×
New!

Bayan Al Islam Encyclopedia Mobile Application

Get it now!

Ширкнинг қисмлари (Ўзбек)

Тайёргарлик: Муҳаммад ибн Иброҳим Тувайжирий

Description

Ушбу мақола Муҳаммад бин Иброҳим Тувайжирийнинг Мухтасар ал-Фиқҳ Ал-Исламий китобидан иқтибос қилиб олиниб таржима қилинган бўлиб, унда ширкнинг турлари қисқача равишда баён қилинади.

Download Book

    Ширкнинг турлари

    "Мухтасар ал-фиқҳ ал-исломий" китобидан иқтибос

    ﴿أقسام الشرك﴾

    مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

    ] Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي [

    Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

    Таржимон: Шамсуддин Ҳакимзода

    Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

    2009 - 1430

    ﴿أقسام الشرك﴾

    مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

    « باللغة الأوزبكية »

    محمد بن إبراهيم بن عبد الله التويجري

    ترجمة: شمس الدين حكيم زادة

    تحرير: شمس الدين درغامي

    2009 - 1430

    Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

    Ширкнинг қисмлари.

    ● Ширк икки турлидир: катта ширк ва кичкина ширк.

    1) Катта ширк миллатдан (мусулмончиликдан) чақаради ва барча ишларни ҳабата қилади. Катта ширк қилган одамнинг моли ва жони ҳалол, ўзи эса агар тавба қилмай ўлса дўзахда абадий қолгувчилардан бўлади. Катта ширк бу ибодатнинг ҳаммасини ёки бир бўлагини Аллоҳдан бошқага бағишламоқдир. Жумладан: Аллоҳдан бошқага дуо қилиб, мақсадларни сўраш, қабрдагиларга, жинларга, шайтонларга атаб қурбонлик ва назрлар қилиш, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмаган бойлик, шифо ва ёмғир ёғдириш каби нарсаларни Аллоҳдан ўзгадан сўраш ва булардан бошқа жоҳиллар авлиёларнинг қабрлари, бутлар, дарахтлар ва тоғу тошлар олдида қиладиган кўп нарсалар.

    Биринчи: Катта ширк ва унинг турлари.

    1. Қўрқувдаги ширк.

    Бу Аллоҳдан бошқа бутлар, арвоҳлар, жинлар, одамлар ва бошқа нарсалардан

    “менга зиён етказиб қўяди" деб қўрқишликдир. Бу қўрқувнинг динга зиёни буюкдирки, ким уни (қўрқувни) Аллоҳдан бошқага бағишласа, Аллоҳга катта ширк келтирган ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло бундан қайтариб:

    “Агар иймонли бўлсангизлар улардан қўрқманглар, Мендангина қўрқинглар!" [1] деб марҳамат қилган.

    2. Таваккулдаги[2] ширк.

    Барча ишлар ва барча ҳолатларда ёлғизгина Аллоҳга таваккул қилиш бунда ихлос вожиб бўлган катта ибодатлардан биридир. Кимда ким Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қодир бўлмаган ризқ бериш, фойда ва зиён етказиш масалаларида Аллоҳдан ўзга ўликлар, ғойб нарсалар ва шу кабиларга таваккул қилса Аллоҳга катта ширк келтирган бўлади. Аллоҳ таоло деди:

    “Агар мўмин бўлсангиз Аллоҳгагина таваккул қилинглар"[3]

    3. Муҳаббатдаги ширк.

    Аллоҳни севиш бандадан камоли итоат ва камоли тавозеъни талаб қилади. Шунинг учун бу муҳаббат фақат ва фақат Аллоҳга бағишланиши лозим. Бу муҳаббатда Аллоҳга ҳеч кимни ва ҳеч нарсани шерик қилинмайди. Аммо, кимда ким Аллоҳдан ўзгани худди Аллоҳни севгандек севса, демак у муҳаббат ва таъзимда Аллоҳга бошқа бир тенгдош қўшган бўлади. Бу эса катта ширкдир. Аллоҳ таоло деди:

    “Одамлардан баъзилари борки, Аллоҳдан бошқани (Унга) тенгдош қилиб ушлайдилар ва уни худди Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишилар эса, Аллоҳни кўпроқ севадилар"[4]

    4. Итоатдаги ширк

    Бу ширкнинг моҳияти Аллоҳ ҳаром қилган ва ҳалол қилган нарсаларда Аллоҳга эмас, ўзгаларга, масалан: уламоларга, мансабдорлага ва ҳокимларга итоат қилишдан иборатдир. Ким шундай қилса уларни қонунчиликда Аллоҳга шерик қилган бўлади. Бу эса катта ширклардан биридир. Аллоҳ таоло деди:

    “Улар ўзларининг аҳборларини, руҳбонларини[5] ва Масиҳ ибн Марямни Аллоҳдан ўзга худолар қилиб олдилар. Ваҳоланки, улар ягона илоҳ(Аллоҳ)гагина ибодат қилишга буюрилган эдилар" [6]

    ● Мунофиқлик ва унинг турлари.

    1. Катта мунофиқлик.

    У эътиқоддаги мунофиқликдир. Эътиқоддаги мунофиқлик деб, инсоннинг зоҳирида ислом аҳкомларини бажариб ботинида кофир ҳолда бўлишига айтилади. Бундай одам кофир ва дўзахнинг энг тубанларига лойиқдир!

    “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубанларида бўладилар ва сен уларга ҳаргиз ёрдамчи топмассан!"[7]

    2. Кичкина мунофиқлик.

    Бу амаллардаги нифоқдир. Кичкина нифоқни содир қилган одам диндан чиқмасада, Аллоҳ ва расулига осий бўлади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар: “Тўрт хислат борки, улар кимда топилса, у аниқ мунофиқдир! Аммо кимда у хислатлардан бири топилса, то уни тарк қилгунга қадар унда мунофиқликдан бир хислат бўлади. (У хислатлар тубандагилардир:) агар унга амонат берилса хиёнат қилади, агар гапирса ёлғон гапиради, агар аҳдлашса ғаддорлик[8] қилади ва агар жанжаллашса сўкинади"[9]

    Иккинчи: Кичкина ширк ва унинг турлари.

    Бу ширк Аллоҳ “ширк" деб атаган аммо, катта ширк даражасига етмаган ширклардир. Кичкина ширк инсоннинг иймонига нуқсон еткизса ҳам, диндан чиқармайди. Бироқ, кичкина ширклар катта ширкларга олиб боради. Кичкина ширкни содир қилган одамнинг моли(ни талаш) ва қони(ни тўкиш) ҳаромдир. Агар катта ширк одамнинг амалини ҳабата қилса, кичкина ширк барча амалларни эмас, балки ўзи аралашган ишнигина ҳабата қилади. Масалан, риё (элкўрсин) учун амал қилиш кичкина ширк. Банда қайси амални риё билан қилса, айнан ўша амалигина ҳабата бўлади. Қуръону Кармда келган “ширк" сўзларидан фақат катта ширк тушунилади. Аммо, кичкина ширкнинг баёни эса, мутавотир ҳадисларда келгандир. Аллоҳ таоло деди:

    “Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Оллоҳ учун қилсин.)" [10]

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таборака ва таоло айтдики: “Мен шериклардан беҳожатдирман. Ким бир амалда Менга бошқани шерик қилса, уни ўша ширки билан тарк қиларман!"[11]

    ● Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш, шунингдек, “Аллоҳ ва фалончи ҳоҳласа", “Бу Аллоҳдан ва фалончидандир" каби сўзлар кичкина ширклар жумласидандир. Бундай ҳолда “аввал Аллоҳ, Ундан кейин фалончи ирода қилди" каби ибора қўлланилса жоиздир.

    Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: мен расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “кимда ким Аллоҳдан бошқа(нинг номи) билан қасам ичса, кофир (ёки мушрик) бўлибди" деганини эшитдим.[12]

    Хузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар: “Аллоҳ ва фалончи ҳоҳласа" деб айтманглар, балки, “Аллоҳ ҳоҳласа ва ундан кейин фалончи ҳоҳласа" деб айтинглар"[13]

    Кичкина ширк баъзи пайтларда соҳибининг қалбига (ниятига) қараб катта ширк бўлиши мумкин. Шунинг учун мусулмон банда ширкнинг барча туридан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки, ширк катта зулмдирки, Аллоҳ № тубандаги ояти каримада барча гуноҳларни кечирса ҳам ширкни кечирмаслигини эълон қилгандир:

    “Албатта, Аллоҳ Ўзига шерик қўшилишлигини кечирмагай ва ундан бошқасини ҳоҳлаган одами учун кечиргай"[14]

    Ширкдан ёки унинг василаларидан бўлган сўз ва амаллар.

    Баъзи бир сўзлар ва амаллар борки, улар соҳибининг қалбига ва қандай содир бўлганига қараб гоҳо катта ширк саналса, гоҳо кичкина ширкдан ҳисобланади. Бу нарсалар тавҳидга зид бўлгани ва унинг сафолигига путур еткизгани сабабли шариатимиз улардан қайтаргандир. Тубанда ана ўшандай ишлардан баъзиларини санаб ўтамиз:

    1) Халқа осиб ёки ип боғлаб юриш. Агар бу нарса бирор зиёндан сақланиш ёки фойда келтриш учун бўлса ширк ҳисобланади.

    2) Тумор осиб юриш. Тумор ҳоҳ тошдан, ҳоҳ суякдан, ҳоҳ қоғоздан бўлсин, ширк ҳисобланади

    3) Қушлардан, одамлардан, мушуклардан ёки бошқа жонли жонсиз нарсалардан “ёмонлик келтиради", “шумқадам" деб ваҳималаниш. Бу ваҳима ширк ҳисобланади ва у шайтондандир.

    4) Муайян дарахтларни, тоғ тошларни, обидаларни, қабрларни ва шу каби нарсаларни табаррук қилиш, улардан барака тилаш, ёлбориш.

    5) Сеҳр. Бу сабаблари жуда махфий ва латиф нарсадир. Сеҳр қалбга ва баданга таъсир берадиган ҳар қандай усуллардан, калималардан, дам солишлардан[15] иборат бўлиб, иситма-совутма, бировга руҳий ёки жисмоний зара етказиш учун қўлланилади. Баъзан (Аллоҳ ҳоҳласа) инсонни ўлимга гирифтор қилиши ҳам мумкин. Сеҳр жин шайтонлар воситасида амалга оширилгани ва қалбни ўшаларга боғлаб қўйгани учун ширк амаллар жумласидан ҳисобланади. Баъзи сеҳргарлар (уларни “азайимхон" деб ҳам аталади) ғайбни билишини даъво қилишади. Лекин уларнинг бу куфрона сўзлари Аллоҳ таолонинг мана бу оятларига зиддир:

    “Сулаймон кофир бўлмаган аммо, одамларга сеҳрни ўргатган шайтонлар кофир бўлган эдилар"[16]

    Агарда сеҳр фақат (ўсимликларнинг ёғи, тутуни каби)дори дармонлар билан амалга оширилса, у ҳолда ширк даражасига етмайди ва катта гуноҳ ҳисобланади.

    6) Фолбинлик. Бу жин-шайтонларнинг хабарларига асосланиб, келажакда бўладиган хабарлар каби ғайб илмини даъво қилишликдир. Фолбинлик Аллоҳдан бошқага тақарруб ва ғайб илмини билишда Аллоҳга бошқаларни шерик қилиш сабабли ширк ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар:

    “Кимда ким фолбинга ва парихонга бориб, уни(нг айтганларини) тасдиқлаган бўлса, у Муҳаммадга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди"[17]

    7) Мунажжимлик. Бу шамол бўлиши, ёмғир ёғиши, касаллик, ўлим, ғалаба, мағлубият, нарх навонинг кўтарилиши, тушиши ва бошқа шу каби ер ҳодисалари ҳақида юлдузларнинг ҳаракатига қараб фол очишдир.

    8) Неъматни Аллоҳдан бошқага нисбат беришлик. Дунё ва охиратдаги барча неъматлар ягона Аллоҳнинг қўлидадир. Кимда ким бу неъматларни Аллоҳдан бошқага нисбат берса, кофир ва мушрик бўлади. Масалан, “менинг бойиб кетишимга фалончигина сабабчи бўлди", “эсон омон манзилга етишимизга биргина ҳайдовчи сабаб бўлди" ёки “бахтли бўлишимизга фалон ҳукумат ва раҳбарлар сабабчи бўлишди" каби сўзлар мана шу жумладандир. Мусулмон одам ҳар қандай неъматни Аллоҳга нисбат бериши ва фақат унга шукр қилиши лозим. Аммо Аллоҳдан бошқаларнинг сабабчилиги баъзан фойда берса, баъзан зиён еткизади. Аллоҳ таоло деди:

    “Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Оллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар"[18]

    [1] Оли Имрон: 175

    [2] Таваккул. Луғатдаги маъноси “вакил қилиш", истилоҳдаги маъноси эса, “барча ишларни Аллоҳга топширишдир". Яъни, агар бир одам Аллоҳга таваккул қилса, гўёки “эй, Аллоҳим! Мен мана шу ишларимда фақат Сенга ишонаман, Сенга суянаман ва шунинг учун Сени вакил қилиб Сенга топшираман! Барча нарсалар фақат Сенинг қўлингдадир!" деган бўлади. Агар Аллоҳдан бошқага таваккул қилса, айни сўзларни ўшанга айтган бўлади. Таржимон изоҳи.

    [3] Моида: 23

    [4] Бақара: 165

    [5] Аҳбор ва руҳбон. Яҳудийлар ва масиҳийларнинг диний пешволари

    [6] Тавба сураси 31оят.

    [7] Нисо: 145

    [8] Ғаддорлик= ваъдани бузиш

    [9] Муттафақун алайҳ. Бухорий: 34, Муслим: 58

    [10] Каҳф сураси 110 оят

    [11] Муслим: 2985

    [12] Абу Довуд: 3251. Термизий: 1535

    [13] Аҳмад: 2354, Абу Довуд: 4980

    [14] Нисо: 48

    [15] Қуръон билан дам солиш бундан мустасно

    [16] Бақара: 102

    [17] Аҳмад: 9536, Ҳоким: 15.

    [18] Наҳл: 53

    معلومات المادة باللغة العربية