×
جدبد!

تطبيق موسوعة بيان الإسلام

احصل عليه الآن!

مكة المكرمة (أوزبكي)

إعداد: Шайх Усома ибн Саид Умар Мансий Моликий

الوصف

مقالة مترجمة إلى اللغة الأوزبيكة عبارة عن خطبة جمعة يتحدث فيها الشيخ عن مكة وفضائلها وفضائل أهلها ومن جاورها.

تنزيل الكتاب

Маккаи Мукаррама

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Шайх Усома ибн Саид Умар Мансий Моликий

Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший

2013 - 1434

مكة المكرمة

« باللغة الأوزبكية »

الشيخ أسامة بن سعيد عمر منسي المالكي

ترجمة: أبو جعفر البخاري

مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

2013 - 1434

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 Биринчи хутба

(Барча ҳамдлар Оллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амаллари- мизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

«Ҳой мўминлар, Оллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир». (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди». (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Оллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).

Сўнг ...

Оллоҳнинг бандалари, сизларга энг яхши тавсияни қиламан: Оллоҳдан лойиқ бўлганидек тақво қилингиз!

Ҳой мўминлар, унутмангларки, сизлар Оллоҳнинг Ҳаром Шаҳрида – Уммул Қурода турибсизлар. Оллоҳ таоло бу шаҳарни Еру Осмонларни яратган кунида ҳурматли қилди ва унинг фазилатларини Қуръон Каримнинг бир неча жойида зикр этди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч шаҳар қилгин, мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин». (Иброҳим: 35);

«Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж: 29);

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим — Уйимни тавоф қилгувчилар қиём, яъни намозда тик ғоз туриш, рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!» (Ҳаж: 26);

«Эсланг: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик)». (Бақара: 125);

«Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитгувчи, билгувчисан!» (Бақара: 127);

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга айтинг): «Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни Маккаи Мукарраманинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман. У (бу шаҳарни) харом қилган зотдир (яъни бу шаҳарда қон тўкилиши, бирон кишига зулм қилиниши, ов овланиши ва ҳатто ўт юлиниши ҳам ҳаром қилингандир). Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман». (Намл: 91);

«Албатта Сафо ва Марва Оллоҳ (буюрган) маросимлардандир.

И з о ҳ. Сафо ва Марва Каъба яқинидаги икки тоғ бўлиб, ислом келишидан илгари ҳам араблар Каъбани тавоф қилганда уларнинг оралиғида етти марта бориб келиш (саъй қилиш) одатлари бор эди. Шунинг учун ислом келганидан кейин мусулмонлар ҳаж қилиш пайтларида у тоғлар оралиғида саъй қилишдан тортинганларида шу оят нозил бўлди.

Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир.

И з о ҳ. Ҳаж қилиш — ҳар йили Зулҳижжа ойининг 8 - 13-кунлари иҳром (махсус кийим) билан Каъбани зиёрат. қилиш, Арафот тоғида туриб тавба-тазарру ва дуо-илтижо қилишдир. Умра қилиш — йилнинг хоҳлаган кунида Каъбани зиёрат қилишдир. Имкони бўлган киши ҳаётида бир марта ҳаж қилиши исломда фарз бўлган амаллардан ҳисобланади. Умра эса суннат амаллардандир.

Ва ким ўз ихтиёрила яхшиликии ният қилса, бас, албатта Оллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир.

И з о ҳ. Яъни бир марта ҳаж ва умра қилганидан кейин ана шу амалларни ихтиёрий равишда қилса, Оллоҳ унинг бу яхши амаллари учун муносиб мукофотлар ато қилади» (Бақара: 158);

«Улар (яъни Қурайш кофирлари): «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар бизлар сен билан бирга тўғри йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажралурмиз», дедилар. Ахир Биз уларга тинч-осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар». (Қасос: 57);

«Оллоҳ Каъба — Байт ул-ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди». (Моида: 97);

«Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! У зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди» (Қурайш: 3, 4);

«Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир бўлагини — ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг Ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим.

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳис-саломнинг Ҳожар исмли хотинлари Исмоил алайҳис-саломни туққанларида, Сора (Иброҳим пайғамбарнинг бошқа хотинлари) бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлаган экан. Шунда Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таоло амри билан ўғиллари Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни олиб Шомдан Маккага бориб, уларни ўша жойга жойлаштириб қайтаётиб, Тангри таолога илтижо қилиб мана шу оятларда мазкур бўлаётган дуоларни ўқиган эканлар. Ҳадиси шарифда зикр қилинишича, Оллоҳ таоло Ўз пайғамбари Иброҳим алайҳис-саломнинг дуоларини ижобат қилиб, ўша саҳродан «зам-зам» чашмасини чиқариб, у Ерда қолганларга оби ҳаёт ато этган экан.

Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим: 37);

«Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжид-ал-Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!» (Бақара: 144);

«(Оллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир». (Исро: 1);

«Оллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди». (Наҳл: 112).

Оллоҳнинг бандалари, Оллоҳ таоло ушбу оятларни Макка шаҳри ҳақида нозил қилди ва бошқа шаҳарлар ҳақида бунчалар оят нозил қилмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавллари ичида ҳам Макка, Макка аҳли ва унда ибодат қилаётган кимсаларнинг фазилатлари ҳақида талайгина ҳадислар бор. Улардан бирида шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан чиқиб баланд бўлмаган тепаликка чиқиб: Оллоҳга қасамки, Сен (эй Макка,) Оллоҳнинг энг яхши ери ва Оллоҳга энг севимли жойсан!, – дедилар». (Термизий бу ҳадисни ҳасан деди (3925)).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фатҳ кунида Макканинг ҳурматини баён қилиб шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Оллоҳ бу шаҳарни ҳурматли қилди: унинг дарахтлари(нинг шохлари) синдирилмайди, овлари ҳуркитилмайди, (у ерда) йўқолган нарсасини танитадиган кимсагина олади». (Имом Бухорий, 1587).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаги намоз ҳақида шундай дедилар: «Бу масжидимдаги намоз Масжидул Ҳаромдагидан бошқа намозлардан кўра минг марта фазилатлидир. Масжидул Ҳаромдаги намоз бошқа масжидлардагидан кўра юз минг марта фазилатлидир». (Имом Аҳмад: 14847).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:

«Каъбани тавоф қилиб, икки ракаат намоз ўқиган одам, битта қулни озод қилгандек бўлади». (Ибн Можа, 2956);

«Бу Уйни санаб бир ҳафта тавоф қилган кишига ҳар бир қадами учун битта ҳасанот ёзилади ва битта ёмонлигига каффорот бўлади, (мақоми) битта кўтарилади ва (бу тавофи) битта қулни озод қилишга тенг бўлади». (Имом Аҳмад, 27837).

Мусулмон Масжидул Ҳаромга кирса Ҳажарул Асвадни қасд қилсин. Ҳажарул Асвад Каъбанинг шарқ тарафида, эшикнинг ёнидаги Қора рукнда жойлашган. У ва Ямоний рукнга «Ямонийён» ҳам дейилади. Тиқилинчда бирон кимсага озор бермаслик шарти билан Ҳажар Асвадга юзланиб туриш ва унга яқинлашиш, уни силаш ва товуш чиқармай ўпиш, унинг устига сажда қилиш: ўпиш ва саждани уч марта такрорлаш мустаҳаб ҳисобланади. Сўнгра: «Оллоҳим, Сенга иймон келтириб, аҳдингга вафо қилиб, Китобингни тасдиқлаб ва Пайғамбаринг суннатига амал қилиб ...», – деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтади. (Абдурраззоқ «Мусоннаф» 8898; Табароний «Кабир» 653).

Кейин Оллоҳ таоло учун тавоф қилишни нийят қилади ва олд тарафи билан Каъба атрофида айлана бошлайди. Ҳажарул Асвад билан эшик оралиғидаги Мултазам олдидан ўтади. Мултазам деб аталишининг сабаби, одамлар дуо қилиш учун уни лозим тутадилар. Сўнгра Ироқий деб аталган рукн ёнидан ўтади. Сўнгра Шом ва Марокаш йўналишидаги учинчи рукнга Ҳижр орқасидан ўтиб етиб келади. Бу ва бундан олдинги икки рукнни «Шомийён» деб аталади. Сўнгра Каъба атрофида айланиб «Ямоний рукни» деб аталган тўртинчи рукнга етиб келади. Агар унга етиб келса ва тиқилинч бўлмаса, Ямоний рукнини қўли билан силасин, ўпмасин. Агар имкони бўлса у тарафга қараб қўлини кўтармаган ҳолатида: «Оллоҳу акбар!» десин. Бу – Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидир. Сўнгра Ҳажарул Асвадга етиб келади ва тавофини бошлаган жойга етади. Ўшандагина тавофининг биринчиси тугайди. Шундай қилиб еттита тавофини тугаллайди. Каъба атрофини бир марта айланиб ўтиш, битта тавоф ҳисобланади. Еттинчи тавофдан сўнгра Иброҳим алайҳиссалом мақоми орқасида икки ракаат намоз ўқийди. Чунки Оллоҳ таоло:

«Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар!» (Бақара: 125).

Агар Иброҳим мақомида имкони бўлмаса, кўплаб жумҳури уламонинг фикрига кўра, Масжидул Ҳаромнинг бошқа ҳар бир жойида кеча ва кундузнинг ҳар бир соатида намоз ўқиса бўлаверади.

Ҳой мўминлар, Ҳажарул Асваднинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Ҳажарул Асвад жаннатдан сутдан кўра оппоқ рангда тушган эди. Уни одам фарзандларининг хатолари қорайтириб юборди!» (Ҳасан ҳадис. Термизий 877);

«Ямоний рукн ва Ҳажарул Асвадни силаш, хатоларга каффоратдир!» (Ҳасан ҳадис. Термизий 959).

Мултазам – Ҳажарул Асвад билан эшик оралиғида дуо қилиш ва юзларни Каъба деворига хокисорлик билан қўйиш, Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидир. Абдурраҳмон ибн Сафвон разияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳажарул Асвад билан эшик оралиғида юзларини Каъба (девори)га қўйиб турганларини кўрдим», – деди. (Имом Аҳмад, 15122).

Амр ибн Шуъайб отасининг шундай деганини ривоят қилди: «Мен Абдуллоҳ билан бирга тавоф қилдим ва Каъба (тавофи)нинг охирига етиб келаганида: паноҳ сўрамайсизми?,– дедим. У: Жаҳаннамдан Оллоҳга сиғинаман!,– деб тавофида давом этди ва Ҳажарул Асвадни силаб, рукн билан эшик олдида туриб, кўкраги, юзи, билаклари ва кафтларини шундай қилиб қўйди, деб қўлларини очди. Сўнгра: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини кўрганман, деди». (Абу Довуд, 1899).

Оллоҳнинг бандалари, кимнинг Каъба ичида намоз ўқишга имкони бўлмаган бўлса, Каъбанинг бир парчаси бўлмиш Ҳижр ичида намоз ўқисин. Мўминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Мен Каъба ичига кириб ўша ерда намоз ўқишни жуда ҳам яхши кўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг қўлларимдан ушладилар ва Ҳижрга олиб кирдилар-да: «Каъбанинг ичига кирмоқчи бўлсангиз, Ҳижрда намоз ўқинг. Чунки у, Каъбанинг бир парчасидир. Қавмингиз Каъбани (қайта) қурар экан (тўплаган пуллари етмай,) Ҳижрни Каъбанинг ташқарисига чиқариб қўйишди», – дедилар». (Имом Аҳмад, 24095).

Ҳижр ичига кирган одам, Каъба тарновининг остида дуо қилсин. Чунки у ер, дуолар ижобат бўладиган жойлардан биридир. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Яхши одамларнинг намозгоҳида намоз ўқинглар! Аброрларнинг сувидан ичинглар!» – деди. Ундан Яхшиларнинг намозгоҳи қаердир?, – деб савол берилганида: «Тарнов ости» – деб жавоб берди. Аброрларнинг суви қайси сув?, – деб сўралганида эса: «Замзам суви» деб жавоб берди. (Зайнуддин Мановий «Файзул Қадийр алал-Жамиъис Сағийр» 4562).

Каъба ичига киришга муваффақ бўлган одам эса, кирган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, эшикнинг рўпарасида, яъни, орқасини эшикка ўгириб, Ямоний рукн деворига юзланиб, девор билан оралиғида бир сажда қиладиган узунликдаги ерни қўйиб, икки ракаат намоз ўқисин. Шу билан муттафақун алайҳ ҳадисда ривоят қилинган хабарга биноан, тақрибан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиган жойда турган бўлади.

Каъба ичининг ҳар томонида Оллоҳга истиғфор айтиб, дуо ва охират яхшиликларини тиласин. Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Каъбанинг ичига кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга эшикни ёпишни буюрдилар. У кунлари Каъбанинг олтита устуни бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба эшигининг ёнидаги иккита устун оралиғига ўтириб, Оллоҳга ҳамду санолар айтиб, тилаклар тиладилар ва истиғфор айтдилар. Сўнгра ўринларидан туриб Каъбанинг охирига бориб, юзлари ва бетларини унинг деворларига қўйдилар. Оллоҳ таолога ҳамду санолар, истиғфорлар айтиб, тилакларини тиладилар. Сўнгра Каъба устунларининг бири олдига бориб, унга такбир, таҳлил, тасбиҳ, Оллоҳга ҳамду сано, тилак ва истиғфорлар айтиш билан юзландилар. Сўнгра чиқиб Каъбага ўгирилиб: Бу – қибладирдир! Бу – қибладир!, дедилар». (Насоий, 2914).

Имом Таҳовий «Шарҳу Маъонил осор» китобида келтирган бошқа ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Каъба ичида намоз ўқиганлари нақл қилинган.

«Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадурки, унда мақоми Иброҳим (яъни Каъбани қуришда Иброҳим алайҳис-салом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган) ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бордир». (Оли Имрон: 96, 97).

Оллоҳ таоло Китобининг ҳидоятлари билан менга ва сизларга фойдалар келтирсин.

 Иккинчи хутба

Барча оламлар Робби бўлган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен: «Ягона шериксиз Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Оллоҳнинг бандаси ва расули» деб гувоҳлик бераман. Оллоҳим, банданг ва расулинг бўлган саййидимиз, йўл кўрсатган ҳидоят ва ато этилган неъмат бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлла!

Сўнг ...

Ҳой мўминлар, Оллоҳ таоло Макка шаҳрини кўплаб нарсалар билан фазилатли қилди. Улардан бири, Макканинг ваҳий тушган макон, Қуръон нузулининг маркази ва Исломнинг илк пайдо бўлган шаҳар эканидир. Бундан ташқари Маккага келган одамнинг ҳаж ёки умра учун нийят қилган бўлса, кийимларини ечиб эҳром боғлаши фарздир.

Макканинг фазилатларидан бири, кнда битта дин – Исломгина бўлиши шарт. Бу шаҳарда иккита дин тура олмайди. Бу шаҳарга кофирлар на кира олади ва на дафн қилинади.

Макканинг фазилатларидан бири, унда зарурат бўлганидагина қурол кўтариб юриш мумкин. Маккадаги ҳайвонларни овланмайди. Маккалик, ҳарамлик ва бошқа одамларнинг хоҳ эромда бўлсинлар ва хоҳ бўлмасинлар, Макка ҳудудида ов қилишлари ҳаромдир.

Макканинг фазилатларидан бири, (ҳожининг) ҳадя ва каффоратлар(и)нинг қони Макка ва Ҳарам чегаралари ичидагина чиқарилади. Макканинг тупроғи ва тошларини бошқа ўлкаларга олиб кетиш ҳаромдир. Маккадаги ҳасанотлар ва турли эҳсону яхшиликларнинг савоблари юз минглаб орттириб берилади. Макка қабристонларида ётган етмиш минг киши жаннатга сарҳисобсиз киради. Уларнинг ҳар бири етмиш мингта одамга шафоат қилади. Уларнинг юзлари, ҳадисларда келганидек, тўлин ойдек товланиб туради.

Макканинг фазилатларидан бири, Дажжол чиққач дунёдаги барча шаҳарларга оёқ боссада, Макка, Мадина ва Қуддусга кира олмайди. Қавми рад этган пайғамбарлар Макка шаҳрига келиб, вафот этгунича Оллоҳ таолога ибодат қилган. Азрақий раҳимаҳуллоҳ Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ- нинг: «Етмиш беш пайғамбар Каъбани тавоф қилган ва Мино масжидида намоз ўқиган» деганини нақл қилган.

Макканинг фазилатларидан бири, маккаликлар, бошқа шаҳарликлардан фарқли ўлароқ, намозларида Каъбага тўрт тарафдан юзланадилар. Ҳолбуки, дунёнинг чор атрофидаги мусулмонлар бир тарафдан Каъбага юзланадилар. Намоз пайтида Масжидул Ҳаромнинг манзараси қандай чиройли бўлади-я! Қанчалар кенг бўлсада барча мусулмонлар намозларида Каъба сари юзланадилар! Каъба атрофида намоз ўқиш ёки ўтириш каби қайғу аламларни кетказгувчи, инсон кўнглини ёртиб, қувонтирувчи бирон нарса йўқдир!

Макканинг бундан бошқа фазилатлари ҳам кўп бўлиб, Ер юзида бу соҳада Маккага тенг келадиган бирон шаҳар йўқдир. Унга Оллоҳнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳри бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва севимли муҳожир асҳобларининг киндик қони тўкилган ватани бўлиши кифоядир. Унга йиллик ҳаж мавсумлари бўлиб ўтиши ва дунёнинг турли бурчакларидан барча ибодат маконларини ўз ичига олган жойдагина адо этиш мумкин бўлган Ислом динининг бешинчи рукнини бажариш учун мусулмонлар йўлга отланишади.

Бас, Оллоҳдан тақво қилинглар! Оллоҳнинг Ҳурматли Уйи олдида туриш неъматини қадрлангиз ва бу неъматни ато этгани учун оғзингиз ва амалларингиз билан кўп шукроналар келтирингиз! Барчангиз Оллоҳдан Ҳарамнинг ҳурматини сақлаши ва ушбу хавфсиз шаҳарда бўлишини жорий қилган маросимларини улуғлашини тиланглар!

Огоҳ бўлинглар ва жаннатдан муждалугувчи ва жаҳаннамдан огоҳлантирувчи Пайғамбарга салавоту саломлар йўлланглар!

Оллоҳим, дунёга келиши билан Макка шарафли бўлган Пайғамбаринг ва Расулинг Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг даъватига «Лаббай» деган ва порлаган нури билан ёришган ҳамда Унга хизмат қилиш бахтига сўнгра эса Сенинг розилигинг, афвинг ва марҳаматларингга сазовор бўлган асҳобларига Қиёмат кунигача давом этадиган беадад салавоту саломлар йўлла! Оллоҳим, улар билан бирга биздан ҳам рози бўл ва уларга бизни ҳам улаштир! Эй раҳмлилар раҳмлиси, бизни ва зурриётларимизни фитналардан асра ва ўз марҳаматинг ва раҳматинг билан мусулмон ўлароқ жонимизни ол!

معلومات المادة باللغة الأصلية