Description
Жума ибадат куни : Ҳар бир миллат ўз байрамларини тантанали кутиб олади, унинг такрорланиб келиши ҳаттоки унинг номи эсга олиниши билан хурсанд бўлади. Ислом аҳли учун ҳар ҳафта байрам қилинадиган кун - бу жумъа кунидир
Бошқа таржималар 1
Жума ибадат куни
] Ўзбекча [
الجمعة يوم عبادة
[باللغة الأوزبكية ]
Абдулмалик Ал-Қосим
عبد الملك القاسم
Таржимон : Абу Абдулбосит
ترجمة: أبو عبد الباسط
Таҳрир: Шамсуддин Дарғомий
مراجعة: شمس الدين درغامي
Риёз шаҳри Рабва диний тарғибот идораси
المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض
1428 – 2007
Жумъа кунининг фазилатлари
Ақл эгаларига ибрат бўлсин деб кеча-ю кундузни алмашиб турадиган қилиб яратган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Аллоҳнинг беҳисоб неъматларига шукр айтамиз. Набийлар ва росулларнинг энг ҳурматлиси бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг оилаларига ва асҳобларининг барчасига Аллоҳнинг саломи, саловати ва мағфирати бўлсин.
Ҳар бир миллат ўз байрамларини тантанали кутиб олади, унинг такрорланиб келиши ҳаттоки унинг номи эсга олиниши билан хурсанд бўлади. Агар байрам ислом уммати учун, Аллоҳга ибодат қилиш учун бўлса-чи???
Ислом аҳли учун ҳар ҳафта байрам қилинадиган кун - бу жумъа кунидир. Аллоҳ яҳуду-насороларни бу кундан маҳрум қилгандан кейин бу умматни мана шу кун билан эъзозлади. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:“Аллоҳ биздан олдинги қовмларни жумъа кунидан бенасиб қилди .Яҳудийлар учун шанба, насоролар учун якшанба куни–ийд куни бўлди. Аллоҳ бизга бу кунни ҳадя қилди. Демак жумъа, шанба ва якшанба–ийд кунларидир. Улар бизга қиёмат кунида ҳам эргашадилар. Биз дунё аҳлининг охиргиларимиз. Қиёмат кунида эса халқларнинг аввалгисимиз”. (Муслим ривояти)
Жумъа куни тўғрисида росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам:“Қуёш нур таратган кунларнинг энг яхшиси – жумъа кунидир”- деганлар. (Муслим ривояти).
Афсуслар бўлсинки баъзи мусулмонлар бу кунни уйқу, баъзилари эса саёҳат-у сафарлар билан ўтказишади. Айрим аёллар бу кунни бозорлар, айримлари эса уй ишларига хослаб олишган. Натижада улар бу куннинг насибасидан ғафлатда қолишади. Бизга бу куннинг қадр-қийматини, ўзига хос фазилатларини билишлигимиз лозимдир. Тоинки биз бу кунда тоат-ибодат, дуо ва росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш билан машғул бўлайлик.
Ибн Ал-Қоййим ўзларининг (Задул маод) китобларида келтирадики: “Жумъа кунини улуғлаш, уни шарафлаш ва бошқа кунлардан ажралиб турадиган ибодатлар билан уни хослашлик–набий алайҳиссаломнинг одатларидандир. Уламолар жумъа куни ва арафа кунининг бир-биридан афзаллигида ихтилофлашишган”. Кейин у киши бу куннинг 30 дан ортиқ хусусият ва фазилатларини санаб ўтганлар. Биз улардан баъзиларини келтирамиз:
1. Албатта у ҳар ҳафта такрорланиб келадиган байрамдир. Яҳуду-насароларга хилофан бу кунда рўза тутиш ман қилинган. Натижада банда намоз, дуо ва шунга ўхшаш ибодатларга қодир бўлади.
2. У шундай фазилатли кунки – унда Аллоҳ жаннатда мўминларга намоён бўлади. Аллоҳнинг: “Бизнинг олдимизда улар учун зиёда нарсалар бор”.(Қоф:35)-деган сўзининг тафсирида Анас розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ жаннатда ҳар жумъа куни мўминларга кўринади”-деганлар.
3. Бу кун кунларнинг энг яхшисидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш нур таратган кунларнинг энг яхшиси – жумъа кунидир”- деганлар.(Муслим ривояти).
4. Унда дуолар ижобат бўладиган бир вақт бор. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У кунда бир вақт борки, агар мўмин киши намозда Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда ўша вақтга тўғри келиб қолса Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”- дедилар ва қўли билан бу вақтнинг миқдорини озлигини кўрсатдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
5. У кундаги солиҳ амалларнинг фазилати тўғрисида Набий алайҳиссалом: “Кимки бу кунда 5 та амални қилса Аллоҳ уни жаннат аҳлидан деб ёзиб қўяди: Кимки бирор касални кўрса, бирорта жанозага қатнашса, шу куни рўза тутса, жумъа намозига борса ва бир қулни озод қилса“-деб марҳамат қилганлар. Албоний бу ҳадисни саҳеҳлар тўпламида 1033 рақам билан келтирган. Рўзадан мақсад бу кишининг рўзаси ҳеч бир қасдсиз жумъа кунига тўғри килишлиги.
6. Бу кунда қиёмат қоим бўлади. Набий алайҳиссалом:“Қиёмат жумъа куни қоим бўлади”- деганлар.(Муслим ривояти).
7. Бу кун гуноҳларга каффорат бўладиган кундир. Салмон розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Агар бир киши жумъа куни ғусл қилиб имкон қадар покланса, хушбўй ёғ ёки атир билан хушбўйланса сўнгра уйидан чиқиб икки кишининг орасига нифоқ солмасдан масжидга борса, қодир бўлганча намоз ўқиса, сўнгра имом хутба ўқиган пайтда жим ўтириб қулоқ солса Аллоҳ шу жумъадан кейинги жумъагача у кишининг гуноҳларини кечиради“.(Бухорий ривоят қилган).
8. Жумъа намозига пиёда борган киши учун улуғ ажр бордир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки кийимларини ювиб, ғусл қилиб, эрталаб масжидга уловга минмасдан пиёда борса ва имомга яқин ўтириб гапирмасдан қулоқ солса унинг ҳар бир қадамига кундузги рўзаси, кечаси қиёми бўлган бир йиллик ажр ёзилади”-деганлар.(Абу Довуд ривояи).
9. Жумъа кейинги жумъагача ва ундан кейинги уч кунлик гуноҳларга каффоратдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки жумъага ғусл қилиб келса, қодир бўлганча намоз ўқиса ва имом хутбадан бўшагунгача жим ўтирса сўнгра жумъа намозини ўқиса бу кишининг шу жумъадан кейинги жумъагача ва ундан кейинги уч кунлик гуноҳлари кечирилади”-деганлар.(Муслим ривояти).
10. Жумъа куни кундузи ёки кечаси вафот этган кишининг хотимаси яхши хотимадир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Жумъа куни кундузи ёки кечаси вафот этган киши қабр азобидан саломат қолибди”- деганлар.(Аҳмад ривояти).
11. У кунда садақа қилиш бошқа кунларда садақа қилишдан яхшироқдир. Ибнул Қоййим: “Ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан жумъа куни садақа қилиш, бошқа ойларга нисбатан рамазон ойида садақа қилиш кабидир. Шайхул ислом Ибн Таймия ҳазратларини агар у киши жумъага чиқсалар нон ёки шунга ўхшаган нарсаларни олганлигини ва уни йўлда махфий ҳолда садақа қилганликларини кўрганман”-деганлар.
Бу улуғ кунда яна бошқа фазилатлар кўп. Агар бирор кишида биз юқорида келтирган сифатлардан бирортаси бўлса-ю унга амал қилиб, унга ҳарис бўлса мана шу сифат у кишига кифоя қилади. Агар у кишида бундан бошқа фазилатлар жамланса қандай яхши-я!!!
Мусулмон биродарим! Бу кунда қилинадиган одоблар ва суннатлар бор:
Улардан:
1. Имом жумъа куни бомдод намозида сажда ва инсон сураларини ўқишлиги мустаҳабдир.Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида мана шу икки сурани ўқиганлар. Баъзи кишилар ўйлаганидек бу сураларни ўқишлик сажда қилишлик учун эмас, балки бу икки сура дунё ва охиратни, инсонларнинг қабрдан қайта тирилишлиги-ю қиёмат куни жам қилинишликни ўз ичига олгани учундир.
2. Намозга вақтли келишлик. Кўп кишилар бунга бепарводир. Ҳатто баъзилари уйқудан турмайди, баъзилари имомдан бир неча дақиқа олдин, баъзилари эса имом киргандан кейингина масжидга киришади. Ваҳоланки намозга вақтли келиш, унга қаттиқ аҳамият бериш тўғрисида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Улардан:
· Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жумъа куни масжид эшикларининг ҳар бирида энг олдин келадиган кишиларни ёзадиган фаришталар бўлади. Агар имом хутбани бошласа саҳифаларни ёпишади ва зикрга қулоқ тутишади. Энг аввал келган кишининг мисли туя қурбонлик қилган кишидек, кейингиси сигир, ундан кейингиси қўчқор, ундан кейингиси товуқ ва охиргиси тухум ҳадя қилган кишидек”- дедилар. (Муслим ривоят қилган). Намозга вақтли келишлик- гўё Аллоҳга молий ибодат қилишдек бўлди. Демак намозга вақтли келган киши қурбонлик кунидагидек икки ибодатни, яъни ҳам баданий ҳам молий ибодатни жамлаган бўлади.
· Намозга вақтли келиш салафлар(Аллоҳ улардан рози бўлсин) одатидан эди. Уламоларнинг баъзилари айтишадики: “жумъа намозига бомдоддан кейин қуёш чиқишидан олдин келишлик мақсадга мувофиқдир. Аввалги асрларда бомдоддан кейин саҳар пайтида йўллар чироқ кўтарган одамлар билан тўлиб кетарди. Масжидларда ийд кунидек тиқилинч бўларди. Кейинчалик бу одат йўқ бўлиб кетди”. Ўша вақтларда масжидлар тоат-ибодат, тиловати қуръон, Аллоҳниинг зикри ва нафл намозлари билан гуллаб яшнаган.
· Ибну Умар жумъадан олдин 12 ракаат, Ибну Аббос 8 ракаат намоз ўқиганлиги ривоят қилинади. Муаллиф яқин ўтмишда тақвадор кишилардан бирини(Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) Риёздаги жомеъ масжидга ҳар жумъада бомдод намозини ўқиш учун кириб, жумъадан кейин чиққанлигини кўрганини айтади.
· Намозга вақтли бориш учун қуйдаги нарсаларга аҳамият бериш лозим: Жумъа кечасида ухлашлик, дунёвий ишлар билан машғул бўлмасдан эрта тонгдан жумъага тайёрланиш, Аллоҳ тарафидан бўладиган кўплаб фазилат ва эҳсонларга ҳарис бўлиб буюк ажр ва савобларни умид қилишлик керак.
3. Набий алайҳиссаломга жуда кўп саловат айтиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“ Кунларингизнинг энг афзали жумъа кунидир. У кунда Одам алайҳиссалом яратилди ва ўша кунда вафот этди. Бу кунда сурга нафха урилади ва одамлар ҳушидан кетади. Жумъа кунида менга кўп саловат айтинглар. Албатта саловатларинг менга рўпара қилинади. Чунки Аллоҳ таоло ерга пайғамбарларнинг жасадини ейишликни ҳаром қилган”-деганлар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).
4. Жумъа куни ғусл қилиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадики:“Бирортангиз жумъага бормоқчи бўлса ғусл қилиб олсин”. (Муттафақун алайҳ). Уламолар ғуслнинг вожиб ёки мустаҳаблигида ихтилоф қилишган. Жумҳур уламоларнинг наздида ғусл қилиш мустаҳабдир. Чунки ғусл қилиш фазилатга эришиш учундир.
5. Хушбўйланиш, мисвок тутиш ва чиройли кийимларни кийиш. Баъзилар бунга бепарво бўлишади. Аксинча улар агар бирор йиғилиш ёки тадбирга боришса, уларни хушбўйланган ва чиройли кийимларни кийиб олишади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки жумъа куни ғусл қилиб мисвок тутса, агар уйида хушбўйликлар бўлса у билан хушбўйланса, чиройли кийимларни кийиб сўнгра масжидга келса, масжидда одамларнинг елкаларидан ҳатлаб ўтмай тоқатига яраша намоз ўқиса, имом минбарга кўтарилгач хутбага қулоқ солиб кейин намозини адо қилса у кишининг шу жумъа ва олдинги жумъа орасида қилган гуноҳлари кечирилади”–деганлар. (Аҳмад ривояти).Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганларки: “Жумъа куни ғусл қилиш, мисвок тутиш ва имкони борича хушбўйланиш ҳар бир балоғатга етган кишига вожибдир”. (Муслим ривояти).
6. Каҳф сурасини ўқиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жумъа куни каҳф сурасини ўқишлик инсонга кейинги жумъагача нур бўлади”.–деганлар. (Ҳоким ривояти). Уни масжидда ўқиш шарт эмас балки тезроқ ўқиш керак. Агар уйида ўқиса афзалдир.
7. Ҳутбага қулоқ солиш, уни тушуниш ва ундан фойда олиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар жумъа куни имом хутба ўқиётганда ёнингдаги кишига жим ўтир десанг, демак сен лағв қилибсан”–деганлар. (Муттафақун алайҳ).
8. Одамларнинг елкаларидан ўтиб, намозхонларга озор беришдан эҳтиёт бўлиш керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъада хутба ўқиётганида одамларнинг елкаларидан ўтаётган кишига: “Ўтир, кеч келганинг етмагандай одамларга озор беряпсан”–деганлар.(Аҳмад ривоят қилган). Одатда кечикканлар кишиларга озор беришади
9. Намоз адо қилиниб китобу-суннатдаги зикрларни ўқиб бўлсанг, масжидда 4 ракаат ёки уйингда 2 ракаат намоз ўқиш ёдингдан кўтарилмасин.
Масжиддан қайтар экансан ин ша Аллоҳ яхшилигу-даражалардан ўз насибанг эга бўласан. Ибну Ражаб раҳматуллоҳ ўзларининг “Латоифул маориф” китобларида келтирган сўзга эътибор бергин. У киши айтадиларки: "Салафлардан баъзилари жумъа намозидан тушнинг иссиғида қайтишаётганда инсонларнинг ҳисоб-китоб қилингандан кейин жаннатга ёки дўзахга иссиқда қайтаётган ҳолатини эслашарди”. Албатта қиёмат жумъа куни қоим бўлади, ўша кундуз тугамай туриб жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киргизилади”- Бу Ибн Масъуднинг гаплари дедилару қуйдаги оятни тиловат қилдилар: “Жаннат асҳоблари у кунда энг гўзал маскан ва энг гўзал жойларда бўлур”. (Фурқон 24).
Эй мусулмон биродарим дуолар ижобат бўладиган вақтни топишга урин. Ушбу вақт тўғрисида айтилган сўзларнинг энг афзали жумъа кунининг охирги соатларида дейилганидир. Роббингга дуо қил, унга тазарру қилиб ҳожатларингни сўра, бирор яхшилик амал қил. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: “Жумъа кунида бир вақт борки агар мусулмон киши намозда Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда мана шу вақтга тўғри келиб қолса Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”-деганлар. (Муттафақун алай).
Аллоҳ сизу-бизни ўзига ҳақиқий ибодат қиладиган бандаларидан қилсин ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг оиласи ва асҳобларига Аллоҳнинг саломи-ю саловати бўлсин.