Description
Ушбу мақолада истинжо ва истижмор аҳкомлари, ҳожатхона одоблари зикр қилинади.
Истинжо ва истижмор аҳкомлари
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
أحكام الاستنجاء والاستجمار
مقالة مقتبسة من كتاب "مختصر الفقه الإسلامي"
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Истинжо: сабилайн — олд ва орқа чиқарув йўлидан чиққан нажосатни сув билан тозаламоқдир.
Истижмор: сабилайн — олд ва орқа чиқарув йўлидан чиққан нажосатни тош, қоғоз ва шунга ўхшаган нарсалар билан тозаламоқдир.
1- Ҳожатхонага киришда чап оёқни биринчи қўйиш ва қуйидаги дуони айтиш суннатдир:
Маъноси: “Эй Оллоҳ, мен Сендан эркак ва урғочи жинлардан паноҳ беришингни сўрайман” (Бухорий ва Муслим ривояти).[1]
2- Ҳожатхонадан чиқишда эса ўнг оёқни биринчи қўйиш ва қуйидаги дуони айтиш суннатдир:
Маъноси: “(Эй Оллоҳ!) Мағфират этишингни сўрайман” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).[2]
1- Масжидга кириш, кийим ва пойабзал кийиш ва ҳожатхонадан чиқишда ўнг оёқни олдин қўйиш суннат бўлса, масжиддан чиқиш, кийим ва пойабзални ечиш ва ҳожатхонага киришда чап оёқни олдин қўйиш суннатдир.
2- Очиқликда ёки чўлу биёбонда ҳожатга бормоқчи бўлган киши кўздан йироқ, одамлардан тўсилган жойга бориши ва сийдик сачрашининг олдини олиш мақсадида кичик ҳожат учун юмшоқроқ ерни ахтариши суннатдир.
3- Эркак киши ўтириб бавл қилиши суннатдир. Сийдик сачрамаслигидан ва одамларнинг назари тушмаслигидан хотиржам бўлса, тик туриб бавл қилиши жоиздир.
4- Эркагу аёлга одамлар олдида авратини очишлиги ҳаромдир.
5- Ҳожатхонага Қуръон билан кириш ҳаромдир. Агар ташқарига қўйиб кирганда ўғирлаб кетилишидан қўрқса, Қуръон билан ҳожатхонага кирса бўлади. Агар ҳожатхонадан чиққунича Қуръонига қараб турадиган ва чиққанида унга топширадиган бирини топса, яна ҳам яхши.
6- Ҳожатхонага ичида Қуръон ёки ҳадис юкланган жиҳоз ёки қўл телефон ёки касета ва шуларга ўхшаш нарсалар билан кирса бўлади, чунки улар инсоннинг ичига (яъни хотираси, миясига) ўхшайди.
7- Ҳожатхонага Оллоҳ таолонинг номи бўлган бирор нарса билан кириш жоиз бўлса-да, кирмаслик афзалдир.
8- Ковакка бавл қилиш, олатини ўнг қўл билан ушлаш, ўнг қўл билан истинжо ва истижмор қилиш, очиқликда таҳорат синдираётган бўлса, ерга яқинлашмасдан олдин этагини кўтариш ёки шимини тушириш, катта ёки кичик ҳожат асносида саломга алик олиш макруҳдир. Бундай ҳолатда ҳожатини битириб, поклангандан кейин саломга алик олади.
9- Гўдак ўғил бола бўлса, унинг сийдиги устига сув қўйиб юборилади, қиз бола бўлса, сув тўкиб ювилади. Бу ҳукм ҳали овқат емайдиган гўдакларга тегишли, агар овқат еб бошлаган бўлса, ҳар иккисиники ҳам ювилади.
Очиқликда бўлса ҳам, бино ичида бўлса ҳам қиблага қараб ёки орқа ўгириб таҳорат ушатмоқ ҳаромдир.
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар ҳожатхонага борсангиз, қибла томонга олдингизни ҳам, орқангизни ҳам қаратманглар! Балки шарқ ёки ғарб томонга қараб ўтиринглар!”[3], дедилар.
Абу Айюб разияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Шом диёрига бориб ҳожатхоналарни қибла томонга қараб қурилган ҳолатда топдик. Шунда қибладан бошқа томонга бурилиб ўтирар ва Оллоҳ таолодан мағфират сўрар эдик” (Муттафақун алайҳи).[4]
Масжид, йўл, соя жойлар, мевали дарахт таги, одамлар ўтадиган жойлар, боғлар ва шунга ўхшаш одамлар дам олиб, хордиқ чиқарадиган ва савдо-сотиқ қиладиган жойлар сингари омма фойдаланадиган умумий жойларга катта ёки кичик таҳоратни ушатмоқ ҳаромдир.
Истижмор покиза учта кесак билан қилинади. Учта, бешта ва ҳоказо тоқ сондаги кесак ишлатиш суннатдир. Суяк, тезак, таом ва ҳурмат-эътиборли нарсалар билан истижмор қилиш (нажосатни тозалаш) ҳаромдир.
Сабилайн — олд ва орқа чиқарув йўлларидан чиққан нарсаларни сув, тош (кесак), латта ва қоғоз билан тозаласа бўлади. Сув билан тозалаш афзалдир, чунки у энг яхши тозаловчидир.
Қазои ҳожатдан кейин қўлларни совун ва шунга ўхшаш тозаловчи воситалар билан ювмоқ мустаҳабдир.
Кийимга теккан нажас жойларни сув билан ювиб ташлаш вожибдир. Бордию нажас теккан жой билинмай кетган бўлса, кийимнинг ҳаммаси ювилади.
Ёзувли қоғоз ва варақларга баъзи моддалар қўшилиб, қориштирилиб, сўнгра тозаликда ва нажосатни кетказишда ишлатиладиган юпқа қоғоз салфетка шаклига келтирилса, уни ишлатиш жоиздир. Бироқ Қуръон ва шаръий илмлар ёзилган китоб варақларини бу шаклда ишлатиш ҳаромдир. Чунки унда шариатни оёқ ости қилиш ва ҳурматини тўкиш бор.
* * *