Description
Ушбу мақола шайх Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳуқайлнинг хутбаларидан таржима қилинган бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига иймон келтиришнинг вожиблиги, ундан юз ўгиришдан ҳазир бўлиш ва инкор қилганларнинг синфлари баён қилинади.
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсон ва жинларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратган, уларни омонатини кўтаришга таклиф этиб, шариатига риоя қилишни фарз қилган Латиф ва барча нарсадан Бохабар Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Биз Унинг барча нозу неъматларига ҳамду санолар айтамиз. Мен: «Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У рисолатини етказиш ва бандаларга йўл кўрса-тиш учун пайғамбарларни юборгани, одамларнинг айримлари улар олиб келган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул этиб, шариатига риоя қилганлари, баъзилари эса залолат йўлига тушганликларига ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг элчиси ва бандаси бўлиб, Аллоҳ Уни йўл кўрсатувчи, муаллим, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган эканига ва У пайғомни етказиб, омонатни адо этиб, ўлимигача Аллоҳ йўлида курашган эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга энг яхши пайғамбарга уммати номидан берадиган юксак мукофотларни берсин. Аллоҳим, Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва пайғамбарларнинг энг яхши издоши бўлган саҳобаларига салавоту саломлар йўлла! Ҳолбуки, Сен уларни Азиз Китобингда ёд қилдинг, таърифларини баён қилдинг, сифатларини мақтадинг ва улардан кейин келиб уларни севган одамларга ҳам тасаннолар айтдинг:
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмли-дирсан» (Ҳашр: 10). Аллоҳим, уларга Қиёмат кунигача издош бўлганларга ҳам салавоту саломлар йўлла!
Сўнг …
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва солиҳ амалларни қилинглар! Чунки дунё — сизларнинг қолишингиз учун яратилмаган ва орзуларингизнинг интиҳоси ҳам эмас. Охират эса сизларнинг диёрингиз бўлиб, у ерда ота-она ва фарзандлар фойда бермайди. Фойда берадиган нарса иймонингиз ва тақвойингиз-дир. Шундай экан иймон ва тақво билан таъминла-нингиз:
«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқин-гиз ва яна бир Кундан (яъни, қиёматдан) қўрқингизким, (у кунда) бирон ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирон нарса ўтай олгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни ғурур (яъни, шайтон) Аллоҳ (ҳар ҳандай гуноҳни кечаве-ради деган алдов) билан алдаб қўймасин!» (Луқмон: 33).
Ҳой одамлар, одамларни ҳидоятлаши, уларга таълим бериши, пайғамбарларни юбориб китобларни нозил қилиши ва ҳақиқатни баён қилиши, Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳматидандир. Бандаларнинг айримлари Аллоҳнинг бу ҳидояти ва раҳматини қабул қилиб, пайғамбарларига эргашдилар, Аллоҳнинг китобларини тасдиқладилар ва шариатига риоя қилдилар. Уларгагина дунёнинг саодати ва охиратнинг ютуғи бордир. Одамларнинг айримлари эса, Аллоҳнинг раҳматидан юз ўгириб Аллоҳнинг пайғамбарларига қаршилик қилдилар, китобларини рад этдилар ва Аллоҳга ибодат қилишдан воз кечдилар. Уларга дунёдаги бахтиқаролик ва охират-нинг қийноқлари бордир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси ҳисобланиб, Ундан кейин пайғамбар йўқдир. Аллоҳ таоло пайғамбарликларидан то Қиёматгача яшайдиган ва балоғат ёшига етган ҳар бир инсонга Пайғамбаримизга иймон келтириш, эргашиш ва Уни тасдиқлашни фарз қилди. Энди, Аллоҳ таолога олиб борадиган Пайғамбаримизнинг динидан бошқа дин ҳам, Аллоҳ таоло суйган ва бандаларига рози бўлган Унинг шариатидан бошқа шариат ҳам йўқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19);
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардан-дир» (Оли Имрон: 85).
Қуръон оятлари умматни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришга амр қилиб келган:
«Эй одамлар, бу пайғамбар сизларга Парварди-горингиздан ҳақ динни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур» (Нисо: 170).
Бошқа бир оятда эса шундай дейилган:
«Эй (Ийсога) иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам иймон келтиринглар!» (Ҳадид: 28).
Учинчи оятда эса бундай дейилган:
«Бас, сизлар Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган Нурга — Куръонга иймон келтиринглар!» (Тағобун: 8).
Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмаган кишиларга жаҳаннам қийноқларини ваъда қилди:
«Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирмаган бўлса, бас албтта Биз ундай кофирлар учун дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз» (Фатҳ: 13).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймон Унинг пайғамбарлигига иқрор бўлиш билан тасдиқлашдир. Бу — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш, Унга итоат этиш, амрларини қабул қилиш, Унга бўйинсуниш, динига итоат этиш ва шариатига амал қилиш, демакдир.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун башарият учун Қиёмат кунигача юборилган пайғамбар эканидан хабар берди. Бу, Унинг бошқа халқлар қолиб фақатгина бир халққа ёки бошқа миллатлар қолиб бир миллатга ёхуд бошқа ирқлар қолиб битта ирққа ёда бошқа замонлар қолиб бир замонга пайғамбар бўлмагани балки пайғамбар бўлиб юборилганидан то Қиёмат кунигача ҳар замон ва ҳар макон учун пайғамбар бўлганини тақозо этади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу жумлалар билан одамларга хитоб қилишга буюрди:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).
Бошқа оятда эса шундай деди:
«Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга — мана шу Қуръон ваҳий қилинди» (Анъом: 19).
Ушбу ояти каримага кўра Қуръон билан огоҳлантириш, у етиб борган барча киши учун умумийдир. Бу оят қуйидаги оятга менгзайди:
«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқит-гувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллал-лоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли — Буюкдир» (Фур-қон: 1).
Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Ҳар бир пайғамбар ўз қавми учунгина юборилар эди. Мен эса қизил ва қора танли одамларнинг барчаси учун юборилганман», — деганлар.
Кўплаб ваҳийларнинг талаби шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чақириғи етиб борган бўлсада унга ижобат қилмаган ва Қуръонга иймон келтирмаган одам кофирлардан бири бўлиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларида очиқ баён қилинганидек, жаҳаннамда мангу қолади:
«Барча гуруҳлар орасидан ким у Қуръонга кофир бўлса, унга ваъда қилинган жой — дўзахдир» (Ҳуд: 17);
«Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир» (Бақара: 121).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилган: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, бу уммат ичидан яҳудий ё насроний бўлган кимса мени эшитиб мен билан бирга юборилган нарса (Қуръон)га иймон келтирмай ўлса, жаҳаннам аҳлидан бўлади», — дедилар (Имом Муслим, 403).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига иқрор бўлиш усулларидан бири, Унинг сўнгги пайғамбар — пайғамбарларнинг охиргиси экани ва Ундан кейин пайғамбар бўлмаслигига ҳамда Ундан кейин пайғамбарликни даъво қилган ёки валийлик ёки бошқа бирон ном остида қонун чиқариш ҳаққи борлигини иддао этган одам ёлғончи каззоб эканига ишонишдир:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен-дан кейин пайғамбар йўқдир», — дедилар (Муттафа-қун алайҳ: Имом Бухорий, 3455; Имом Муслим, 4879).
Банда Қуръони Карим Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ва ўзидан аввалги илоҳий китоб ва пайғамбарларни тасдиқлаган ҳамда ўтмишдаги барча қонунларнинг айримларини бекор қилган бўлсада, бошқаларини тўлдириб келган эканига иқрор бўлиши шарт:
«Сизга эса (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагув-чи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48). Бу — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш ва шариатига бўйинсунишни талаб этади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ... бўйинсунингиз!» (Нисо: 59);
«Айтинг: «Аллоҳга бўйинсунингиз ва пайғам-барга бўйинсунингиз!»» (Нур: 54).
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳидоятни Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш билан қўлга киритилишини баён қилиб:
«Агар Унга итаот этсангизлар ҳидоят топасиз-лар», — деди (Нур: 54).
Мўъминнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг итоатидан чиқиши ёки Унинг шариатидан бошқа йўлларга мурожаат этиши таъқиқлангандир. Акси тақдирда, у мўъминлик доирасидан чиқади:
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларида ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36);
«Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар!» (Ҳашр: 7).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмаган одамлар бир неча гуруҳдир. Уларнинг баъзилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи деб ҳисоблаб, Унинг ростгўйлиги ва умматига насиҳат қилган эканига очиқ далилар бениҳоя кўп бўлсада, Аллоҳ таоло биронта пайғамбар юбормага-нини гумон қилдилар. Бу гуруҳдаги одамларнинг сони ўтмишда ҳам, ҳозирги кунимизда ҳам кўп бўлиб, улар бутпарастлар, даҳрийлар ва китоб аҳлларининг айрим тоифаларидир.
Бошқа гуруҳ эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар эканини тасдиқлайдилар, бироқ, араб миллати учунгина пайғамбар қилиб юборилган, — деб ўйлайдилар. Айрим одамлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини Макка ёки Араб ярим оролигагина чеклаб қўядилар ва бу билан бир-бирига зид нарсаларни айтмоқдалар. Чунки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар эканига иймон келтиришса Унинг Аллоҳ таоло тарафидан олиб келган таълимотларини тасдиқлашлари лозим бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръондан хабар бердилар ва унинг Аллоҳ-нинг Каломи эканини айтдилар. Қуръони Каримда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир замон ва макондаги бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилгани таъкидланган. Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тасдиқлашса, У берган хабарларни ҳам тасдиқлашлари керак. Акси тақдирда гаплари бир-бирига зид бўлади.
Учинчи гуруҳ эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тасдиқлашларини ошкор қилсаларда, лекин барча йўллар Аллоҳга олиб боришини ҳамда барча динлар Аллоҳнинг даргоҳида мақбул бўлишини гумон қилдилар ва буни «руҳонийлик» деб атадилар. Уларнинг кўплари яҳудий ва насроний динларини ҳам тўғри динлар қаторига қўшиш учун «самовий» ёки «иброҳимий» динлар деб атамоқдалар. Агар бу инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тасдиқлайди-ган бўлсалар, Унинг берган хабарларини ҳам тасдиқлашлари лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини ҳамда Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотларга иймон келтирмаган одам жаҳаннам аҳлидан бири эканини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин яҳудий, насроний ва бошқа барча динларни бекор қилганининг хабарини берган. Шунинг учун ҳам, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ё бу ишларда ҳам тасдиқлашлари ва Унга эргашишлари ёки Уни рад этишлари керак. Йўқса, уларнинг бир гаплари бошқасига терс тушмоқда.
Тўртинчи гуруҳ эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймонларини ошкор қилсаларда, бироқ: Унинг шариатининг ботин ва зоҳири бор. Унинг ботинини биз ва машойихлари-мизгина биламиз, деб гумон қилдилар. Натижада, ўзлари ихтиро қилган ва «Бу бизнинггина ихтисоси-миз» деганлари «ботин» билан, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам шариатининг зоҳирига қарши чиқдилар. Ботиний фирқаларнинг барчаси Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динини бекор қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳтарама рафиқалари ва асҳобларини айблади, ўзларининг раҳбарлари ва машойихлари ҳақида ғулув кетишди. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймонлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатини бекор қилганлари ва «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам динининг ботини» дея гумон қилишган янги динни пайдо қилишгани учун, нуқсонлидир.
Бешинчи гуруҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганларини гумон қилдилар, бироқ бу иймонларида ғулув кетиб, Аллоҳдан бошқа-сига сиғиндилар: улардан тилакларини, мададу ёрдамни, эҳтиёжларини, мусибатларнинг кушойишини сўрадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Аллоҳ таолони ибодат билан яктолашни Аллоҳга ширк келтириш ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида ғулув кетиш билан буздилар.
Уларнинг айримлари мавлидларни ўйлаб топдилар ва меъёрдан ортиқ мадҳиялар қилдилар. Насронийлар Ийсо ибн Марямни улуғлаганидек Муҳаммад соллал-лоҳу алайҳи ва салламни ҳам улуғладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишларни таъқиқлаган бўлсаларда, улар бу таъқиқларни қилди-лар.
Олтинчи гуруҳ эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлаганлари, иймон келтирганлари, номи зикр қилинса салавот айтганларини гумон қилсаларда, ўзларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатидан чиқиш ҳаққи борлигини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин охиратга тааллуқли ибодат ва ахлоққагина алоқадор бўлиб, дунёвий ишлар одамларнинг ўзларига ташлаб қўйилган, деб гумон қилдилар. Секуляр йўналишдаги одамларнинг кўпи шу фикрдадир. Уларнинг ишлари, сўзларига зиддир. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган ва уни тасдиқлаган бўлсалар, У айтган хабарларни қабул қилишлари, дунё ва охиратга тааллуқли аҳкомларига фарқсиз итоат этишлари лозим. Акси тақдирда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига итоат этмаган бўладилар ва итоат этмаслик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига бўлган иймонни задалайди.
Бу гуруҳдагиларнинг кўпчилиги шариат буйруқла-рини амалга оширмаслик учун турли таъвил ва изоҳларга берилишади. Натижада ўзларининг хоҳиш-ларига муносиб бўлмаган аҳкомларни фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонига ёки муайян пайтларга хос деб гумон қиладилар. Хусусан, шаръий ҳукмлар улар иддао этаётган Ғарб ҳуррияти ёки демократия ёхуд инсон ва хотин-қизлар ҳуқуқи ва бошқа номларга зид келиб қолса, шундай қиладилар.
Уларнинг адашишларининг сабаби, улар замона-вий Ғарб дунёқрашларига мутлақ иймон келтиришган ва унга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатини қиёслашган. Агар уларга исломий шариат муносиб келса уламо, воиз ва хатибга айланиб одамларни унга чақирадилар, уни ҳужжат қилиб кўрсатадилар. Агар мос келмаса исломий шариатни рад этадилар, таъвил қиладилар ва уни ёлғонга чиқарадилар. Ҳолбуки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотлардан бирон нарсани рад этган кимсанинг иймони бузилади. Ислом дини, Ислом даъвати бегона ва уларнинг гўзаллигига қарши бўлган матбуот сафарбарлиги боис, айрим одамлар кўнгилларида шариат аҳкомлари ҳақида чигаллик-ларни ҳис этадилар ёки унга бўйинсунмайдилар ёхуд «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни олиб келмаган» деб умидвор бўладилар. Бу муаммо натижа-сида уларнинг қалбидаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймон задаланади. Чунки, бундай қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан мутлақ бўйинсунишга зиддир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймон, Унга пайғамбар ва элчи дея рози бўлишнинг муқаррар натижаси, Унга олиб келган ёки хабар берган барча нарсаларига сиқилмай ёки текширмай ёхуд баҳсу мунозара қилмай ёда У олиб келган таълимотларнинг айримларини олиб, бошқаларини ташламай рози бўлиш, буюрган ва таъқиқлаган фармонларида итоат этишдир. Чунки банданинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мўъмин эканини гумон қилиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган баъзи нарсаларга қарши чиқиши ёки у ҳақида низолашиши ёхуд унга рози бўлмаслиги ёда Унинг ўрнига ўзини қўйиши ёда шунга ўхшаш нарсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган иймонни бузади.
Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан тақво қилингиз ва Унга қалбингиз билан таслим бўлиб, динингизни Аллоҳ учун холис қилингиз! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга итоат этингиз! Чунки, иймон ўшандагина мукаммал бўлади.
Сонлари кўп, оғизларидан чиқаётган гаплари ширин, сўзамол, оммавий ахборот воситаларини қўлга олган ва бу борадаги овозлари баланд бўлсада, адашганларнинг ҳаёт дастурларидан ҳазир бўлингиз. Чунки ҳақиқат, тарафдорлари оз ва овози паст бўлсада ҳақиқатдир!
Аузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм.
«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича — бўйинсунмагунла-рича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).
Аллоҳ таоло менга ва сизларга баракаларини ёғдирсин …
Иккинчи хутба
Аллоҳга Ўзи суйгани ва рози бўлганидек кўп, покиза ва муборакли ҳамду санолар бўлсин. Биз Аллоҳга ҳамду сано, шукрона ва истиғфорлар айтиб, тавбалар қиламиз. Мен «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расули» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Қиёмат кунигача Унинг ҳидоятига издош бўлганларга салавоту баракотлар ёғдирсин.
Сўнг …
Бас, Аллоҳ таолодан тақво қилинглар ва Унгагина итоат этинглар:
«Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 281).
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоят ва Ҳаққирост Дин билан барча оламларга раҳмат ва бутун инсониятга ҳидоят қилиб юборди. Аллоҳнинг раҳматини қабул қилиш эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириш, Унинг шариатини қабул қилиш ва суннатига риоя этиш, демакдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатни рад этиш, Аллоҳ таолонинг раҳматини рад этишнинг айнан ўзидир.
Шунинг учун ҳам Қиёмат кунидаги энг бахтли инсонлар, Аллоҳнинг бу дунёдаги раҳматини қабул қилган инсонлардир. Шундай экан, сизлар Аллоҳнинг расули бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашингиз! Охират диёрида Аллоҳнинг раҳматидан энг узоқда бўлган инсонлар, Аллоҳнинг бу дунёдаги раҳматини қабул қилмаган ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган инсонлар-дир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсига ёки пайғомига ёхуд шариатига ёда таржимаи ҳолига китоб аҳллари ёки даҳрийлар ёхуд араб зиндиқлари томонидан олиб борилган қоралашлар-нинг барчаси — Аллоҳ таолони қоралаш, Аллоҳнинг раҳматини рад этиш, демакдир. Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар айтаётган ифтиро ва туҳматлардан бутунлай пок ва айбсиздир.
Уларнинг ҳолларига вой бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қандай қоралайдилар, рад этадилар, масахара қиладилар ва Унинг шариатидан воз кечадилар?! Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсонлару жинлар, араблару ажамлар, мўъминлару кофирларга раҳмат қилиб юборилгандир. Ҳатто бу раҳмат забон-сиз паррандаю ҳайвонот оламига ҳам етиб борган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва аҳдларга вафо қилишга чорлаб, барчанинг ўз ҳаққини кафолатлайди. Шу боис ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳ таоло айтганидек, бутун Ер юзига раҳматдир-лар:
«Биз Сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё: 107).
Шунинг учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбориш билан мўъминларга бу дунёда эришишадиган саодат ҳамда хотиржамлик ва Охиратда катта ютуқларни қўлга киритишлари учун раҳмат қилди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли ҳуқуқларини ҳимоя ва аҳдларига вафо қилиш билан кофирларга ҳам раҳм қилди. Шунинг учун ҳам улар Исломни сева бошладилар ва кофирларга кофир бўлганликлари учун хиёнат қилинмади. Мусулмонлар-нинг зиммаси ёки ҳимоясига кирган кофирнинг ўзи, оиласи ва мулкининг хавфсизлиги таъминланди: модомики аҳдини бузмас экан унинг ҳуқуқларига на тажовуз ва на зулм ва на хиёнат қилинди. Чунки бундай кофирга хиёнат қилган кимса, Аллоҳнинг динига хиёнат қилган бўлади.
Ҳатто Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситаси билан Исломга қарши жанг майдонида уруш олиб бораётган кофирларга ҳам жорий қилган ҳуқуқлари: уларни Исломга чақириш, урушнинг бошланишидан илгари Ислом ва жизъяни танлаш билан раҳм қилган бўлса, рафиқалари, фарзандлари, роҳиблари ва қарияларига ҳам, модоми-ки қурол кўтариб мусулмонларга қарши урушмаётган бўлсалар, ўлдирмаслик билан раҳм қилди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динда парранда ва ҳайвонот оламига бўлган раҳмат, Оламлар учун юборилган раҳматни тугаллади. У махлуқотларни қийнамаслик, оч қўймаслик, кучлари етмайдиган нарсаларга мажбурламаслик, ўқ отиш учун нишон қилиб олмаслик, ўз ҳаққи билангина сўйиш, нишон қилмай едириб тўйдириш — раҳматнинг бир кўринишидир. Ҳолбуки, бир жувон қамаб қўйган мушугига овқат бермагани ёки уни қўйиб юбормагани учун жаҳаннамга киргани, бошқа бир жувондан эса бир итни суғориб қўйгани учун Аллоҳ миннатдор бўлгани ва унинг гуноҳларини мағфират қилгани ҳадисларда ворид бўлган.
Сизларга Аллоҳ меҳрибон бўлсин, Аллоҳ таоло-нинг сўнгги пайғамбари ва пайғамбарлар имоми бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юбориш билан сизларга қандай неъматни ато этганининг қадрини билинглар! Сизларга пайғамбар ва расул юбориш билан Аллоҳнинг сизларга неъмат ато этганига ҳамду санолар айтинглар! Аллоҳга сизларни Ўз динига ҳидоят қилгани учун шукр қилинглар ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам-га иймон келтиришнинг тақозоларини танинглар ҳамда Унинг суннатига эргашиб, ҳукмларини қабул қилинглар! Пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимот ва аҳкомларга нисбатан кўнглингизда ғашлик бўлмасин! Чунки, У олиб келган нарса — Аллоҳнинг ҳузурида ҳақиқатдир. Унга қарши бўлган ҳар бир нарса, манбаси қаер ва гапирган одам ким бўлишидан қатъий назар — ботилдир:
«Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).
(Ҳой мўъминлар), Роббингиз буюрганидек пайғам-барингизга салавоту саломлар йўллангиз …