×
New!

Bayan Al Islam Encyclopedia Mobile Application

Get it now!

Рўза аҳкомлари ва одоблари (Ўзбек)

Тайёргарлик: Атиййа Муҳаммад Солим

Description

Ушбу китобчада рўзанинг фарз бўлиш босқичлари, рўзанинг одоб ва аҳкомлари ҳақида сўз юритилади.

Download Book

РЎЗА АҲКОМЛАРИ ВА ОДОБЛАРИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбарлар сўнггиси саййидимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳамда у зотнинг аҳлу асҳобига салавоту саломлар бўлсин. Уларга эргашган, уларни дўст тутган ҳидоят имом-ларидан, улар қатори бизлардан ҳам Аллоҳ рози бўлсин, барчамизни Ўзи суйган ва рози бўладиган амалларга муваффақ айласин..

Аммо баъд...

Асри саодатда мусулмонлар Рамазон ойини ўзгача бир муштоқлик билан кутиб олишар, унга қаттиқ аҳамият беришар, унинг келишидан бошлари осмонга етгудек қувониб, алоҳида тайёргарлик кўришар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилардилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ражаб ойи кирганида: «Парвардигоро, Ражаб ва Шаъбонни бизлар учун баракотли қилгин ва бизларни Рамазонга етказ-гин», деб дуо қилардилар (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ривоятлари).

Мусулмонлар уни: «Парвардигоро, Рамазон ойи кириб келмоқда. Уни бизга, бизни унга саломат етказгин, унинг рўзаси ва таровеҳларини бизга насиб айла. Унда бизни ибодатга астойдил бел боғлашимизга муваффақ қилиб, ялқовлик ва сустликдан узоқ қил. Унда бизни фитналардан асра» деган илтижолар билан кутиб олишарди.

Чунки улар Рамазоннинг фазилатини, бу ойда ўзларига бўладиган Аллоҳнинг фазлу марҳаматларини, Аллоҳ таоло бандаларига мўл-кўл раҳматини туши-ришини, улар устига файзу баракотини ёғдиришини, ризқи рўзларини сероб қилишини ҳамда уларни гуноҳ-хатолардан асрашини яхши билардилар. Чунки, бу ойда улар учун жаннатларнинг дарвозалари очилиб, жаҳан-нам қопқалари беркитилади. Бу ой Ислом уммати учун фасли баҳор, ибодатлар мавсуми, яхшиликлар бозори-дир. Мўмин учун бу ойдан афзали йўқ, бу ойда қилинган амаллардан афзалроқ амал йўқ. Бу, ҳақи-қатан, мўминлар учун ғанимат ойидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

«Сизларга ушбу ойингиз кириб келмоқда. Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамёд қилувчи Зотга (Аллоҳга) қасамки, мусулмонларга бу ойдан кўра яхшироқ ой, мунофиқлар учун эса бу ойдан кўра ёмонроқ ой асло келмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамёд қилувчи Зотга қасамки, албатта, Аллоҳ бу ойнинг ажру савобини ва инъом-ларини, ҳамда унинг гуноҳ ва бахтсизликларини уни киритмасдан илгариёқ ёзиб қўяди. Зеро, мўмин киши бу ойда ибодат қилиш учун (аввалдан) куч-қувватни ҳозирлаб қўяди, мунофиқ эса бу ойда (имкони бўлди дегунча зиён етказиш мақсадида) мўминларнинг ғафлат ва заифлик онларини пойлаб юради. Бу мўмин учун ғанимат фурсатдир» (Имом Аҳмад ва Ибн Хузайма ривоятлари).

Зотан, бу ой мўмин учун ибодатлари ғанимат бўлган ойдир, унда намоз ва садақотларнинг ажри бир неча баробар зиёда қилинади, рўза билан биргаликда таровеҳ намозлари ажридан фойдаланиб қолиш имкони берилади, мўмин киши унда Қуръон тиловатига, иймоний мажлисларга интилади, келгуси йилгача етарли руҳий-маънавий озуқа жамғаради. Шу боисдан ҳам салафларимиз Рамазонга етказишини сўраб олти ой Аллоҳга дуо қилишар, Рамазонга етгач, бу ойда ўзларига тавфиқ, жидду жаҳд ва ғайрат тилашар ва Рамазондан кейин олти ой рўзаларини қабул қилишини сўраб дуо қилишар эди.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг фазилатидан маҳрум бўлган одам энди бошқа ойларда ҳаргиз унга етолмаслигини, Рамазонда гуноҳлари мағфират қилинмаган инсонни Аллоҳ жаҳаннамнинг узоқ қаърига улоқтиришини хабар берганлар.

Бир куни минбарга кўтарилиб: «Омин... Омин... Омин...» дедилар. Саҳобалар бундай дейишларининг сабабини сўрашганда: «Ҳузуримга Жаброил келиб: Ким Рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин" денг, деди, мен “Омин" дедим. Ким ота-онасини ёки улардан бирини (кексалик пайтларида) топган бўлса-ю, (уларни норози қилиб) гуноҳлари кечирилмаган бўлса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтир-син, “Омин" денг, деди, мен “Омин" дедим. Ким сизнинг номингиз зикр этилганда сизга салавот айтмаса, Аллоҳ уни (Ўз раҳматидан) узоқлаштириб, дўзахга улоқтирсин, “Омин" денг, деди, мен “Омин" дедим», дедилар (Табароний, Байҳақий, Абу Яъло, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Ажабо, Жибрийл алайҳис-саломдек ваҳий ва раҳмат фариштаси бўлган зот Рамазон ойига етиб, гуноҳлари кечирилмаган мусулмон банда ҳақида «Аллоҳ уни дўзахнинг қаърига улоқтирсин» дебдилар, деган фикр кўнгилдан кечади. Лекин, Рамазоннинг фазилатларини тааммул қилиб кўрсак ва унинг хосият-ларини ўргансак, ҳақиқатан унинг раҳмат ва мағфират ойи эканини, унда мағфират ва раҳматга сабаб бўлувчи тоат-ибодатлар бисёр ва муяссар эканини, хоҳлаган киши бунга осонгина эришиши мумкинлигини ва шу билан бирга ёмонлик омиллари чекланган, шайтонлар занжирбанд этилган, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб турган, Аллоҳ ҳар кеча дўзахдан ўзи хоҳлаганча одамни озод қилиб турган, жаннат дарвозаларининг ҳаммаси очиб қўйилган, дўзах эшиклари ёпиб қўйилган эканини, шунчалар имкониятлар бўлишига қарамасдан ушбу кимса гуноҳларининг кечирилишига эришмага-нини билгач, ажабланишимиз ўз-ўзидан ғойиб бўлади. Ахир, шунчалар шароитлар муҳайё бўлатуриб, кимки Аллоҳнинг раҳматига эришолмаган бўлса, унда қачон эришади. Кимки шу ойда мағфиратга лойиқ бўлолмаса, энди қачон лойиқ бўлади?! Ким даромад мавсумида фойда ўрнига зиён қилса, унда қачон фойда қилади?! Ким денгизда чўмилиб, тозаланмаган бўлса, унда қаерда тозаланади?!

Худди шунга ўхшаш, кимки Рамазонда тавба билан, гуноҳлардан тийилиш, Аллоҳнинг ибодатига қайтиш, дуо ва илтижолар билан гуноҳларининг кечирилишига эришмаса, унда қачон эришади?! Минг ойдан яхшироқ бўлган бир кечада бу шарафга ноил бўлмаса, унда қачон ноил бўлади?! Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мазмунига ўхшаб кетадики:

«Кимни намози фаҳшу мункардан қайтармаса, унинг Аллоҳдан узоқлашиши яна ҳам зиёда бўла-ди» (Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Яъни, бир кунда беш бор Парвардигорининг ҳузурида туриб, У зотга муножот қилиши ўз нафсига таъсир ўтказмаса, ким энди уни ёмонликдан тия олади?!! Рўза хусусидаги гап ҳам худди шунинг ўзи!

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир мўмин устидаги ҳақлари нақадар буюк ва Аллоҳнинг ҳузурида қадрлари қанчалар улуғ бўлгани ҳолда, Аллоҳ бу умматга ва бутун инсониятга ато этган яхшиликларни у зотнинг қўллари билан етказгани, бизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон-бир яхшилик борки унга йўллаганлари, бизлар-ни Аллоҳдан узоқлаштирадиган бирон-бир ёмонлик борки ундан огоҳлантирганлари ҳолда, Аллоҳ таоло у зотга салавот ва салом айтишимизга буюриб, ким бир марта салавот айтса унга ўнта салавот айтишни ваъда қилган бўлса-ю, номлари зикр қилинган пайтда у зотга салавот айтмаган ёки унга бепарво қараган одам куфрони неъмат ва нонкўрлик қилган бўлади, Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиб, жаҳаннамга улоқтирилишга лойиқ бўлади.

Шунингдек, ким дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасини топган бўлса-ю, уларни ўзининг жаннатга киришига сабабчи қилолмаса – ҳолбуки, жаннат оналар оёқлари остида – ота-онага яхшилик қилмасдан уларга оқ бўлса, бу одам ҳам ҳақиқатан, Аллоҳнинг раҳмати-дан узоқ бўлиб, дўзахга улоқтирилишга лойиқдир.

Мазкур учта иш – Рамазон ойи, ота-онага яхшилик қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинганда салавот айтиш жаннатга кириш сабабларидан ва дўзахдан узоқлаштирувчи ишлардан бўлиши жиҳатидан бир ўринда келтирилиши диққатни тортади. Зеро, ота-онанинг ҳаққи Аллоҳнинг ҳаққи билан боғлиқ ва ёнма-ён:

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қи-лишларингизни амр этди» (Исро:23).

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зикрлари Аллоҳнинг зикри билан боғлиқ ва ёнма-ён. Худди шу каби, Рамазон ҳам ҳаққи улуғ ва фазли зиёда бўлгани учун ҳамда бу ойда ислом умматига ато этилган улуғ хосиятлар туфайли улар билан ёнма-ён келтирилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Рамазон ойида менинг умматимга улардан аввалги умматларга берилмаган бешта хислат берилди:

1) Рўзадор оғзининг бўйи Аллоҳнинг наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир;

2) Уларга то ифтор қилгунларига қадар малоикалар истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ азза ва жалла ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнг унга: «Солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан қутулиб, сенга келишларига оз қолди», дейди.

4) У кунда шайтонларнинг ашаддийлари занжир-банд қилиниб, бошқа пайт қилиб юрган ишларига эриша олишмайди;

5) Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади.

Шунда: — «Ё Расулаллоҳ, у кеча қадр кечасими?» — деб сўрадилар.

«Йўқ, хизматчи қачонки ишини тугатса унинг ҳақини тўла қилиб берилади», — дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазон ойининг биринчи кечасидан шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари кишанланади. Дўзах қопқалари ёпилиб, уларнинг биронтаси очил-майди. Жаннат дарвозалари очилиб, уларнинг бирон-таси ёпилмайди. Бир фаришта: «Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!», деб нидо қилиб туради. Бу ойда Аллоҳнинг марҳамати билан кўплаб дўзахдан қутулувчилар бўлур. Бундай фазилатлар унинг ҳар бир кечасида мавжуддир» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таолодан бизларни яхшиликларга муваффақ қилиши, яхши ишларга қадам қўйишни бизларга насиб айлаши, бизларни ёмонликлардан узоқ қилиши, қадам-ларимизни ёмонликдан тийиши ва бизларни Ўзининг марҳамати билан дўзахдан озод қилинувчилар сафида қилишини сўраймиз. У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.

Рўзанинг машруъ бўлиши

Рўза илгариги умматларга ҳам фарз қилиб келинган кўҳна ибодатлардандир. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара:183). Демак, у биздан олдин-гиларга ҳам машруъ ва фарз қилинган бўлиб, илгари-гиларнинг рўзаси билан бизнинг рўзамиз ўртасида кайфиятда фарқлар бўлиши мумкин. Зеро, ҳар бир уммат учун фаръий масалалари ва ибодатларининг кўринишида ўзига хос қонун-қоида ва йўл-йўриқлар бор.

Илгариги умматлар рўзаларининг турли кўриниш-лари мавжуд бўлиб, биз улардан айримларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз:

а) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Рўзалар ичида Аллоҳга энг суюмлиси биродарим Довуднинг рўзасидир, у бир куни рўзадор, бир куни оғзи очиқ бўлар эди», дедилар. (Муттафақун алайҳ).

У: «Рўза тутган куним фақир-бечораларни эслай-ман. Рўза тутмаган куним эса Аллоҳнинг неъматига шукрона келтираман», деган эди.

б) Марям алайҳас-саломнинг рўзаси. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай ҳикоя қилади:

«...агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг, у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин» (Марям:26).

Унинг рўзаси таомдан эмас, балки сўзлашувдан тийилиш кўринишида эди.

в) Набийюллоҳ Мусо алайҳис-саломнинг Аллоҳ таоло билан ваъдалашган пайтидаги рўзаси:

«Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни ... эсланглар» (Бақара:51)

Уламоларнинг айтишларича, Мусо алайҳис-салом мулоқотга ҳозирланиб ва муножотга тайёрланиб кунларини рўза билан ўтказди.

г) Мусо алайҳис-салом Аллоҳ таоло уни Фиръавн-дан қутқарганига шукрона сифатида Ошуро куни рўза тутган, сўнг яҳудлар унинг рўзасини мерос олиб, тутиб келишган, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келган пайтларгача ҳам тутишарди. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилишича, араблар ҳам жоҳилият даврида шу куни рўза тутишар, шу куни Каъбани улуғлашар ва унинг ёпқичини янгилашарди.

Исломда рўза жорий бўлишининг аввали – Ошуро (яъни, Муҳаррам ойининг ўнинчи) куни рўзаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага янги келганларида яҳудийлар шу куни рўза тутиш-ларини билгач, улардан бунинг сабабини сўрадилар. Улар: «Аллоҳ Мусога шу куни Фиръавндан нажот берган, у бунинг шукронасига рўза тутган, биз ҳам шу сабабдан бу куни рўза тутамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», дедилар ва рўза тутдилар, мусул-монларни ҳам шу куни рўза тутишга буюрдилар. Мадинанинг чор-атрофига жарчи юбориб: «Ким бугун рўза тутган бўлса рўзасини давом еткизсин, ким тутмаган бўлса куннинг қолган қисмида бўлса ҳам тутсин», деб эълон қилдирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Келаси йилгача ҳаёт турсам, (Муҳаррамнинг) тўққизинчи куни ҳам албатта рўза тутаман», дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Яъни, ўнинчига тўққизинчи кунни қўшиб тутиш билан рўзаларини яҳудийларнинг рўзасидан бошқача қилишни истадилар[1]. Шу ерда бу икки иш тўғрисида андаккина фикр юритиб кўрайлик. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг Ошуро куни рўза тутиш-лари яҳудийларнинг шу куни рўза тутишларига ўхшагани ҳолда, тўққизинчи кунини ҳам рўзага айлан-тиришлари энди уларга қарама-қарши иш қилиш бўлди. Биринчисида улар билан мувофиқлик, иккинчи-сида яна бир кун қўшиш билан эса уларга хилоф қилишлари кўринди.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг Ошуро куни рўза тутишлари фақатгина яҳудийлар ишини маъқуллашнинг ўзигина бўлмади. Бунга далил шуки, у зот тўққизинчи кунни қўшиш билан уларга хилоф қилдилар, бундан ташқари рўзаларининг сабаби – Мусо алайҳис-саломни рўза тутишга чорлаган айни сабаб, яъни Аллоҳ таоло денгиз ичра йўл очиб Мусо ва қавмини қутқаргани, Фиръавн ва унинг қавмини эса ҳалок қилганига шукрона рўзаси эканини эълон қилдилар. Мазкур сабабнинг пайғамбарларнинг уммат-лар билан бўлган тарихида ва барча динларда ўзига хос аҳамияти ва улкан маъноси бор. Чунки, бу воқеа қачон ва қаерда бўлганидан, бу воқеада иштирок этган шахслар кимлигидан қатъий назар, ҳақ билан ботил ўртасидаги давомий курашда ҳақнинг ботил устидан ғолиб чиқишининг исботи ва эълони эди. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», дедилар. Шу-нингдек, ул зот пайғамбарлик алоқалари ўзаро чамбар-час боғлиқ эканини: «Биз пайғамбарлар жамоаси ота бир она бошқа фарзандлармиз, динимиз бирдир», деган сўзлари билан баён қилдилар. Зотан, Мусонинг душманидан нажот топиши Аллоҳнинг дини ва пайғамбарининг ғалабасидир. Моҳият жиҳатидан Мусо алайҳис-саломнинг замони бўлсин ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонлари бўлсин, ҳеч фарқсиз баробар. Чунки, масала – ҳақнинг қарор топиши ва адолатнинг ғалабаси масаласидир. Бу эса Исломнинг ва мусулмонларнинг асосий мақсадлари-дан.

Бу ерда эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта – Аллоҳ таоло бу кунда яхшиликни ғолиб қилгани муносабати билан шу кунни рўза тутиш ила улуғлаш, уммат ўзининг тарихий воқеаларини хотирлашга ва уларни шаръий кўринишда нишонлашга ҳақли экани-дир.

Сўнг ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон ойининг рўзаси фарз қилинди.

Рамазоннинг фарз бўлиши борлиқдаги энг улкан воқеага – ҳидоят тонгининг отишига, жаҳолат зулмат-ларини ёриб ўтиб, саодат йўлларини ёритган ҳақиқат қуёшининг порлашига боғлиқдир:

«Яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» (Иқроъ:1).

Ушбу оят рисолати Муҳаммадийянинг фотиҳаси бўлди. Бу эса Рамазон ойида бўлган эди:

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара:185).

Унинг нозил қилинган замони рўза тутиш билан шарафланишга ва таровеҳ намозлари билан нишонла-нишга ҳақли!! Тоинки уммат ўзининг Парвардигори билан бўлган алоқаларини мунтазам янгилаб турсин, динининг асосларига бўлган боғланишларини маҳкам-лаб олсин!..

Ушбу улуғ рукннинг жорий бўлиши Алийм-Билимдон ва Хобийр-Хабардор Зотнинг ҳикмати тақозоси билан босқичма-босқич кечди. Энг аввал Ошуро рўзасини тутишга буюрилди, кейин аниқ чекловсиз мутлақ рўза фарз қилинди: «сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди», сўнг мужмалликдан батафсилликка кўчилди: «саноқли кунларда».. Гарчи кунларнинг саноғи чекланмаган бўлса-да, бир неча кунлар эканини билдирувчи “жамъул-қилла" билан ифодаланди. Бу Қуръондаги Юсуф алайҳис-саломнинг арзимас пулга сотилиши ҳикоя қилинган оятга ўхшаб кетади: «уни арзон баҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар...» (Юсуф:20). Худди шунинг сингари бу ерда ҳам нафсларнинг қабул қилиши осон бўлиши учун «саноқли кунларда» дейилди. Рамазоннинг илк фарз қилиниши ихтиёрий кўринишда бошланди: «Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим.» Сўнгра, қалбларга рўзанинг муҳаббати ўрнашиб, нафслар рўза тутишга анча кўниккач, рўза тутиладиган кунлар сони аниқ-тиниқ қилинди ва ихтиёрийлик олиб ташланди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин».

Шу билан бир қаторда турли ҳолат ва муносабатлар билан тутиладиган нафл ва суннат рўзалар ҳам борки, бу борада рўза бошқа ибодатлар ичида алоҳида ўрин эгаллайди.

Жумладан:

Ø Ошуро кунининг рўзаси, у тўла бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.

Ø Арафотда бўлмаган кишилар учун арафа кунининг рўзаси, у ўзидан олдинги ва кейинги йил гуноҳларига каффорат бўлади.

Ø Шавволдан олти кун рўза тутиш, у Рамазон рўзаси билан биргаликда бир йиллик рўзага тенгдир.

Ø Душанба кунидаги рўза, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни туғилганлар ва шу куни пайғамбар бўлганлар.

Ø Булардан бошқа, — чекланмаган кунлардаги рўза — ой тўлган кунлардаги уч кун рўза, пайшанба кунининг рўзаси ва ҳоказолар каби.

Ø Шунингдек, баъзи нуқсонлар ўрнини тўлдириш ёки хатога фидя ёки танг аҳволдан қутулиш учун ҳам рўза тутиш машруъ бўлди.

Нуқсон ўрнини тўлдиришга мисол: ҳажнинг таматтуъ турида қурбонлик ўрнига рўза тутиш каби.

Қилинган хатога фидя бўлишига мисол: иҳромдаги одам ов овлаб қўйганда, жарима сифатида овлаган ҳайвонига тенг чорва молини сўйишга қурби етмаса, рўза тутиб бериши каби.

Танг ҳолдан қутулиш учун рўза тутишга мисол: зиҳор, қасам кабиларнинг каффорати ва бошқалар.

Мана шундай қилиб рўза бошқа ибодатлардан фарқли ўлароқ секин асталик билан, даражама-даража фарз бўлди. Қуръони Каримнинг рўзани фарз қили-ниши борасида ўзига хос йўли мавжуд.

Исломда ҳар бир ибодатнинг ўзига хос хусусият ва ҳикматлари бор, ҳар бири худди жисмнинг озуқалари ҳар хил бўлганидек, руҳ учун ҳар турли озуқа бўлади.

— Намозни оладиган бўлсак, у фаҳшу мункардан қайтаради ва гуноҳларни ювади. Намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъбирлари билан айтганда: «Ҳар бирингизнинг уйи олдидан оқиб ўтувчи бир анҳорки, унда ҳар куни беш марта ювинади.»

Намоз қиёмат куни мўминлар йўлини ёритувчи нур бўлиб порлайди:

«Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амал-лари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)(Ҳадид:12).

Ҳадисда айтилганидек:

«Намоз нур, садақа (соҳибининг фойдасига) ҳуж-жатдир.» (Имом Муслим ривояти).

— Закотни олсак, у молни тозалаш ва мол соҳибини поклашдир:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун молларидан бир қисмини закот сифатида олинг..» (Тавба:103).

Закот молни мискинларнинг ҳақларидан тозалаш ҳамда унинг зиёдалашиши ва сақланишига сабаб:

«Банданинг моли садақа билан камайиб қолмайди.» (Имом Термизий ривояти).

«Молларингизни закот билан қўрғонланг!» (Таба-роний ривояти).

— Ҳажни олсак, у одамлар учун нақд ва насия-ухровий манфаатлардан иборат:

«Одамларга ҳажнинг фарз бўлганини хабар қилинг, улар сиз томонга яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида, ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун... кел-синлар.» (Ҳаж:27,28).

Ҳадисда айтилганидек:

«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, беҳуда сўз ва фисқ-фужур ишлардан тийилган бўлса, онадан туғилган кунидагидек (гуноҳлардан тоза бўлиб) қайтади.» (Имом Бухорий ривояти).

«Мабрур (мақбул) ҳажнинг жаннатдан бошқа муко-фоти йўқдир.» (Муттафақун алайҳ).

Булар намоз, закот ва ҳажнинг бандага бўлган таъсирот ва манфаатлари эди.

Рўзанинг таъсиротлари қандай?!

Аслида, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло бизларга фарз қилган ибодатлар. Инсон бу ибодатлар остидаги ҳикматларни тўла англаб етишга қодир эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг ҳаққи ва Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Биз юқорида фақат уларнинг оят ва ҳадисларда келган баъзи бирларига ишора қилиб ўтдик, холос.

— Рўзага келсак, бу ҳақда кўп гапирилган, унинг ҳикматларидан кўп томонларини ёритишга ҳаракат-лар бўлган. Баъзилар унинг шифобахшлиги, са-ломатчиликка фойдалари каби моддий тарафларига аҳамият қаратишган, айримлар эса меҳр-мурувват, мискинларга раҳм-шафқат кўрсатиш каби инсон-парварлик тарафларини қаламга олган. Бу ишлар гарчи рўзанинг ичидаги ҳикматлардан саналса-да, рўзанинг ўзигагина хос бўлмасдан, бошқа тараф-лардан ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Айримлар рўзанинг ахлоқий-тарбиявий томонларига урғу бериб, таомни кам истеъмол қилиш инсондаги ҳайвоний нафс хоҳишларини заифлаштириб, руҳий-маънавий қувватларни оширишини айтадилар ва «Шайтон одамзотнинг қон томир-ларида юради, сизлар унинг йўлларини торайти-ринглар» ҳадисини келтиришади. Бу ҳам юқорида-ги каби, моддиётлар ва ҳошиялар атрофида айла-нишдан бошқа нарса эмас.

Қуръони Карим рўзанинг хусусият ва ҳикмат-ларидан энг муҳими ҳақида очиқ-ойдин сўз юритиб, барча динлардан бўлган ғоя ва ҳикмат аслида шу эканини, жумладан, шариати исломиянинг ҳам энг асосий хусусияти шу эканини баён қилиб қўйган. Бу – ТАҚВОга эришишдир:

«Тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди.» (Бақара:183).

Тақвонинг ҳақиқати – сақланиш ва тўсинишдир. Тақво – инсоннинг нафс интилишларидан қутулиши-дир. Бу эса барча самовий динлар ва ўтмиш уммат-ларнинг даъватларининг асосидир.

Қуръони Карим илгаригию кейингиларнинг, барча-барча инсонларнинг ибодатларидан асосий ғоя тақво эканини баён қилади:

«Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз, шояд тақво эгалари бўлсангиз» (Бақа-ра:21).

Маълумки, Аллоҳ таоло инсу жинни ўзига ибодат қилишлари учунгина яратган:

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.» (Ваз-зариёт:56).

Демак, бу икки оятнинг мазмунига кўра, инсу жиннинг яратилишидан мақсад – тақво экани маълум бўлди.

Кейин Нуҳ алайҳис-салом қавмидан тортиб кейинги барча умматлар хусусида алоҳида оятлар келди:

«Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар). Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: «(Аллоҳдан) тақво қилмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат этинг-лар!» (Шуаро:105-108).

«Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: (Аллоҳдан) тақво қилмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат этинглар!» (Шуаро:123-126).

«Самуд (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди: (Аллоҳдан) тақво қилмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат этинглар!» (Шуаро:141-144).

«Лут қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда Уларга биродарлари Лут айтган эди: «(Аллоҳдан) тақво қилмайсизларми? Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан тақво қилинглар ва менга итоат этинглар!» (Шуаро:160-162).

«Дарахтзор эгалари (яъни Шуъайбнинг қавми) пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Ўшанда уларга Шуъайб айтган эди: (Аллоҳдан) тақво қилмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишонч-ли пайғамбардирман. Бас Аллоҳдан тақво қилинг-лар ва менга итоат этинглар!» (Шуаро:176-179).

Ҳар бир пайғамбар ўз қавмини тақвога чақирди.

Қуръони Каримнинг ҳаммаси тақвога чорлов ва тақводорлар учун ҳидоят бўлиб келди:

«Алиф, лом, мим. (Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун ҳидоят-йўлбошчидир.»

Уларнинг ҳидоятлари нави ва ибодатлари тариқа-сини баён қилди:

«Улар ғайбга ишонадилар, намозни тўкис адо этадилар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Улар сизга нозил қилинган ва сиздан илгари туширилган нарсаларга (китоб-ларга) иймон келтирадилар ва Охират Кунига аниқ ишонадилар. Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топувчилар ҳам уларнинг ўзидир.» (Бақара:1-5).

Қуръони Карим ўзининг тақводорлар учун ҳидоят, уларнинг эътиқод ва ибодатларининг баёни эканини эълон қилди, бу эътиқод ва ибодатлар ҳамда уларнинг охир-оқибат натижалари тақвога чамбарчас боғлиқ эканини баён қилди:

«Ким Аллоҳдан қўрқса (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур.» (Талоқ:4).

«Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради.» (Бақара:282).

Танг ҳолга тушиб қолган инсонни тақво бу ҳолдан чиқариб олади:

«Ким Аллоҳдан қўрқса У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур.» (Талоқ:2).

«Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар.» (Аъроф:201).

Аллоҳнинг нусрати тақводорлар билан бирга:

«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир.» (Наҳл:128).

Бинобарин, тақво дунёда уларга ҳамроҳ бўлади, уларни ўраб, муҳофаза этади, улар учун ёмонликлардан парда ва тўсиқ бўлади. Рўза эса тақвони янгилаб, кучлантириб туради ва келаси йилгача етарли муҳофаза ва қўрғонни вужудга келтиради. Шу ҳол ҳар йили Рамазонда такрорланади.

Дунёдан ўтганларида ҳам тақво улар билан бирга бўлади, уларни энг олий мақсад ва орзулари сари етаклайди, уларни жаннатга етказади:

«Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга жўнатилур. То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари; «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)(Зумар:73).

Жаннатга кирганларидан сўнг тақво улар ҳузурига етиб келади ва уларни осойишта бир мақомга туши-ради:

«Албатта тақводор зотлар (у кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар.» (Духон:51,52).

Сўнг уларни ундан бошқасини орзу ҳам қилиш-майдиган бир шарафли ўринга етказади:

«Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар.» (Қамар:54,55).

Зеро, шоир айтганидек: «Ҳақиқий бахт мол-дунё жамғаришда эмас, балки тақводор ҳақиқий саодат эгасидир. Аллоҳдан тақво қилиш охират учун энг яхши озуқадир, тақводор учун Аллоҳнинг ҳузурида зиёда неъматлар бордир.»

Буларнинг ҳаммасини биз учун рўзада қилиб қўйганлиги ва рўзани ўзимиз хавф қилган ҳар бир нарсадан қалқон ва барча орзуларимизга етишимизга сабаб қилиб қўйганлиги Аллоҳнинг бу умматга бўлган улкан неъматидир.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розиял-лоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

«Рўза қалқондир. (Қай бирингиз рўза тутган бўлса,) фаҳш сўзларни сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. (Аллоҳ айтади: Рўзадор) емоқ-ичмоғини ва шаҳватини Мен учун тарк қилади. Рўза Мен учун, мукофотини ҳам Ўзим бераман.»

Имом Насоий ривоятида: «Рўза қалқондир, модо-мики уни тешиб қўймаса.»

Имом Табароний ривоятида бунга қўшимча: «Қандай қилиб синдиради?» деб сўралганда: «Ёлғон ёки ғийбат билан», дедилар.

Бу эса жамики гуноҳлардан тийилиш лозимлигига ишора бўлса ажабмас. Зотан, ҳадисда айтилганиидек:

«Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳиллик (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емоқ-ичмоғини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ.» (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадордан нафақат ёлғон ва жаҳолатни тарк қилиш талаб қилинди – зотан бу ундан рўзадан бошқа пайтлар ҳам талаб қилинган иш – балки ундан қилишга тўла ҳақли бўлган бир иш, яъни ўзига тажовуз қилган кимсага жавоб қайтармаслик ҳам талаб қилинди. Агар биронтаси у билан уришса ё ҳақорат қилса, аслида унга жавоб беришга ҳақли ва бу унинг учун мубоҳ иш бўлса-да, бундан воз кечади, зеро рўзанинг ҳаққи муқаддам қўйилади. Емоқ-ичмоқ ва бошқа мубоҳ ва ҳалол нарсаларни тарк этгани каби ўзини сўккан одамга жавоб қайтариш ҳаққини ҳам тарк этади ва «Мен рўзадорман» деб, яъни бундай жоҳилона ишлардан тийилганман, деб жавоб беради, аҳмоқ ва тажовузкор кимсалар билан тенглашишдан ўзини сақлайди. Чунки, рўзадор киши намунавий инсон ва барча аъзолари билан бировга зиён етказмайдиган беозор мусулмон-дир. Чунки унинг қалбини тақво эгаллаган ва ундан ихлос, муҳаббат ва хушуъ балқиб туради, адовату нафратдан, кину ҳасаддан мусаффо. Унинг гап-сўзларига ҳам тақво ғолиб келиб, ёлғон ва ғийбатдан, сўкиш ва ҳақоратлардан ва ҳатто ўзини сўккан одамга жавобдан ҳам тилини тияди, «Мен рўзадорман» деб, ёмонликка яхшилик билан жавоб беради. Шунингдек, унинг кўзига ҳам тақво ғолиб бўлиб, ҳаромга қарашдан тўсади, қулоғи ва бошқа аъзоларида ҳам худди шундай ҳолат юз беради.

Қуйироқда рўзадор одам қилиши ёки қилмаслиги лозим бўлган ишларнинг баёни келади.

Рўзани Аллоҳ таоло бошқа амаллардан алоҳида қилиб, ҳадиси қудсийда: «...фақат рўза бундан мустас-но, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман», деб Ўзига хослаганининг ўзи унинг фазила-тига кифоя қилади.

Амаллар ичида рўзанинг алоҳида манзилати бор. Мусулмонлар рўзанинг энг афзал ибодат эканига иттифоқ қилганлар. Унинг самараларидан энг улуғи Аллоҳнинг тақвосини ҳосил қилиши экани юқорида айтиб ўтилди.

Аллоҳ таоло бошқа амаллар ичидан уни Ўзига хослаб, мукофотини ҳам Ўзидан бошқаси беролмас-лигини баён қилгани рўзанинг манзилати нақадар олий ва даражаси қанчалар юқори эканига далил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: Аллоҳ таоло айтади: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, (қилинган) ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаригача (мукофотланади), фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман.» ( Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу ҳадис рўзанинг фазилатини яққол намоён ва унинг Аллоҳ наздидаги мартабаси қай даражада эканини баён қилади. Ҳадис икки масалани – амаллар-нинг ажри бир неча баробар қилиб берилишини ва рўзанинг Аллоҳ ҳузуридаги қиймати қанча эканини ўз ичига олган. Биринчи масалани олсак, ҳар бир яхши амал учун 10 дан 700 баробаргача мукофот берилади, дейилди. Бу Исро ва Меърож кечасида қарор топган умумий асос бўлиб, шу кеча Аллоҳ таоло бу умматга 50 вақт намозни фарз қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайта-қайта мурожаат қилишлари билан охир-оқибат 5 вақтга тўхталинган ва Аллоҳ таоло Унинг ҳузурида айтилган сўз ўзгартирилмаслигини ва ҳар бир яхшиликка 10 баробар зиёда қилиниб, шу 5 вақт намозга 50 вақт намоз ажри берилишини ваъда қилган эди. Шу билан Исломда ҳар бир яхши амал учун Аллоҳнинг ҳузурида кўпайтириб берилувчи ажрнинг энг кам миқдори масаласи қарор топди. Ажр миқдо-рининг кўпайиши эса амалга ва амал соҳибининг ҳолига қараб бўлади ва баъзиларга 100, баъзиларга 700, баъзиларга эса ундан-да кўп, миқдорини Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ажрлар берилиши мумкин.

Мисол учун, Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг манзи-лати улуғ бўлгани боис, унга мол сарфлаш 700 баробар ва ундан ҳам ортиқ ажр берилувчи амаллар сирасига киради:

«Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайти-шига ишора қилинмоқда). Аллоҳ истаган кишилари-га бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.» (Бақара:261).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Амаллар Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида етти турлидир: Икки амал борки, (икки нарсани) вожиб қилади, икки амал борки, ўзининг баробарида (савоб ё гуноҳ берилади), бир амал борки, ўн баробар (савоб берилади), бир амал борки, етти юз баробар (савоб берилади), бир амал борки, унинг савобини Аллоҳ азза ва жалладан бошқаси билмайди. Вожиб қилувчи икки амал шуки, ким Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмай дунёдан ўтса, унга жаннат вожиб бўлади. Ким Аллоҳга ширк келтириб дунёдан ўтса, унга дўзах вожиб бўлади. Ким бир ёмон иш қилса, битта гуноҳ ёзилади, ким бир яхши амал қилишни ният қилиб, кейин уни қилмаган бўлса, унга битта савоб ёзилади. Ким бир яхши амал қилса, унга ўнта савоб берилади. Ким молини Аллоҳ йўлида сарфласа, сарфла-ган нафақаси бир дирҳами етти юз дирҳам, бир динори етти юз динор миқдорида зиёда қилинади. Аллоҳ учун рўза тутган одамнинг савобини Аллоҳ азза ва жалладан бошқаси билмайди.» (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ҳадис маъносига кўра, амаллар тафовутига қараб ё жаннатни, ё дўзахни вожиб қилади.

Аллоҳ таоло айтганидек:

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас.» (Нисо:48).

Ҳадиси шарифда келадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ким чин кўнгилдан “Ла илаҳа иллаллоҳ" деган бўлса, жаннатга киради», дедилар. (Имом Табароний ривояти).

Икки хил амал борки, уларнинг мукофоти ўзининг мислича: битта ёмонликнинг жазоси, агар тавба қилма-ган бўлса, битта гуноҳ. Битта яхшилик қилишга азм қилишнинг мукофоти, уни қилолмаган тақдирда, битта савоб. Агар қилса ўнта савоб.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ таоло деди: «Агар бандам бир яхши-ликни ният қилиб, кейин уни қилмаса, Мен унга битта савоб ёзаман. Агар қилса, ўнтадан етти юзтагача савоб ёзаман. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, уни қилмаса, унга ҳеч нарса ёзмайман. Агар ўша ёмонликни қилса, унга битта гуноҳ ёзаман.» (Имом Муслим ривояти).

Энди Аллоҳ йўлида мол сарф қилишнинг мукофоти – ибодатдаги ихлосга қараб, ушбу амал эгаларининг рағбат ва ниятларига, Аллоҳ ҳузуридаги ажрга инти-лишларига қараб, Аллоҳга бўлган иймонларидан келиб чиқиб, ўзлари муҳтож бўлсалар-да, ўзгаларни ўзларидан муқаддам қўйишларига қараб юзларча марта ортиб бораверади. Чунки, муҳтожлик ва камбағаллик вақтида қилинган инфоқ, бой-бадавлат ҳолда қилинган инфоқдан афзалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инфоқнинг афзали ҳақида сўзлар эканлар, камбағал одамнинг қийналиб қилган инфоқи соғлик пайти ва ёшлик даврида қилган инфоқидан афзалроқ экани ва бой бўлишни орзу қилиб, камбағал-ликдан қўрқиб турган кишининг инфоқини алоҳида таъкидлаганлар. Чунки, бундай инсон нафсининг бахиллигига ғолиб келган бўлади:

«Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар.» (Ҳашр:9).

Чунки, инфоқ молнинг оз-кўплигига қараб эмас, кўнгилдаги ниятларга ва ҳис-туйғуларга қараб ўлчана-ди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир дирҳам юз минг дирҳамдан ўзиб кетди», дедилар. Шунда бир киши: «Қандай қилиб, ё Расулаллоҳ?» деб сўради. «Бир кишининг кўп моли бор, унинг бир чеккасидан юз минг олиб, садақа қилди. Яна бир кишининг бор-йўғи икки дирҳами бор, у ўшанинг бирини садақа қилди», дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу ерда бир дирҳамнинг юз минг дирҳамдан ортиқлиги унинг жинси яхшироқ бўлгани учун ёки қиймати ортиқ бўлгани учун эмас. Гарчи бу бир дирҳам сарфланаётган мол нисбатига олиб қаралганда юз мингдан бирга тўғри келса-да, бошқа тарафдан қаралганда иккидан бирни ташкил этади, яъни у эгасининг бор молининг тенг ярмидир. У шу бир дирҳамини инфоқ қилиш билан гўё бор мол-давлатининг тенг ярмини инфоқ қилган бўлди. Аммо юз минг сарф қилган инсоннинг қилган бу инфоқи унинг молининг арзимас бир бўлаги бўлиб, бу унинг молига ҳатто таъсир ҳам кўрсатмаган ва ҳатто молининг камайганини умуман ҳис қилмаган бўлиши ҳам мумкин.

Қилинган бир яхши амалнинг етти юз баробар ва ҳатто юз минг баробаргача зиёда қилиниши ҳақидаги бу гаплар ҳар қандай яхши амал учун умумийдир.

Аммо рўзанинг ажри буларнинг ҳаммасидан юқори ва у хоссатан Аллоҳ таолонинг мана бу ояти остига дохил:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчи-ларга ажр-мукофотлари беҳисоб тўла-тўкис қилиб берилур.» (Зумар:10).

Ҳадиси шарифда айтилишича: «Рўза сабрнинг ярмидир.» (Имом Термизий ривояти).

Энди рўзанинг манзилати бошқа ибодатларга нисбатан олий бўлишлиги ва уни Аллоҳ таоло Ўзига хослаб: «...фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман» дейишли-гининг сабаблари ҳақида.

Аслида, мўмин кишининг барча амаллари Аллоҳ учун ва уларга бериладиган ажру савоблар ҳам ёлғиз Ул Зотнинг ўзи тарафидан бўлгани ҳолда, Аллоҳ таоло рўзани алоҳида хослаб, Ўзига изофа қилди. Бу хусусда уламолар томонидан турли фикрлар билдирилган.

— Баъзилар: Бу худди Аллоҳ таоло Каъбани Ўзига хослаб “Байтуллоҳ" деганига ўхшаган “изофаи ташриф"дир, дейдилар.

— Баъзилар айтади: Сабаби — рўзадорнинг устида Аллоҳдан бошқа кузатувчи йўқ, ҳадисда айтил-ганидек: «емоқ-ичмоғини Мен учун тарк қилади».

— Баъзилар айтади: Қиёмат куни одамларга бир-бирларидан ҳақлари олиб берилганда бошқа амал-ларидан қўлга киритган ажру савоблари кетиб қолиши мумкин, аммо рўзанинг ажри ўз эгасида қолади ва Аллоҳ таоло: «...фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман», дейди.

— Баъзилар айтади: Рўзани Аллоҳ таоло Ўзига хослашининг сабаби шуки, рўзадор бу амали билан Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат – яъни, емаслик ва ичмаслик сифати билан безанади.

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулаллоҳ, мени бир ишга буюрингки, Аллоҳ у билан мени фойдалан-тирсин» деб сўраганида: "عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لا مِثْلَ لَهُ" «Рўзага маҳкам бўл, зеро унга тенглашадиган амал йўқ», деганлар (Насоий ривояти).

“Саҳиҳайн"да Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Жаннатнинг бир дарвозаси борки, унинг номи “Райён"дир. У дарвозадан рўзадорлар чақирилади. Ким рўзадорлардан бўлса, ундан киради. Ким ундан кирса, асло чанқамайди», дедилар.

Рўзанинг Аллоҳ таоло ҳузурида тутган бу манзи-лати уни ҳар қандай нуқсонлардан асраб, муҳофаза қилган кишиларга насиб бўлади. Юқорида ўтган ҳадиси шарифда айтилганидек: "والصوم جُنة ما لم يخرقها" «Рўза қалқондир, модомики уни (ёлғон ёки ғийбат билан) тешиб қўймаса.»

Рўза шахслар эътибори билан, ундаги одобларга қаттиқ риоя қилиш ва ихлос эътибори билан ҳам тафовутли бўлади. Рўза фақат емоқ-ичмоқдан тийи-лишгина эмас, балки ҳар қандай қайтарилган ишлардан тийилиш ҳамдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айрим рўза тутган одам бўладики, рўза тутиб очлик ва ташналикдан бошқа нарсага эга бўлмайди», деганлар. (Ибн Можа ривояти). Яъни, тили, кўзи, қулоғи, қалби ва умуман барча аъзоси рўза тутмас экан, унинг рўзаси очлик ва ташналикдан бошқа самара келтирмайди. Чунки, рўза аслида бутун баданнинг кун бўйи адо этадиган ибодатидир. Рўзадор тўла бир ой тонгдан шомгача нафси билан курашади. Рўзага қўшимча ҳар куни тунги намозни, Рамазон сўнггида эса закотни адо этади. Шу билан бу муборак ой исломнинг учта рукни билан хосланди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Жаннат бир йил мобайнида Рамазон ойи учун зийнатланади. Ҳурлар бир йил мобайнида Рамазон ойи учун зийнатланади. Рамазон ойи киргач, жаннат: «Эй Роббим, бу ойда бандаларинг ичидан бизга кирувчиларни қилгин», деб дуо қилади. Ҳурлар: «Эй Роббимиз, бу ойда бандаларинг ичидан бизларга жуфт-лар қилгин» деб дуо қиладилар. Ким Рамазон ойида нафсини (ҳаром-ҳаришдан) тийса, ҳаром ичкилик ичмаса, бирон мўминга бўҳтон қилмаса, бирон гуноҳга қўл урмаса, Аллоҳ уни ҳар кеча юзта ҳурга уйлан-тиради, унга жаннатда олтин, кумуш, ёқут ва забаржаддан қаср бино қилади. Агар дунёнинг ҳаммасини йиғиб шу қасрга жойланса, унинг ичида битта эчки боғланадиган жойни эгаллайди. Ким бу ойда маст қилувчи ичимлик ичса ва бирон мўминга бўҳтон қилса ва гуноҳ ишга қўл урса, Аллоҳ унинг бир йиллик амалини бекор қилади. Рамазон ойида сусткашлик қилишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг ойидир. Аллоҳ сизлар учун ўн бир ойни еб-ичиб, лаззатланадиган қилди, фақат шу Рамазон ойини ўзи учун қилди. Рамазон ойида ҳушёр бўлинглар!» (Таба-роний “Авсат"да келтирган).

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ойни риоя қилишга, унинг ҳаққини тўла ўташга муваффақ айласин ва Ўзининг жаннатларига дохил қилсин.

Рўзанинг одоб ва аҳкомлари

Ҳар бир улуғ амалнинг ҳаққини тўла адо этиш ва ажру савобига эришиш учун риоя қилиниши керак бўлган одоб ва аҳкомлари бўлгани каби рўзанинг ҳам ўзига хос одоб ва аҳкомлари бор. Юқорида унинг айрим одоблари, жумладан, рўзада барча аъзолар иштирок этиши лозимлиги, мусулмон киши Аллоҳ қайтарган нарсаларнинг ҳаммасидан ва ҳатто баъзи мубоҳ ишлардан ҳам тийилиши кераклиги ҳақида айтиб ўтилди.

Рўзага доир ҳукмларни китоблардан, фиқҳ дарслик-ларидан топиш мумкин, савол-жавоб ва фатволар орқали ҳам билиб олса бўлади. Бироқ, бу ерда баъзи умумий ҳукмлар борки, рўзадорларга эслатиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Улар емоқ-ичмоқларига, гап-сўз ва иш-ҳаракатларига доир ҳукмлардир.

Аллоҳнинг тоат-ибодатига ёрдам бўлиши учун Рамазонда ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилиш ушбу ҳукмлар жумласидан. Бу ўз навбатида инсонни ҳалол касбга одатланишига ва йил бўйи шубҳали нарсалардан тийилишига ёрдам беради, олди-сотди ишларида ўлчов-тарозида уриб қолмайдиган, алдамайдиган ва хиёнат қилмайдиган қилиб тарбиялайди. Аслида ҳалол таом доимо вожиб бўлса-да, Рамазонда унинг вожиб-лиги таъкидлироқдир. Чунки, рўзадор одам учун ҳалолдан тийилиб, ҳаромдан ризқланиши асло жоиз эмас.

Ундан сўнг саҳарлик ва ифторлик борасидаги одоб ва аҳкомлар келади.

Рамазондаги саҳарлик ушбу умматга хос бўлган хусусиятлардан. Ўтган умматларнинг рўзаларида саҳарлик таомига ижозат бўлмаган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Бизнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарлик тановул қилишдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Биздан аввалги умматлар рўзасида, шунингдек исломнинг илк даврида рўзадорга ухлаб қолган пайтидан ё хуфтон намозини ўқиганидан сўнг ейиш-ичиш ва жинсий алоқа ҳаром қилинган эди. Уйқу ёки намоздан қай бири ҳосил бўлиши билан мазкур ишларнинг ҳаромлиги ҳосил бўлар, хуфтон намозидан то эртаси кун ботгунга қадар рўза ҳолатида бўлинар, ифтор муддати бор-йўғи шом билан хуфтон оралиғида эди. Агар кун ботгач, хуфтондан илгари ухлаб қолган бўлса емоқ-ичмоқдан маҳрум қоларди.

Бир куни бир киши даласидан уйига шомдан сўнг етиб келди. Аёли унга таом ҳозирлагунича кўзига уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолди ва шу сабаб кечани оч ўтказишга мажбур бўлди. Эртасига шу ҳолида рўза-сини давом эттириб, кун яримлаганда ҳолсизликдан ҳушидан кетиб қолди.

Бошқа бир киши уйига кечроқ келганида аёли у келгунича ухлаб қолганини айтди, бироқ у аёлининг гапини бир баҳона деб гумон қилиб, у билан қўшилди. Сўнг ўзига хиёнат қилганини англаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб берди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

«Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётган-ларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сиз-лар учун ёзган нарса (фарзанд)ни талаб қилингиз! Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара:187).

Шу оят билан илгариги таъқиқ бекор бўлди, еб-ичиш ва аёллар ҳалол қилинди. Аслида тун бўйи еб-ичиш мумкин бўлса-да, бироқ хоссатан саҳарлик таоми тановул қилиш рўзанинг ажралмас қисми қилиб белгиланди. Бу Аллоҳ таоло тарафидан бизларга марҳамат қилиб берилган рухсат бўлгани боис саҳарликни имкон қадар охирги вақтигача кечиктириш афзал ҳисобланади. Саҳарлик хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган:

«Саҳарлик қилингиз, зеро саҳарликда барака бордир.» (Муттафақун алайҳ).

«Албатта бу (яъни, саҳарлик) Аллоҳнинг сизларга ато этган баракотидир, уни тарк қилмангиз!» (Насоий ривояти).

«Саҳарлик қилиш билан кундузнинг рўзасига, қайлула (кундузги уйқу) билан тунги намозга ёрдамланингиз.» (Ибн Можа, Ҳоким, Ибн Хузайма).

Саҳарликни эрта тамомлашдан қайтариб, шундай деганлар:

«Умматим модомики, ифторни тезлатиб, саҳарлик-ни кечиктирар экан, яхшилик устида давом этаве-ради.» (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарлик бир луқма таом ёки бир қултум сув билан бўлса-да ҳосил бўлади:

«Саҳарлик тановул қилиш баракадир, агарчи бир қултум сув ичиш билан бўлса-да уни тарк қилмангиз! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ва малоикалари саҳарлик қилувчиларга салавот-салом йўллаб турадилар.» (Имом Аҳмад ривояти).

Салафларнинг саҳарликлари билан азон ўртасида эллик оят қироат қилиш миқдорида вақт бўларди. Бироқ, саҳарликни бомдодга бир неча лаҳза қолгунча ҳам давом эттириш мумкин.

Ифторни эса тезлатиб, кун ботишидаёқ оғизни очиш лозим. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Одамлар модомики, ифторликни тезлатар экан-лар, яхшилик устида давом этаверадилар», деганлар.

Аниқроқ ишонч ҳосил қилиш мақсадида ифторни кечиктириш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юлдузлар кўриниб қолгунча кечиктиришдан огоҳлантирганлар. Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда:

«Умматим модомики, юлдузлар кўрингунча ифто-рини кутиб турмас экан, менинг суннатимда давом этаверади», дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламни бир оз сув билан бўлса-да оғиз очмагунларича шомни ўқиганларини кўрмадим», деди-лар. (Ибн Ҳиббон ривояти).

Нима билан оғиз очиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Биронтангиз оғиз очса, хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир.» (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч дона хурмо билан оғиз очганлари ёки ўт тегмаган нарса билан оғиз очганлари ҳақида ҳам ривоятлар келган.

Оғиз очиш пайтида ўқиладиган махсус дуо ва зикрлар бор. Ҳадисларда рўзадор одамнинг оғиз очиш пайтдаги дуоси ижобат бўлиши айтилган.

«Аллоҳумма инний лака сумту ва ъала ризқика афторту» (Эй Роббим, албатта мен Сен учун рўза тутдим ва Сенинг берган ризқинг билан ифтор қилдим) дуоси мазкур дуолардандир.

Оғиз очишга шошилишнинг сири, банда ўзининг нақадар ожиз ва заиф эканини сездиришидир. Алллоҳнинг ноз-неъматларидан тийилиб тураркан, изн келганидан кейин ҳам яна ўзини тийиб туравериши бандага ярашмайдиган иш. Аксинча, ифтор вақтини интиқиб кутиши, Аллоҳнинг унга берган неъматини тановул қилишга хурсандлик билан шошилмоғи лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: оғиз очган вақтида бир хурсанд бўлади, Роббига йўлиққан пайтида рўзаси сабабли иккинчи бор хурсанд бўлади.» (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадор киши бошқа бир рўзадорни ифтор қилдириши марғуб амаллардан. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам:

«Ким бир рўзадорни ифтор қилдирса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, бироқ бу, рўзадор-нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди», деганлар. (Имом Термизий ривояти).

Саҳарлик билан ифтор оралиғида рўзадор рўзани бузиш эҳтимоли бўлган; таҳоратда бурунга қаттиқ сув тортиш, қон олдириш каби ишлардан тийилиши лозим бўлади.

Шунингдек, ўзини мажбурлаб қусишдан сақланиш керак, чунки бу рўзани бузади. Аммо ихтиёрсиз равишда қусиш рўзани бузмайди.

Шунингдек, ўз нафсини бошқара олишига ишон-маган одам аёлини қучиш, эркалатиш каби ишлардан тийилиши керак. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида аёлларидан бўса олардилар, қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шаҳватини жиловловчироқ?!»

Рўзадор одам кўп Қуръон ўқиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили Рамазонда бир бор Қуръонни тўлиқ Жибрийл алайҳис-салом назар-ларидан ўтказиб олардилар, охирги йили икки марта ўтказиб олганлар.

Шунингдек, кўп садақотлар қилиши лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрийл алайҳис-салом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кeтардилар.» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Сўзимиз охирида Аллоҳдан бизларни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўраймиз.

Ва соллаллоҳу ва саллама ва борака ала саййидина ва набиййина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.


1)



[1] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага янги ҳижрат қилиб келганларида яҳудларга баъзи амалларда мувофиқ иш тутганлар. Вақт ўтиши билан Ислом ва мусулмонлар кучайиб, дин зоҳир бўлгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи шиор ва либосларда яҳудларга хилоф иш тута бошладилар. Ошуро рўзасини ҳижрат қилган йилларидан бошлаб то вафотларидан бир йил олдингача фақат ўнинчи кунда тутиб келдилар, вафотларидан олдин келгуси йилда яҳудларга хилоф ўлароқ тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишларини эълон қилдилар. Бундан равшан бўладики, Рамазон рўзаси 2- ҳижрий йилда фарз бўлгунича ва ундан кейин ҳам Ошуро фақат бир кун тутиб келинган охирдан олдинги йили яҳудларга қарама-қарши иш тутиш учун тўққизинчи кунни тутиш эълон қилинган (Таржимон).

معلومات المادة باللغة العربية