×
New!

Bayan Al Islam Encyclopedia Mobile Application

Get it now!

Ҳажнинг таърифи, ҳукми, шартлари ва рукнлари (Ўзбек)

Тайёргарлик: Бир гуруҳ олимлар

Description

Ислом арконларининг мухтасар шарҳи» китобидан иқтибос бўлган ушбу мақолада ҳажнинг таърифи, ҳукми, фазилатлари, шартлари ва рукнлари баён қилинади.

Download Book

Ҳажнинг таърифи, ҳукми, шартлари ва рукнлари

«Ислом арконларининг мухтасар шарҳи»
китобидан иқтибос

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи:
Аҳли илмлар гуруҳи
Текширган ва муқаддима ёзган: Аллома Абдуллоҳ Жибрийн

—™

Таржима: Абу Жаъфар Бухорий

Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший

الحج (تعريفه - حكمه - فضائله - شروطه - أركانه)

مقتبس من كتاب " المختصر في شرح أركان الإسلام "

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

جمع وإعداد: بعض طلبة العلم
راجعه وقدم له: الشيخ عبد الله بن
عبد الرحمن الجبرين

—™

ترجمة: أبو جعفر البخاري

مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

Ҳаж ва аҳкомлари

Таърифи:

«Ҳ» ҳарфи фатҳали (Ҳаж) ёки касрали (Ҳиж, дея) ўқилади.

«Ҳаж»нинг луғавий маъноси: «қасд қилиш» демак-дир. Бу сўз бир иш учун ва уни кетма-кет қилиш учун истеъмол қилинади.

«Ҳаж»нинг шаръий маъноси: «Азиз Қуръон ва пок-домон суннат баён қилган махсус амалларни адо этиш учун Аллоҳнинг Ҳаром (ҳурматланган) уйини қасд қилиш» демакдир. Бу амаллар қуйида зикр қилинади.

Ҳажнинг ҳукми

Ҳаж — ҳаж қилиш йўлига қодир бўлган барча мусулмон эркагу аёлга фарздир. Унинг фарзлиги Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъси билан собит бўлган.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай деди:

 ﴿ وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ ﴾

«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиё-рат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ислом беш нарса асосига асосланган: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир ва Муҳаммад Аллоҳ-нинг элчисидир», дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш» (Муттафақун алайҳ).

Мусулмонлар ҳажнинг фарз экани ҳамда унинг Ислом рукнларидан бири, диннинг бир парчаси экани ва унинг фарзлигини инкор этган одам муртад бўли-шига ижмоъ қилганлар.

Уламолар ҳажнинг умр давомида бир марта фарз, ундан ортиқчаси эса нафл эканига ижмоъ қилганлар. Фақат, биров ҳаж қилишни назр қилса, ўша назрини амалга ошириши ҳам фарздир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилар эканлар: «Ҳой одамлар, Аллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз қилди, бас, ҳаж қилингиз!» — дедилар. Бир одам: Ҳар йилими?, — деб савол берганида жим қолдилар. Ҳалиги одам саволини уч марта такрорлади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар: «Ҳа» десам эди фарз бўлар ва сизлар (уни адо этишга) қодир бўлмас эдинглар!» — дедилар. Сўнгра: «Мени, сизлар-ни қўйган ҳолатимдан ортиқчасига зўрламанглар! Сизлардан олдин яшаб ўтган кимсаларни саволларни кўп беришлари ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилди. Мен сизларни бирон нарсага буюрсам, уни қодир бўлганингизча қилингиз! Агар сизларга таъқиқласам, ундан воз кечингиз!» — дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтди: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилар экан: «Ҳой одамлар, ҳаж қилиш сизларга фарз қилинди», — дедилар. Ақраъ ибн Ҳобис ўрнидан турди ва: Ҳар йилими, ё Расулуллоҳ?, — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар: (Ҳа), десам фарз бўларди. Фарз бўлса сизлар қодир бўлмас эдингиз. Ҳаж (умр давомида) бир марта (фарздир). Ким ортиқча қилса, нафлдир», — деб жавоб бердилар» (Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

Ҳажнинг фазилатлари

Аллоҳ таоло ҳаж ибодатини адо этишга рағбат-лантириб, у учун тайинланган буюк ажру савобларни баён қилдилар. Булар қуйидаги ҳадисларда ўз аксини топгандир:

1 — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳаж қилган ва (ҳаж асносида) жимо ва гуноҳ қилмаган одам, гуноҳларидан онасидан туғилган кунидагидек фориғ бўлади» (Муттафақун алайҳ).

2 — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умра умрагача ораларида бўлган (гуноҳ-ларга) каффоратдир. Гуноҳга йўл қўйилмай қилинган ҳажнинг мукофоти — жаннатдир» (Муттафақун алайҳ).

3 — Амалларнинг энг афзали қайсидир? — дея берилган саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга иймон келтириш», — дея жавоб бер-дилар. — Сўнгра-чи? — дейилганида: «Сўнгра, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», — деб жавоб бердилар. — Сўнгра-чи?, — дейилганида: «Сўнгра, гуноҳга йўл қўйилмай қилинган ҳаж!» — деб жавоб бердилар (Мут-тафақун алайҳ).

4 — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳаж ва умрани давомий қилингиз. Чунки улар босқон темир, кумуш ва олтиннинг кирларини кетказганидек фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Гуноҳга йўл қўйилмай қилинган-мабрур ҳажнинг мукофоти — жаннатдир!» (Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад, Термизий ва Насоий ривояти).

Бундан бошқа ҳадислар ҳам талайгина.

Ҳажнинг фарз бўлиш шартлари

Ҳажнинг фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуддир:

1 — Мусулмонлик.

2 — Балоғат ёшига етиш.

3 — Оқил бўлиш.

4 — Ҳур (озод) бўлиш.

Буларнинг далиллари намоз ва рўза ҳақидаги мавзуларда айтиб ўтилди.

5 — Қодир бўлиш. Аллоҳ таоло айтди:

 ﴿ وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا ﴾

«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97).

Ҳажнинг рукнлари

Ҳажнинг рукнлари тўртта бўлиб, улар: эҳром боғлаш, Арафот тоғида туриш, тавоф ва саъй қилиш. Бу рукнлардан биронтаси қилинмаса, ҳаж бекор бўлади.

Биринчи рукн: эҳром боғлаш

Эҳром — ҳаж ва умра ибодатларини қилишга кири-шиш ниятидир. Ниятни кийимларни ечиш ва талбия айтишга боғлаб қилинади. Эҳром уч мақсад: таматтуъ, қирон ва ифрод ҳажлари учун боғланади.

«Таматтуъ»нинг маъноси: мусулмон ҳаж қилиш рухсат берилган ойларда фақат умра учунгина эҳром боғлайди. У, Маккага етиб келгач умра учун тавоф ва саъй қилади, сочларини қирдиради ёки қисқартиради. Тарвия (зулҳижжанинг саккизинчи) куни эса фақат ҳаж учун эҳром боғлайди-да, ҳажнинг бутун ибодатларини адо этади. Таматтуъ ҳажини қилаётган мусулмон Мас-жидул Ҳаромда яшамаётган бўлса, қурбонлик қилади.

«Қирон»нинг маъноси: мусулмоннинг мийқотдан ёки умрага эҳром боғлаган бўлса тавоф қилишга киришмасидан илгари умра ва ҳаж учун эҳром боғлашидир. Бу одам умрага боғлаган эҳромидан чиқмай, ўша умрасининг тавофига киришишдан илгари ҳаж қилишга ният қилади ва Ҳайит куни тошларни отиб, сочларини қирдирмагунича эҳромидан чиқмайди. Қирон ҳажига ният қилган одам ҳам таматтуъ ҳажига ният қилган одам каби қурбонлик сўяди.

«Ифрод»нинг маъноси: мусулмон фақатгина ҳаж қилиш учун эҳромга киради ва ҳайит куни тошларни отиб, сочларини қирдирмагунича эҳромидан чиқмайди. Ифрод ҳажини қилаётган одам қурбонлик сўймайди.

Эҳромнинг фарзлари, суннатлари ва таъқиқлари

А) Эҳромнинг фарзлари:

Эҳромнинг фарзлари — бирини тарк қилса, тарк қилган одамнинг қон чиқариши ёки қон чиқаришга кучи етмаса, ўн кун рўза тутиши зарур бўлган амал-лардир. Улар қуйидагилардир:

 1 — Мийқотда эҳром боғлаш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умра ниятини қилган одамнинг Маккага эҳром боғлаб-гина ўтиши керак бўлган жойларни белгилаб қўйган-лар. У жойлар:

— Зулҳулайфа

Бу жой ҳозирги кунда Абру Алий деб аталади. Бу, мадиналиклар ва Мадинадан қуруқлик ва ҳаво йўлла-ридан кесиб ўтадиган одамларнинг мийқотидир.

— Жуҳфа

Жуҳфа — соҳил йўлидаги қадимги қишлоқ бўлиб, унинг осорлари ҳозирги кунда қолмаган. Одамлар бугунги кунда унинг ўрнига Робиғдан эҳром боғлай-дилар. Бу — мисрлик, шомлик ва улар тарафидан қуруқлик, денгиз ва ҳаво йўллари билан Маккага келаётганларнинг мийқотидир.

— Яламлам

Яламлам — ҳозирги кунда Саъдийя деб аталган тоғдир. У, яманликлар ва улар томонидан келаётган мусулмонларнинг мийқотидир.

— Қорнул-манозил

Қорнул-манозил (ҳозирги кунда) Сайл деб аталади. У — наждликлар ва улар томондан қуруқлик ва ҳаво йўллари орқали Маккага келаётганларнинг мийқоти-дир.

— Зотул-ирқ

Зотул-ирқ — ироқликлар ва улар томондан қуруқ-лик ва ҳаво йўллари орқали келаётганларнинг мийқоти-дир.

— Мийқот билан Макка чегаралари оралиғидаги минтақаларда истиқомат қилаётган одам ўз хонадо-нидан ҳаж ёки умра учун эҳром боғлайди. Макка шаҳрининг чегаралари ичида истиқомат қилаётган одам эса, умра қилиш учун Ҳилл (Ҳарам чегаралари)га чиқиб, ўша ерда эҳром боғлайди. Ҳаж учун эса, Маккадан эҳром боғлайверади.

Бунинг далили Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо нақл қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мадиналиклар учун Зулҳулайфани, шомликлар учун Жуҳфани, наждликлар учун Қорнул-манозилни, яманликлар учун Яламламни мийқот ўлароқ белгиладилар. Улар ўша минтақалар ва уларни ҳаж ва умра ниятида босиб ўтаётган бошқалар учундир. Мийқотдан кейинги (минтақаларда яшаётган) кимса ўз хонадонидан эҳром боғлайди. Бинобарин, маккаликлар Маккадан эҳром боғлайдилар» (Муттафа-қун алайҳ).

Диққат: юқорида қаламга олинган мийқотлар макон маъносида бўлиб, ҳаж қилиш учун бундан бошқа вақт мийқотлари ҳам бордир.

Вақт мийқотлари — Аллоҳ таоло қуйидаги оятида зикр қилган ойлардир:

 ﴿ الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ ﴾

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир» (Бақара: 197). Бу ойлар — шаввол, зулқаъда ойлари ва зулҳижжа ойининг (биринчи даҳаси) ўн кунидир. Биров ҳаж учун бу ойлардан олдин эҳром боғласа, эҳроми жоиз эмас-дир. Ҳолбуки, зулҳижжа ойининг ўнинчи кечасининг тонгги отишидан илгари эҳром боғлаб Арафотда турган кимсанинг ҳажи раводир.

 2 — Кийим киймаслик

Эҳром боғлаган одам либос, кўйлак ва узун авра тўнларни киймайди, салла ўрамайди, бошини бирон нарса билан ўрамайди, қўнжли пойафзал, пайпоқ, заъфарон ва равс (атир) сурилган кийимларни кий-майди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Эҳромдаги одам кўйлак киймайди, салла ўрамайди, иштон, авра тўн, заъфарон ва атир сурилган кийимларни, қўнжли пойафзални киймайди. Ковуш топа олмаса маҳсининг тўпиқ тарафини кесиб, ошиқдан паст қилиб кийсин!» (Муттафақун алайҳ).

Эҳромга кирган аёл эса юзидаги ниқоби ёки чимматини чиқаради, қўлқопларини ечади. Ўзига яқин жойдан номаҳрам эркаклар ўтаётганида юзини рўмоли билан тўсишининг ва рўмолнинг унинг юзига тегиши-нинг зарари йўқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эҳромдаги аёл) ниқоб тақмайди ва қўлқопларни киймайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Б) Эҳромнинг суннатлари

 1 — Эҳром учун ғусл қилиш

Ҳайз ва нифос қони келаётган аёллар ҳам ғусл қилаверадилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нифос ва ҳайз қони келаётган аёллар ғусл қиладилар ва Каъба тавофидан бошқа барча ҳаж ибодатларини(нг барчасини) қилаверадилар. Поклан-гачгина тавоф қиладилар», — деганлар (Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад, Термизий ва Насоий ривояти). (Хаттобий раҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайз ва нифос қони келаётган аёлларни ғусл қилишга буюрган эканлар, пок одамларнинг ғусл қилишлари авлороқдир» деган).

2 — Тоза изор (лунги) ва ридони кийиш (ридо: елкага ташланадиган газмол)

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ва асҳоблари сочларини тараб, ёғ суриб, изор ва ридо-ларини боғлаганларидан сўнг Мадинадан йўлга чиқди-лар» (Имом Бухорий ривояти).

 3 — Тирноқ, мўйлаб, қўлтиқ ости ва аврат тукларини олиш

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Зеро эҳром муддати кўпинча узайиб кетади ва эҳромдаги одам бундай муддат ичида қийналиб кетади ва эҳромлик пайтида уларни олиш таъқиқланади.

 4 — Фарз ва нафл намоз ўқигандан сўнгра эҳром ниятини қилиш.

 5 — Ниятдан сўнгра талбия айтиш

Талбия қуйидагичадир:

 ((لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ لَبَّيْكَ، لَبَّيْكَ لاَ شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ، إِنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكَ، لاَ شَرِيكَ لَكَ))

(Аллоҳим, амрингга мунтазирман! Амрингга мун-тазирман! Сенинг шеригинг йўқдир. Амрингга мунта-зирман! Дарҳақиқат, ҳамдлар, неъматлар ва эгадорлик Сенингдир! Сенинг шеригинг йўқдир!).

Эркаклар талбияларни товушларини кўтариб айта-дилар. Аёллар эса ёнидаги одам эшитадиган даражада паст товушда айтадилар. Талбияни кўп ва такрор айтиш, дуолар қилиш, унинг ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш муста-ҳабдир.

В) Эҳром таъқиқлари

Эҳром таъқиқлари — ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаган одамга ман қилинган амаллардир. Улар:

 1 — Соч ва тананинг бошқа жойларидаги тук-ларни олиш

 2 — Қўл ва оёқ тирноқларини олиш.

 3 — Бошни, бошга бевосита ёпишиб турадиган нарса билан ўраш.

 4 — Тикилган нарсани кийиш.

Бундан мақсад, тананинг бирор аъзоси бичимида (енг, ёқа, пойча каби) тикилган ёки жубба, тўн ва бошқа нарсалар.

 5 — Эҳром ниятини қилинганидан сўнгра кийим, тана ва бошқа нарсаларга атир суриш (ёки дезодорант ёки деодорант сепиш).

Ушбу беш нарсадан биронтасини қилган одам фидя бериши керак. Фидя — уч кун рўза тутиш ёки ўнта мискиннинг қорнини тўйдиришдир. Ҳар бир мискинга бир мудд буғдой берилади. Ёхуд Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига кўра қўй сўяди:

 ﴿ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ بِهِ أَذًى مِنْ رَأْسِهِ فَفِدْيَةٌ مِنْ صِيَامٍ أَوْ صَدَقَةٍ أَوْ نُسُكٍ ﴾

«Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (ўнта мискинга) садақа бериш ёхуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин!» (Бақара: 197).

 6 — Овни ўлдириш

Бу ерда ов қилинаётган ҳайвоннинг гўшти ҳалол бўлган ҳайвон эканини унутмаслик керак. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:

 ﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْتُلُوا الصَّيْدَ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ ﴾

«Эй мўминлар, эҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг!» (Моида: 95).

Овни қасддан ўлдирган одамнинг жаримаси, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида баён қилинганидек, ўша ов катталигидаги чорва молларидан бирини сўйишдир:

 ﴿ وَمَنْ قَتَلَهُ مِنْكُمْ مُتَعَمِّدًا فَجَزَاءٌ مِثْلُ مَا قَتَلَ مِنَ النَّعَمِ ﴾

«Сизларнинг орангиздан ким қасддан бирон овни ўлдирса, (унинг зим­масида) чорва молларидан ўлдирган ови баробарида жазо бордир ...» (Моида: 95).

Ёки, ўша сўйиладиган жонлиқ қийматини овқат қилиб мискинларга бўлиб бериш ёхуд ҳар мискинга бериладиган таом бадалига бир кундан рўза тутиш. Бу жарималар ўлдирилган овдек катталикда бирон чорва моли мавжуд бўлганида берилади. Чорва моли мавжуд бўлмаса, унинг қийматини чиқаради ва уни мискин-ларга таом сифатида бўлиб беради. Унинг ҳам имкони бўлмаса, ҳар бир мискин бадалига бир кундан рўза тутади.

 7 — Жинсий алоқа даракчилари бўлмиш ўпиш ва бошқа ҳаракатлар

Бунинг далили ушбу оятдир:

 ﴿ الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ ﴾

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шав-вол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Моида: 95).

Жинсий алоқа эса ҳажни бекор қилади. Бироқ, ҳожи ўз ҳажини охиригача бекаму-кўст адо этади. Шундай бўлсада, унинг битта туя сўйиши ва келгуси йили ҳажининг қазосини қилиши фарз бўлади. Ҳолбуки, Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Абу Толиб ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумлардан ҳаж учун эҳром боғлаган ва хотини билан жинсий алоқа қилган одам ҳақида сўралганида: «Иккиси ҳам ибодатларида давом этаве-радилар ва келгуси йили ҳаж қиладилар ва ҳажларида қурбонлик сўядилар», — деб жавоб бердилар (Имом Молик «Муваттоъ»да ривоят қилди).

Иккинчи рукн: тавоф

Тавоф — Каъба атрофида етти марта айланишдир.

Тавоф турлари:

 1 — Қудум (илк келиш) тавофи

 2 — Ифоза тавофи

Бу тавоф ҳаж рукнларидан бири бўлиб, уни қилма-ган одамнинг ҳажи бекор бўлади.

 3 — Вадоъ-Видолашув тавофи

Бу, ҳожи (ёки умрачи) Маккадан чиқар экан қиладиган охирги ибодат бўлиб, ҳажнинг вожиб-ларидан биридир. Ким Видолашув тавофини қилмаса қон чиқариши (қурбонлик сўйиши) керак.

 4 — Нафл тавоф

Тавофнинг шартлари, суннатлари ва одоблари бўлиб, қуйида уларни қаламга оламиз.

Тавофнинг шартлари

 1 — Ният.

Ният — қалбнинг Аллоҳ таолога итоат ва розилик умидида тавоф қилишга азм қилишидир.

 2 — Катта ва кичик ҳадаслар ҳамда нажосатдан пок бўлиш.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Уй (Каъба)ни тавоф қилиш — намоздир. Бироқ, Аллоҳ таоло тавофда гапиришга рухсат берди» (Саҳиҳ ҳадис. Термизий, Ҳоким ва бошқалар ривояти).

 3 — Юқоридаги ва қуйидаги ҳадисга биноан авратнинг ёпиқ бўлиши.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу йилдан сўнгра мушрик ҳаж қилмайди ва Уй (Каъба)ни яланғоч одам тавоф қилмайди», — дедилар (Муттафа-қун алайҳ).

4 — Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг қавлига биноан, тавофнинг Ҳажарул Асваддан бошланиб, унга келиб тугайдиган етти айланишдан иборат бўлиши:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келгач Ҳажарул Асвад олдига бориб, уни ўпдилар ва (Ҳажарул Асвадни) ўнг тарафларига олиб, (елкаларни ҳаракатлантириб) уч марта оддий юришдан кўра ши-тоб, тўрт марта эса (оддий) юриб тавоф қилдилар» (Имом Муслим ривояти).

 5 — Каъба тавоф қилаётган одамнинг чап томо-нида бўлиши.

 6 — Тавофнинг узоқ бўлсада масжиднинг ичида бўлиши.

 7 — Тавофнинг Каъбанинг ташқарисида бўли-ши.

Тавофини Ҳижри Исмоил ичидан қилса, тавофи тавоф ҳисобланмайди. Чунки, Ҳижри Исмоил ва Шозирвон (Каъбапўшнинг ҳалқалари қўйиладиган ва Каъбанинг пойдеворига ёпишган бино), Каъбадан ҳисобланади.

 8 — Айланишларни пайдар-пай қилиш.

Бирон узр сабабли айланишлар орасини узилса, зарари йўқдир.

Тавофнинг суннатлари

 1 — Тавофни бошлар экан Ҳажар Асвад рўпарасида туриш, имкони бўлса уни ўпиш, имкони бўлмаса ўпгандан кейин, қўл ёки асо билан силаш ёки Ҳажарул Асвад томонни (қўл билан) кўрсатиш.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар.

 2 — Тавофнинг бошидан охиригача изтибоъли бўлиш.

Изтибоъ — (эҳром) ридо(си)нинг ўртасини ўнг қўл-тиқ остига, икки учини эса чап елканинг устига қўйиш-дир. Тавоф тугаганидан кейин ридонинг учларини тавофдан аввалги ҳолатига қўйилади.

 3 — Рамл.

Рамл — қодир бўлган эркакларнинг биринчи уч айланишда майда қадамлар билан шитоб юришла-ридир. Қолган тўрт айланишда рамл йўқдир, одатда-гидек юрилади. Рамл эркакларга хос бўлиб, хотин-қизлар майда қадамлар билан шитоб юрмайдилар.

Изтибоъ ва рамл — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан собитдир.

 4 — Рукнул Ямонийни ҳар тавофда силаш, ўпмаслик.

Агар силаш имкони бўлмаса, эҳромдаги одам тирбандликка сабаб бўлмаслиги керак. Агар силаш имкони бўлмаса, унга қўл билан ишора қилиш машруъ эмасдир.

 5 — Эҳромдаги одам рукнул Ямоний билан Ҳажарул Асвад оралиғида:

 (( رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً، وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً، وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ ))

 «Роббимиз, бизга Дунёда ҳам, Охиратда ҳам яхшиликлар ато эт ва жаҳаннамдан паноҳ бер!» — дейди.

 6 — Мултазамда дуо қилиш.

Мултазам — Каъбанинг эшиги билан Ҳажарул Асвад оралиғидаги жойдир. Бу ҳам Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ишлари ичида собит бўлгандир.

 7 — Эҳромдаги одамнинг еттинчи тавофни тугатгач Иброҳим мақомига бориб:

 ﴿ وَاتَّخِذُوا مِنْ مَقَامِ إِبْرَاهِيمَ مُصَلًّى ﴾

«... ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаёт-ган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг» (Бақара: 125) оятини ўқийди ва мақомни ўзи билан Каъба ўртасига олиб, мақомнинг орқасида икки ракаат намоз ўқийди.

Биринчи ракаатда Фотиҳа сурасидан сўнгра «Қул яа айюҳал каафирувн», иккинчи ракаатда эса «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сураларини зам қилиб ўқийди.

 8 — (Иброҳим мақомида) ўқилган икки ракаат-дан сўнгра Замзам сувидан қониб ичиш.

 9 — Агар имкони бўлса, саъй қилинадиган майдонга ўтишдан илгари, Ҳажарул Асвадни силаш учун орқага қайтиш.

Тавофнинг одоблари

1 — Тавоф хушуъ, ўта диққатлик, Аллоҳнинг азаматини ҳис этиш ва Аллоҳ ҳузуридаги неъматларга рағбат билан бўлиши керак.

2 — Тавоф асносида эҳтиёж бўлсагина гапириш, бўлмаса жим бўлиш. Гапирганда ҳам, фойдали нарсаларни гапириш. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уй (Каъба)ни тавоф қилиш — намоздир. Фақат, Аллоҳ унда гапиришга рухсат берди. Ким гапирса яхшиликни гапирсин!» (Саҳиҳ ҳадис. Термизий, Ҳоким ва бошқалар ривояти) ва «Тавоф — намоздир. Тавоф асносида камроқ гапиринглар!» деганлар (Саҳиҳ ҳадис. Табароний ривояти).

3 — Тавоф асносида зикр ва дуони кўп қилиш.

4 — Мусулмонларга тил ва ҳаракат билан озор бермаслик.

Учинчи рукн: саъй

Саъй, ҳаж ва умранинг рукнларидан бири бўлиб, Сафо ва Марва тепаликлари орасида ибодат ниятида бориб-келиш, демакдир. Бунинг далили Аллоҳ таоло-нинг:

 ﴿ إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ ﴾

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маро-симлардандир» ояти (Бақара: 158) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидир: «Саъй қилинглар! Чунки, Аллоҳ таоло сизларга саъйни фарз қилди» (Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

Саъйнинг шартлари

 1 — Ният.

Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Амаллар ният биландир» деган қавллари-дир. Мусулмон қилаётган саъйи билан Аллоҳга итоат ва Аллоҳнинг амрларига бўйинсунишни ният қилади.

 2 — Саъйнинг соғлом тавофдан сўнгра бўлиши.

Саъй тавофдан илгари қилинмайди.

 3 — Саъйни Сафо тепалигидан бошлаб, Марва тепалигида тугатиш.

 4 — Бориб-келишнинг етти марта бўлиши.

 5 — Саъйнинг саъй учун ажратилган майдонда бўлиши.

Саъйнинг суннатлари

1 — Бирон узр бўлмас экан, саъйнинг тавофнинг орқасидангина қилиш.

2 — Сафо ва Марва тепаликларига чиқиш, таҳлил, такбир айтиш ва ўзи хоҳлаган истакларини дуо ўлароқ тилга олиш.

3 — Эркакларнинг яшил белги (яшил чироқлар) қўйилган оралиқда имкони борича югуришлари, у белгилар ташқарисида оддий юришлари. Хотин-қизлар икки яшил чироқлар оралиғида югурмайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Сафо ва Марва тепаликларига чиққанларида:

((لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ، وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ، أَنْجَزَ وَعْدَهُ، وَنَصَرَ عَبْدَهُ، وَ
هَزَمَ الْأَحْزَابَ وَحْدَهُ ))

«Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Эгадорлик ва ҳамд Унингдир. Ҳолбуки, У барча нарсага қодирдир. Ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. У ваъдасига вафо қилди, қулига ёрдам берди, душманларни Ўзи мағлуб қилди», дея уч мартадан такрорлаганлари ва орада дуо қилганлари осорларда нақл қилинган (Имом Муслим ривояти).

Саъй одоблари

1 — Саъй қилиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб, Сафо дарвозасидан чиқиш:

 ﴿ إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِ أَنْ يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ ﴾

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёрила яхшиликии ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир» (Бақара: 158).

2 — Саъй қилаётган одамнинг таҳоратли бўлиши.

3 — Саъйни, ўзини қийнамаган ҳолатда юриб қи-лиш.

4 — Зикр ва дуони кўп қилиш.

5 — Мусулмонларга нисбатан мулойим бўлиш, уларга хатти-ҳаракат ва тил билан озор беришдан сақланиш.

6 — Саъй қилаётган одамнинг (Аллоҳнинг) қалби-ни ҳидоят қилиб, поклаши ва бутун ишларини ислоҳ қилишини ўйлаб, ҳокисорлиги, Аллоҳ таолога муҳтож-лигини юракдан ҳис қилиши.

Тўртинчи рукн: Арафот тоғида туриш

Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳаж — Арафот (тоғида туриш)дир» деган ҳадисларидир (Саҳиҳ ҳадис. Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

Арафот тоғида туришдан мақсад, ўша жойда зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни пешин вақтидан то Ҳайит куни — зулҳижжа ойининг ўнинчи кунининг тонггига (субҳи)га қадар бўлган замон оралиғида бир лаҳза ёки ундан кўра кўпроқ туришдир. Ҳайит тонгги отгунича Арафотда турмаган одамнинг ҳажи ҳаж эмасдир.

Ҳажнинг фарзлари

Ҳажнинг фарзлари еттитадир:

1 — Мийқотдан эҳром боғлаш.

2 — Қуёш ботгунича Арафотда туриш.

3 — Ҳайит кунига ўтар кечаси Муздалифада тунаш.

4 — Ташриқ кечалари Минода тунаш.

5 — Жамарот тошларини отиш.

6 — Сочларни қирдириб ёки қисқартириб олиш.

7 — Вадоъ (Видолашув) тавофи.

معلومات المادة باللغة العربية