф қилди, ўзларининг унга ўта муҳтож эканларини билди ва пайғамбарлар келтирган нарсаларга бўйсунди. Соғлом ақллар шуни ҳам билдики, агар (бутун дунё аҳлининг ақли) аввалидан охиригача йиғилиб келса ҳам, пайғамбарлар келтирган китоблар ва уларда келган фойдали ҳақиқатлар даражасига ета олмайди ва улар бўлмаганда эди, очиқ залолат, улкан бахтсизлик ва давомий ҳалокатда бўлар эди. Аллоҳ таоло айтади:

{لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ} [آل عمران:164].

«Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).

Аслида, ақллар пайғамбарлар келтирган нарсалар билангина тўлишди, рушду камолотига етди ва тўғриликка эришди.

Жуда кўп одамларнинг соғлом онг ва саҳиҳ илмсиз равишда у билан ботилни зийнатлаб қўйилган ва ҳаққа раддия берилган ялтироқ сўзлар билан алданиб қолишлари шундан бўлди. Бу эса дин илмларини ва унинг олий ахлоқ намуналарини қолоқлик деб, унга қарама-қарши бўлган бошқа илм ва ахлоқларни эса маърифат ва илғорлик деб аталганидан бўлди.

Ҳар бир соғлом ақл соҳибига маълумки, ўз асоси-пойдеворида диннинг ҳидоятига ва диний кўрсатмаларга суянмаган ҳар қандай илму маърифат ҳозирда ҳам, келажак учун ҳам ёмонлик ва зарардан бошқа нарса эмасдир. «Моддиюнчи зиёлилар» деб аталган тоифа аҳлининг ахлоқсизликда нақадар тубан даражага етганини, ҳар қандай зарарли нарсага муккасидан кетиб, ҳар қандай фойдали нарсалардан юз ўгиришларини кўрган киши энг тўғри маърифат ва энг соғлом маданият ақлларни пайғамбарларнинг ҳидояти ва саҳиҳ илмлари билан, ахлоқларни эса гўзал ва мақтовли хулқлар ҳамда мутлақ салоҳ (тузалиш)ни ўз ичига олган манфаатли йўл-йўриқлар билан, шунингдек саҳиҳ моддий илмлардан фақат яхшилик, салоҳ ва нажоҳ йўлида фойдаланиш билан маърифатли ва маданиятли қилиш эканини англаб етади.

Хулоса шуки, Ислом ҳар икки саодатга эришишга ва ҳар икки фазилатни комил қилишга буюради ва ундайди. Ислом дини келтирган Китоб ва Суннатни умумий ва муфассал шаклда англаб, яхшилаб уққан киши башарият учун салоҳ-тузалиш фақат Ислом ҳидояти ва кўрсатмаларига қайтиш билангина ҳосил бўлишини, Ислом эътиқод, ахлоқ ва амалларни қандай ислоҳ қилган бўлса, дунё ишларини ҳам шундай ислоҳ қилган эканини, барчага бирдек манфаат ва яхшилик келтирадиган ишларга йўллаган эканини тушуниб етади.

Аллоҳ Ўзи тўғри йўлга ҳидоят қилсин. Пайғамбаримизга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.

معلومات المادة باللغة العربية