×
New!

Bayan Al Islam Encyclopedia Mobile Application

Get it now!

Фотиҳа сурасининг тафсири (Ўзбек)

Тайёргарлик: Бир гуруҳ олимлар

Description

Фотиҳа сурасининг тафсири "Ат-Тафсир ал-Муяссар" - "Қуръоннинг енгил тафсири" китобидан таржима қилинган бўлиб, оятлар маънолари лўнда ва енгил тафсир қилингандир. Ушбу тафсир бир гуруҳ сара уламолар томонидан тайёрланган бўлиб, қуйидаги интизомга риоя қилинган: - саҳиҳ маълумотлар муқаддам қўйилган; - саҳиҳ ёки қувватли қавлни келтириш билан кифояланилган; - тафсир қиларкан Қуръоннинг йўлланмаси ва ислом шариати мақсадлари очиб берилган; - нотаниш калималарни изолаш билан бирга қисқа ва енгил иборалар қўлланилган; - мусҳафнинг Мадина босмасининг ҳошияларига сиғадиган даражада тафсир қилинган; - заруратсиз ривоятларни келтирмасдан тўғридан-тўғри оят маънолари келтирилган; - Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятидаги қироатга мувофиқ тафсир қилинган; - бошқа тилларга таржима қилинишига қулай қилинган; - ҳар бир оят алоҳида тафсир қилинган.

Download Book

 Фотиҳа сурасининг тафсири

 تفسير سورة الفاتحة

[ الأوزبكي –  Ўзбекча – Uzbek]

https://islamhouse.com/2814937

 الاستعاذة

 Истиъоза

(أعوذ بالله من الشيطان الرجيم)

Аллоҳ таоло ҳар бир Қуръон ўқимоқчи бўлган кишига шайтони лаиндан паноҳ тилашга буюриб: «Эй мўмин, қачон Қуръон ўқимоқчи бўлсанг, (Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм, деб) Аллоҳнинг раҳматидан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилагин!», деди (Наҳл: 98). Чунки, Қуръони Карим одамлар учун ҳидоят, қалб касалликлари учун шифодир, шайтон эса барча ёмонликлар ва залолатлар сабабчисидир. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир Қуръон ўқувчи кишини шайтони лаиндан, унинг васвасалари ва малайларидан Аллоҳдан паноҳ сўрашга буюрди.

Уламолар «истиъоза»ни Қуръони Карим оятларидан эмаслигига иттифоқ қилганлар, шунинг учун у мусҳафларда ёзилмаган.

أعُوذُ بِالله

Ягона Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўрайман.

من الشيطان

Мени Роббимнинг тоатидан ва Унинг китобини тиловат қилишдан тўсадиган ҳар бир туғёнкор инсу жиндан

الرجيم

Аллоҳнинг раҳматидан қувилган.

 Биринчи жузъ

1- سورة الفاتحة

 1. «Фотиҳа» сураси

Ушбу сура «Фотиҳа» (очувчи) деб номланди, чунки Қуръони Азийм у билан бошланади. Яна уни намозларнинг ҳар бир ракаатида ўқилгани учун «Масоний» (такрорланиб келувчи) деб ҳам номланади. Унинг бундан бошқа исмлари ҳам бор.

 بسم الله الرحمن الرحيم (1)

1. Қуръон ўқишни Аллоҳнинг исми билан, Унинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бошлайман.

«Аллоҳ» ибодатга сазовор бўлган ягона барҳақ маъбуд — Роб таборака ва таолонинг атоқли исми бўлиб, У Зотнинг исмлари ичида энг хосидир, бу исм билан Ундан ўзга ҳеч ким номланмайди.

«Ар-Роҳман» — раҳмати-меҳрибонлиги бутун махлуқотга умумий бўлган кенг-мўл раҳмат соҳиби, «ар-Роҳийм» эса фақат мўминларни раҳмат қилувчи Зот демакдир. Бу иккиси У Зотнинг исмларидан бўлиб, Аллоҳ таолога Унинг улуғлигига лойиқ тарзда меҳрибонлик сифатини исботлашни (бор деб билишни) ўз ичига олади.

 الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ (2)

2. Алҳамдулиллаҳ — Аллоҳга Унинг барча мукаммал сифатлари билан ҳамда ошкор ва махфий, диний ва дунёвий неъматлари билан мақтов айтишдир.

Бу оят зимнида бандаларига Аллоҳга мақтов айтишга буйруқ бор. Зотан, У – субҳанаҳу ва таоло – халқларни яратувчи, уларнинг барча ишларини бошқариб турувчи, бутун махлуқотини Ўз неъматлари билан, Ўз дўстларини эса иймон ва солиҳ амаллар билан тарбия қилувчи Зотдир.

 الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ (3)

3. «Ар-Роҳман» — раҳмати-меҳрибонлиги бутун махлуқотга етадиган бепоён раҳмат соҳиби, «ар-Роҳийм» эса мўминларни хос раҳмат қилувчи Зот деган маънода бўлиб, бу иккиси Аллоҳ таолонинг исмларидандир.

 مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ (4)

4. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ёлғиз Ўзи қиёмат кунининг эгасидир. Қиёмат куни амалларга жазо ва мукофот бериладиган кундир. Мусулмон киши намозларининг ҳар бир ракаатида бу оятни ўқийдики, унда охират кунини эслатиш, у кунга солиҳ амаллар ҳамда ёмонлик ва гуноҳлардан тийилиш билан ҳозирлик кўришга ундов бордир.

 إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ (5)

5. Биз ибодатни фақат Сенга хослаймиз ва барча ишларимизда фақат Сендан ёрдам сўраймиз. Зеро барча ишлар Сенинг қўлингда, бошқа ҳеч ким улардан бир заррачасига ҳам эга эмас.

Бу оятда банда дуо қилиш, мадад сўраш, қон чиқариш, тавоф қилиш каби ибодатлардан ҳеч бир турини Аллоҳдан ўзгасига буриб юбориши жоиз эмаслигига далил бор. Яна унда қалблар учун Аллоҳдан ўзгасига боғланиш иллатидан, шунингдек, риё, манманлик ва кибр дардларидан шифо бор.

 اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ (6)

6. Бизларни Тўғри Йўлга йўлла, етакла ва муваффақ қил, ўлгунимизча ўша йўлда собитқадам қил.

Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига элтувчи бу ёруғ йўл Исломдир, унга пайғамбар ва расулларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлладилар, банданинг саодати фақат шу йўлда устувор туриш билан ҳосил бўлади.

 صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلا الضَّالِّينَ (7)

7. Ўз инъом-эҳсонингга мушарраф этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг йўлига йўллагин, ана ўшалар ҳидоят ва тўғрилик эгаларидир. Бизларни ғазабга дучор бўлганлар — ҳақни била туриб, унга амал қилмаган яҳудлар ва уларга ўхшаганлар йўлига йўлланадиган кимсалардан қилмагин. Шунингдек, ҳақ йўлдан адашганлар — жоҳилликлари туфайли ҳидоят йўлидан адашиб кетган насронийлар ва уларга эргашганлар йўлига йўлланадиган кимсалардан қилмагин.

Бу дуода мусулмон кишининг дилига жаҳолат, ҳақни инкор қилиш, тўғри йўлдан тойилиш касаллигидан шифо бор ва мутлақ энг буюк неъмат Ислом неъмати эканига далил бор. Бинобарин, ким ҳақни билувчироқ ва унга эргашувчироқ бўлса, ўша одам Тўғри Йўлга лойиқроқдир. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари пайғамбарлардан сўнг ушбу йўлга энг лойиқроқ инсонлардир. Ояти карима уларнинг фазлига ва мақомларининг нақадар олий эканига далил бўлади, барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

Намозда ушбу сурани ўқигандан сўнг «Омийн» дейиш мустаҳабдир, маъноси «Эй Аллоҳ, ижобат қилгин», демакдир. «Омийн» уламолар иттифоқига кўра, «Фотиҳа» сурасидан бир оят эмас, шунинг учун уни Мусҳафда ёзилмаслигига иттифоқ қилганлар.

معلومات المادة باللغة العربية